Тарихий хотирасиз келажак йўқ
«Ҳар қайси халқ миллий қадриятларини ўз мақсад муддаолари, шу билан бирга, умумбашарий тараққиёт ютуқлари асосида ривожлантириб, маънавий дунёсини юксалтириб боришга интилар экан, бу борада тарихий хотира масаласи алоҳида аҳамият касб этади». И.Каримов
Аллоҳга шукр жаннатмакон юртимиз дунё хавас қиладилан даражада гўзал ўлка. Осмони ғуборсиз, мусаффо, сувлари зилол, халқи бир-бирига мехр-оқибатли. Энг асосийси бу юрт дунёга донғи кетган улуғ олим ва фозилларга, ватан тинчлиги, миллат шаъни, оила ор-номуси учун ўз жонини фидо қилган мардларга бешик, илму маърифатга эшик бўлган. Бизлар ҳар вақт, ҳар лаҳзада уларни хотирлаб ёдга оламиз.
Юртимизда анъанавий тарзда нишонланадиган, алоҳида эътибор қаратиб қарши олинадиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш” кунидир. Бу кунда биз нафақат иккинчи жахон уришида, балки истиқлолимиз бардавом бўлишлиги учун хизмат қилган ака укаларимиз, ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги, фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида, инсон учун энг азиз неъмат хисобланмиш, бебахо умрларини фидо этган, кўксини ёв ўқига қалқон қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи, мард ва жасур юртдошларимизни хотиралаймиз. Биз ўтганларни бу кунда, айни 9-майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни хотирлаб ёдга оламиз. Уларнинг хаёт йўлларини ўрганиб, улардан ўрнак оламиз ва фарзандларимизга уларнинг ватанга бўлган мухаббатларини, садоқатларини намуна қилиб кўрсатамиз.
Аждодлар хотирасини ёд этиб, уларга юксак хурмат кўрсатиш, эзгу ишларни амалга ошириш - халқимизнинг асосий қадрятлари – улуғ фазилатларидан саналади. Муқаддас Ислом динимиз биз мўмин-мусулмонларни ибодатга чорлаб, солиҳ амаллар қилишга буюрар экан, ўз навбатида ана шу амалларимизнинг савобларидан ўтганларнинг рухларига ҳадя қилиш ҳам мумкин эканлигини таълим беради. Зеро, вафот этган мўмин-мусулмонларни хотирлаб, уларнинг ҳақига дуои истиғфор айтиш тирикларнинг бурчидир.
Қуръони Каримда: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан! » -деб мархамат қилган. (Хашр сураси, 10-оят)
Ушбу оят вафот этган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг 9 май - «Хотира ва Қадрлаш куни» сифатида ҳар йили кенг нишонланмоқда. Бу кун нафақат элимиз, юртимиз келажаги йўлида қурбон бўлганларни хотирлаш, балки халқ фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилган табаррук ёшдаги оталаримиз ва оналаримизга ҳам чексиз иззат ва эҳтиром кўрсатиш айёмидир. Динимизда бу улуғ қадрият, савобли амал сифатида асрларки, яшаб келмоқда. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам «Бу дунёдан ўтганларингизни яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар!» - деганлар.
Шундай экан ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб. доимо уларнинг хаёт тарзларини, ватан тинчлиги, юрт равнақи, миллат шаъни, оила ор-номуси учун ўз жонини душман ўқига қалқон қилганликларини фарзандларимизга ўрнак қилиб айтмоғмиз, уларни ватанига, миллатига, оиласига содиқ қилиб тарбия қилмоғмиз шарт. Бу бизларнинг юртимиз олдидаги ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир.
Хўжаобод туман бош имом хатиби: М.Қосимов.