Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-аёллари билан муомалалари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли-аёллари билан муомалалари: Аёли билан сайр қилиш: ―Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар кеч кирса Оиша розияллоҳу анҳо билан суҳбатлашиб сайр қилар эди». Бухорий ривояти.
Уй ишларида ёрдам беришлик: ― Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйида нима қилишлари ҳақида сўралганида: «Аҳлининг меҳнатида (машғулотларида) бўлар эди» дедилар. Бухорий ривояти.
Муҳаббатини изҳор қилишлик: ― Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадича онамиз ҳақида айтиб, «Менга Уни (яъни Хадича розияллоҳу анҳо)нинг муҳаббати берилди» дедилар. Муслим ривояти.
Аёлининг чиройи, гўзаллигига назар солишлик: ― Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мўмин бирор мўмина аёлни ёмон кўрмасин, уни бир хулқини ёмон кўрса, бошқа бир хулқидан рози бўлади (яхши кўради)» дедилар. Муслим ривояти.
Аёлини урмаслик: ―Оиша онамиз айтади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон бирорта аёлини урмаганлар" Насоий ривояти. Йиғлаган вақтда кўнглини олиб, ҳамдардлик қилиш: ―София розияллоҳу анҳо бир куни «Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда эди, ўша кун София онамизни навбати эди, маркаби юришда секинлаб қолди ва Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганида, сиз мени суст-секин юрадиган туяга миндирдингиз деб йиғлаганида Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан кўз ёшларини артиб тинчлантирар ҳотиржам қилар эди». Насоий ривояти.
Аёлининг оғзига луқма солишлик: ― Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирор нарсани инфоқ қилиб Аллоҳнинг розилигини талаб қилсанг, савобга эришасан. Ҳаттоки, хотинингнинг оғзига солган луқмангга ҳам савоб оласан» дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Аёли билан мусобақа ўйнашлик: ―Оиша онамиздан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Келинг (кимўзиш) мусобақа ўйнаймиз деди, мусобақа ўйнадик ва мен ўзиб кетдим, сўнг Мен семириб, оғирлашиб қолгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзиб кетдилар ва кулди-да, бу ўшани ўрнигадир» дедилар (яъни Оиша розияллоҳу анҳони ўзиб кетганлигини назарда тутиб). Абу Довуд ривояти.
Андижон вилояти Мархамат туманидаги "Бозор боши" жомеъ масжиди имом-хатиби: О. Расулов