Ўғил орзу-ҳавас учунми?

Ўғлининг никоҳ тўйида, маросим юмушлари билан банд бўлган онанинг ҳаяжонли кўзлари билан қиз томондан келаётган куёв мазарга кўзи тушди. Келин томондан келаётган мазар ва сарполар ким ўзарга қилинмаган, дабдабасиз, содда эди.

Шунда, мазарни улашаётган бир опахон мазарнинг камини, сарполарнинг соддаларини санаб кетди. Мен эса хавотирланиб онага назар ташладим. Аммо она ҳеч бу ишлардан ҳафа эмаслиги, борига шукр айтиб, ҳаммани ҳайронда қолдирди.  “Кимдир бир буюмга 100 сўм сарфлаб,  яна кимдир ўша нарсага 1000 сўм сарфлаб ўзича хурсанд бўлади. Мен борига ҳам хурсанд бўлавераман. Фарзандимни бахти буюмда эмас” – деб, яна жилмайиб, “Тўғри-ми овсинжон?” –деди. Албатта овсин ҳам гапларини маъқуллаб турди. Онанинг бу гапларидан тўлқинланиб, Аллоҳга шукр айтиб, шундай оналаримиз борлигидан хурсанд бўлдим. Аммо кўп ерларда бунинг аксини кўриб, одамларга нима бўляпти деган ҳаёлга борамиз. Кейинги йилларда тўй олди-бердилари, уларнинг сони ва қиймати кўп муҳокама қилинмоқда. Афсуски    сўнги пайтларда эркакларимиз тўй-ҳашам масалалари, келин-куёвнинг муаммоларини ҳал этишда тизгинни кўпроқ аёллар қўлига бериб қўйганлиги боис, айрим қайноналар келин томонга уялмай, ориятларини четга суриб қўйиб, солиқ солмоқдалар. Масалан: Тўйдан сўнг куёвтўранинг туғилган кунига қиз томондан мазар ва бошқа сарполар, совға-саломлар берилиши юзага келган эди, лекин шунга ҳам қаноат қилмай “Ўғил ўстирган оначи?” дейдиган оналар жуда кўплаб учраб турибди.  Бундай оналаримиз йиғинларда ўтириб олиб “Қудам бу рўмолни қилди, анабу кўйлакни кийдириб қўйди” – деб, жар солиб ўтиришганига гувоҳ бўламиз ҳам. Агар нега бундай ишларга йўл қўйяпсиз, қилма десангиз бўлмайдими?, деб савол берсак. Аллоҳдан қўрқмай, “Қилиш керак, ўғилни ўстириб қўйдик” – деб,  яна ўзининг ҳақлигини исботлашга уринадиганлар учраб турибди.
Аллоҳ таоло: Қуръони каримда “Қариндошга, мискин ва йўловчига ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро, 26) деб огоҳлантирмоқда.
Меъёр ҳақида унутиб қўяётган оналаримиз, ўғилларини бундай ишлардан кейин беор, нотовон ва риёкор кўринишда тарбия топишларига сабабчи бўлиб  қолаётганларига ҳеч шубҳа қолмайди. Ундай ўғиллар куни келганда, ўзларининг қарзларини узишлари учун аёлининг қариндошларидан фойдаланаётганларини ҳам кўриб турибмиз. Демак, “Ўғил ўстирган орзу-ҳавас кўрмайдими?” дейдиган оналаримиз ўз ўғилларини турли муаммолар гирдобига киргизиб қўймоқдалар, бу эса  ҳозирда  долзарб муаммо бўлиб бормоқда. Орзу-ҳавасни деб, исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани ва охир-оқибат риёкор, қудасининг ошисиз ҳам умри ўтишини билмайдиган беандиша, ориятсиз қудалар, бунинг натижасида эса инсонийликка хос бўлмаган аянчли холатлар вужудга келмоқда. Ёшларни ўзлари меҳнатлари эвазига ҳаёт кечиришларини ўргатиш ўрнига, баъзи қайноналарнинг Аллоҳ қоралаган, юқорида айтиб ўтилган  амалларни ҳам урф-одатга айлантирмоқдалар. Ана шундай урф-одатга, орзу-ҳавасга мубтало бўлган баъзи оналаримиз ўз фикрларини бошқа тўй тараддудида юрган оналаримизга сингдиришга уринаётган ва бунинг оқибатида меъёрни унутиб қўяётган оналаримизнинг сони кундан-кун кўпайиб бораётганлигини ҳам гувоҳи бўлиб турибмиз. Хўп, она йигитни катта қилар экан аввало ўзидан ворис, зурриёт қолиши учун катта қилмайдими?  Оилага ўғил фарзанд кераклигида зурриёт деб ният қиладию, аммо келин келиш арафасида орзу-ҳавас деб, батамом ўзгариб қоладилар.
Наҳотки, Қуръони каримда ҳам, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларида, ҳадисларида исрофгарчилик қораланганини, одат, расм-русмлар, ҳеч қандай тамойиллар бўртирилмаслигини, манманлик, дабдабабозлик нохуш иллатларга олиб келишини билишмаса?!

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллигидаги
хотин-қизлар бўлими масъул котибаси:     Мамадалиева Муқаддасхон