Қуръони Карим фазилати

Ҳақ билан ноҳақни ажратувчи, ҳалол билан ҳаромни англатувчи, инсониятнинг мукаммал мавжудот эканлигига далолат қиладиган китобни яратган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Бизларни ҳидоятимизга сабабчи бўлган Аллоҳ таолонинг ҳабиби, бани Одамнинг афзали Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламга бениҳоя дуруду саловотлар бўлсин. Қуръони каримни эшитиб дарҳол иймон келтирган Уммати Муҳаммадни Худои таборак ва таоло Ўз рушду ҳидоятида собит қадам айласин.
Аллоҳ таолонинг калом деган сифати бор, яъни сўзловчи. Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолони сўзлашлиги биз бандалардек эмас. Бу сифати  аввалдан бор бўлиб, доимо бўлган сифатидир. Аллоҳ таолонинг калом сифатида на ҳарф бор ва на овоз бор. Ҳақ таолонинг сўзлашлиги бевоситадир, яъни биз каби бир аъзо билан эмас, яъни тил, тиш ва овоз билан эмас. Аллоҳ таоло бу нарсалардан пок зотдир.
“Аллоҳ таолонинг ўхшашидек бирор нарса йўқдир. У эшитувчи ва кўрувчи Зотдир”. (Шуро сураси 11-оят)
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламга Қуръони карим 23 йил мобайнида оят-оят қилиб бўлиб-бўлиб туширилгандир. Қуръони карим нозил бўлаётганида на ҳарф бор эди, на овоз. Аллоҳ таоло уни Жаброил а.с.га нақл қилди, ундан кейин эса Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламга ҳарф ва садо билан келди. Ва бизларга ҳам шу тарзда етиб келди. Ҳарфли, товушли бўлган нарса – табиийки махлуқдир, чунки ҳарф ва товуш бу махлуқдир, яъни яралгандир. Товушсиз ва ҳарфсиз бўлган Аллоҳ таолонинг Каломи эса махлуқ эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримни бизларга ҳидоят манбаи қилиб берган. У муборак китоб инсон умрининг таваллуд босқичидан тортиб, то поёнига қадар келиб чиқадиган барча эҳтиёжларига жавоб берувчи, мавжуд муаммоларнинг адолатли ва муфассал ҳал қилинишига йўл кўрсатувчи, ҳар замон ва ҳар маконда дастурул амал бўлгувчи ягона илоҳий китобдир. Қуръони карим Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламга Худои таборак ва таоло томонидан ато этилган мўъжизаларнинг энг буюги бўлиши билан бирга, уни ўқиб, сўнгра уқиб, унга амал қилганларни икки дунё саодатига етакловчи манбадир. Унда ҳалол билан ҳаром, ҳақ билан ноҳақ очиқ-равшан баён этилиб, Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек:
“Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир” (Бақара сураси  2-оят)
Бошқа оятларда Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръони карим) тўқиб чиқарилган сўз эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни илоҳий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир китобдир)”. -дея марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам: “Қуръони каримнинг бошқа сўзлардан афзаллиги худди Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотидан устунлиги кабидир”.
Мана шу ҳадис Қуръони каримнинг фазилатини англашлик учун, буюк неъматлигини тушуниш учун етарлидир. Қуръони каримнинг фазилати шунчалик кўпки, уни ёзиб ёки айтиб адоғига етиб бўлмайди. Бу муқаддас китоб сизни дунёу охиратингизни бахтли қилади. Бу дунёдаги барча мушкулингизни осон қилади. Мана масалан, “Фотиҳа” сураси ҳамма дард ва жодуга даво. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилишларича “Фотиҳа сеҳрланишга қарши шифодир” дейилган. Айниқса, Байҳақийнинг Абдулмалик бин Умайрдан қилинган нақлида эса: “Фотиҳа ҳамма дардга шифодир” деб марҳамат этилган. Албатта бу сураи муборакни ҳар бир инсон тўла иймон ила, жуда қаттиқ ихлос ила ўқиса, ўша қийналаётган ишларидан холи бўлади.
“Фазоил ул Қуръон” китобида шундай нақл қилинади: Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилдилар: “Ҳар ким ўз манзилига кирганда “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқисин. Худойи таоло у ердан камбағалликни кетказади ва хайру баракаларни кўпайтиради”. Ва яна айтиладики, “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқиб ўзига дам солиб ухлаган одам барча бало-офатлардан омонда бўлади. Ҳазрати Жаброил а.с. дедилар: “Фотиҳа” сураси ўқилса, унинг еттита ояти Дўзахнинг етти забония (азобловчи фариштаси)га тўсиқ бўлади, сурани ўқиган одам дўзах олдидан эсон-омон ўтади. Агар сураи карима ўқилиб сувга дам солинса ва бу сув иситмаси бор одамга сепилса, иситмасини кетказади. Кимики мазкур “Фотиҳа” сурасини бомдод намозининг суннат ва фарзи орасида 41 маротаба ўқиб касалга дам солса, хаста албатта шифо топади. “Фотиҳа” сураси илон чаққанлар учун заҳарни кесадиган беқиёс даводир.
