Имоми Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб тадбири


Бир куни Абу Ҳанифа (р.а.) олдиларига бир аёл келиб:  - Сиз икки йил олдин мен билан эрим орамизни никоҳлаб қўйган эдингиз. Энди эса ажраштириб қўйинг. У билан бошқа яшашни хоҳламайман” – деди.

- Ажрашни хоҳлашингга нима сабаб бўлди? – қизиқиб сўрадилар Абу Ҳанифа (р.а.)
Аёл: Ҳамманинг эри ўз вақтида уйга қайтади, меники эса ишда ҳар доим ушланиб қолади. Шуни деб бахслашсам, уйда ҳар сафар жанжал – деб тушунтирди.
Абу Ҳанифа (р.а.) ҳайрон бўлиб, сўрадилар: Сабаб фақат шу-ми!?
– Ха ,  мен бундай камчилиги бор киши билан яшашни хоҳламайман! – деб жавоб берди аёл.
Абу Ҳанифа (р.а.): “Майли, бироқ бир шарт билан ажратишим мумкин.  Уйга қайтиб боргин-да, катта ширин нон ёпиб, менга келтир. Аммо уйингдаги ҳеч қайси нарсадан нон тайёрлаш учун фойдаланмагин. Ун, туз ҳатто сувни ҳам қўшниларингдан сўра ва албатта уларга  нима сабабдан сўраётганингни ҳам тушунтиргин,” - дедилар.
Аёл уйига қайтибоқ, ҳеч нарсага чалғимасдан шу ишга киришиб кетди. Қўшниси олдига чиқиб, айтди:
– Эй, Марям, менга бир косада сув берсанг.
– Нима сизларда сув тугаб қолдими? Ахир сизларникида қудуқ бор эди-ку.
– Сув бор, лекин мен Имомни олдига эримдан шикоят қилиб, ҳамда орамизни ажратишни сўраб борганимда бир шарт берганди, деб ҳолатни тушунтирди. Аёл гапини тугатиши билан қўшни хўрсиниб:
– Эҳ сен менинг эрим қанақалигини билганингда эди! – деб ўз дардини айтишни бошлади. Шундан сўнг аёл Осиё исмли қўшниси олдига бориб, туз сўради.
– Фақат бир қошиқ сўраяпсан, нима уйингизда туз тамом бўлдими?
– Туз бор, бироқ мен эримдан арз қилиб,  Имомни олдига орамизни ажратишни сўраб борганим-да,  – деб аёл гапини тугатмасидан, қўшниси:
– Эҳ-е, сен менинг эрим қандай эканлигини билганингда эди, - деб эридан нолишни бошлади.
Аёл бирон нарса сўраб қайси қўшнисининг олдига кирмасин, ҳаммаси ўз эридан шикоят қиларди. Ниҳоят, у иккита ширин нон ёпиб Имом Абу Ҳанифа (р.а.) га келтириб бериб,
– Сизга раҳмат, менинг меҳнатимдан ҳосил бўлган нондан оилангиз билан танаввул қилинг. Лекин мени турмуш ўртоғим  билан ажратишни ўйламанг, дебди.
– Нима сабабдан, қизим, – деб сўрабдилар Абу Ҳанифа (р.а.)
– Менинг умр йўлдошим ҳамма қўшниларимнинг эрларидан яхши экан, - деб аёл ҳурсанд бўлиб жавоб қайтарди. 

Хўжаобод туман  бош имом хатиби: М Қосимов