Қуръон инсонларни меҳр-шафқатли бўлишга ундайди
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Ислом дини барча самовий динлари қатори Аллоҳ субханаҳу ва таоло тарафидан юборилган муваддас диндир. Қуръони Карим эса ўз бандаларига юборган охирги китобидир. Исломда Аллоҳ таоло ўз бандаларининг бир-бирига ва атроф муҳитга қандай муомала ва муносабатда булишини аник, равшан кўрсатиб берган.
Қуръон инсонни ўз ҳаётлик даврида доимо меҳр-мурувватли бўлишга ундайди. Ҳатто киши уй хайвонларига нисбатан ҳам меҳрсиз бўлиши мумкин эмас. Масалан уйда мол, қўй ёки бирор бир паррандани сўйиш лозим бўлиб қолди. Хўш, бунда инсон кандай йўл тутмоғи керак? Мехр-шафқатни ана шу лаҳзаларда хам унутмаслик лозим. Сўйиладиган жонлиқнинг кўз олдида пичоқни кайрамаслик, ёки қўпол ҳаракатлар қилиб уни суйишга тайёрламаслик шарт.
Чунки у ҳам Аллохнинг маҳлуқи. Фақат тили йўқ. Қуръони Карим инсондан атроф муҳитга ҳам ўта даражада меҳр билан муносабатда бўлишга чақиради.
Инсон Аллохнинг ердаги халифаси (элчиси) дир. Шундай экан, заминдаги барча нарсалар анашу олий махлуқ — инсон учун яратилган. Буни унутмаслик лозим.
Ислом кишиларни бир-бирига нисбатан мехр-шафкатли бўлишга чақриш билан бирга, уларнинг динидан, миллатидан қатъий назар ўзаро ҳурмату иззат кўрсатишга ҳам ундайди.
Ривоят қилишларича, кунларнинг бирида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалом ўз сахобалари билан ўтирганларида бир тўда кишилар тобут кўтариб ўтадилар. У зоту бобаракот марҳумнинг ҳурмати учун ўринларидан туридилар. Шунда саҳобалардан бири: «Ё Расулуллоҳ ахир бу яҳудий, мусулмонларнинг душмани-ку?» — деди. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалом ўша саҳобага қараб: «У ҳам инсон», дея жавоб қилдилар. Шу воқеадан кейин барча саҳобалар ғайри динларга нисбатан янада хушмуомалалик билан муносабатда бўлдилар.
Яна бир ривоятда таъкидланишича, ўз одамийлиги билан донғи таратган Умар ибн Ҳаттоб кекса яҳудийни учратиб колиб, ундан: «Сен кимсан?» — дея суради. Ундан тегишли жавоб олгач: «Биз сизни қаровсиз, оч-наҳор қолдирмаймиз», деб унга ўз подшолиги ғазнасидан тегишли миқдорда нафақа тайинлатдилар.
Ислом Аллоҳ таоло тарафидан буткул инсоният учун дин сифатида кишилар жамиятига туширилганидан буён неча минг йиллар ўтсада унинг шакл-шамоили ўзгаргани йуқ. Аксинча ер юзида яшаётган инсонларнинг фели, хулқи атвори ўзгариб кетди. Аксарият инсонлар бугун ўз дини нима эканлигини, мукаддас Қуръони Каримда нималарга даъват килинганлиги ҳакида ҳеч нарса билишмайди. Бугун ижтимоий ҳаётимизда бошимизга тушаётган ташвйшларнинг асл илдизи этиқодимиз сустлашиб, мехр-мурувватсиз бўлиб қолганлигимиз сабабидандир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло, инсоният учун энг муҳим бўлган қадриятларидан меҳр-мурувват, инсонпарварлик йўли бу дунёда барча миллат ва халқлар учун очиқ ином неъматидир. Нафақат Ислом дини аввалги барча самовий динларнинг бирортасида ҳам Аллоҳ таолонинг ҳидоят йўли рад қилинмайди. Дунё тарақкиёти қай йўсинда боришидан катъий назар, меҳр-шафқат, ўзаро тотувликлар хаётнинг асоси бўлиб қолаверади.
Дунё халқлари, қолаверса мусулмон миллатлари, айниқса бугунги кунда зиддиятлар исканжасида қолган ислом давлатлари, икки халқ, бир миллат бўлиб яшаётган давлатларни ўзаро тинчлик ва тотувликда хаёт кечиришликни Яратганинг ўзи таъмин қилсин.
Шарофуддин домла МУСАБОЕВ
Андижон шахар
“Абу Ҳурайра” жоме масжиди имом-хатиби