“Сизлар Қуръони азимушшаънни кўп ўқинглар. Қуръони карим ажойиботларидан кўп насибангизни ҳам олгайсизлар ва Жаннатда даражаларга ноил бўлгайсизлар”. Ва яна бошқа бир ҳадисда марҳамат қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Дарҳақиқат, қалблар ҳам темир занглаганидек занглаб қолади”, сўрадилар: - Эй Аллоҳнинг Расули, унинг кетказувчиси нима? “Қуръон тиловати ва ўлимни эслаш”- деб марҳамат қилдилар.
Амр ибн Осс р.а. айтадилар:“Қуръондаги ҳар бир оят жаннатда бир даража ва хонадонингизда чироқ бўлади”. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: “Қуръон тиловат қилинган хонадон аҳли учун кенг бўлиб, хайриётлар кўпайиб, фаришталар у ерда ҳозир бўладилар ва шайтонлар у ердан чиқиб кетадилар. Аллоҳнинг китоби тиловат қилинмайдиган хонадон эса аҳли учун тор, хайриётсиз, фаришталар ундан чиқиб кетиб, шайтонлар эса ҳозир бўладиган макон бўлади”. Суфён Саврий айтадилар: “Киши қачон Қуръон ўқиганида фаришта унинг иккала кўзи ўртасидан ўпади”. Али к.в. айтадилар: “Уч нарса хотирани зиёда қилиб, балғамни кетказади: мисвок, рўза ва Қуръони каримни ўқиш”.
Муҳтарам азизлар, биз шундай туганмас бир хазинага эга бўлиб турибмизки, буни йўқотиб қўйишлигимиз ачинарли ҳолдир. Худога беҳисоб шукроналаримиз бўлсинки, мана ҳар йили жаннатмакон юртимизда Рамазон ойида барча масжидларда хатми Қуръонлар ўтказилаяпти ушбу хатми Қуръонларда юртимизда етишиб чиққан мураттаб ва мужаввид қориларимиз Аллоҳнинг каломини сизу-бизларга чиройли ва гўзал тарзда ўқиб беришмоқда. Барчаларимиз Қуръони каримни муҳаббат билан эшитиб улкан ажрга яъни Қуръонни хатм қилганни савобига эришамиз иншааллоҳ, энди шу савобларимизни ювилиб кетишига йўл қўймайлик. Чунки бу дунё ҳаётида инсон еб-ичмоқ, кийиниб ясанмоқ эҳтиёжи, уйланмоқ, бола-чақа қилмоқ эҳтиёжи сингари битмас-туганмас муаммолар қаршисида қолиб кетади. Табиийки, ҳаром нарсалар ва гуноҳ ишлар инсоннинг инсонлигини ҳам йўқ қилади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон топган-тутгани, еяётган луқмаси ҳалолми йўқми эканлигига яхши диққат қилмоғи ва гуноҳ маъсиятлардан сақланмоғи лозим. Акс ҳолда ҳаром йўллар билан топилган мол дунё, гуноҳ ишлар ҳаётининг ҳар бир саҳифаси учун инсонга бир заҳар ва фалокат бўлишига асло шубҳа йўқ. Инсон ҳалол нарсаларни билиб олиши зарур, шу билан бирга ҳаром нарсаларни ҳам билмоғи керак. Чунки ҳаром амаллар ва таомлар ҳам бошдан охир ўрганилиши лозим бўлган бир илмдир. Аммо ҳалол билан ҳаромни билмаса, ажратолмаса, ҳақ билан ноҳақни фарқлай олмаса, уни жоҳил дейишликдан бошқа бир гап қолмайди.
Расулуллоҳ с.а.в. ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилади:
“Жаннат даражаларининг адади Қуръон оятларининг ададичадир. Ва Қуръон аҳлидан кимики Жаннатга кирса, ундан юқорида бошқа даража бўлмагай!”
Азиз биродарлар, эътибор беринг! Жаннат даражалари Қуръони карим оятлари саноғича экан! Аҳли Қуръондан кимики Жаннатга кирса, яъни Каломуллоҳни муҳаббат билан ўқиган ва эшитган зотлар жаннату ризвонга кирса, ундан юқорида даража бўлмагай! Энг юқори мақом аҳли Қуръонга хосдир..
Эй Парвардигори олам, бизларни Қуръони карим ҳурматидан марҳаматингга олгин. Каломингни баракотидан жаннатмакон юртимизга ўз раҳматларингни ёғдиргин, Уни биз учун йўл бошловчи, нур, ҳидоят ва раҳмат қилгин. Эй Аллоҳим, Қуръондан унутганларимизни бизга эслатгин. Ундан билмаганларимизни бизларга билдиргин. Кеча-ю кундуз унинг тиловати билан бизларни ризқлантиргин. Эй оламлар Роббиси, у Қуръонни эрта қиёматда бизларнинг фойдамизга ҳужжат қилгин.

 

 

Хонобод шаҳар бош имом хатиби:  М.Рахимов