Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиш

Одам зурриёди бўлган инсониятнинг барча халқларга Аллоҳ ўзининг неъматларига шукур қилишлик таълимини берган, Роббимизга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг неъматларига шукуроноалик фазилати ила хулқланган ва бу фазилатни бутун умматларига ўргатган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар бўлсин.

Яратган мавжудодлар ичида фақатгина инсон таифасигагина вожиб бўлган амал шукурдир, бу олий неъматдаги амал қалбнинг шукр қилишидир. Қалбни шукри – банда барча неъматларни фақаигина Аллоҳдан эканлигини билишидир. Ер ва осмон аҳларига бериладиган неъматларнинг барчаси Аллоҳдандир.

Бу борада Аллоҳ субханаҳу ва таоло ўзи шундай «Осмонлардаги ва Ердаги барча нарсалар Унинг мулкидир. Дин (итоат қилиш) Унгагина (бўлиши) вожибдир. Аллоҳдан ўзгасидан қўрқасизми?!»  -дейди Наҳл сураси 53 - оят.  

            Мўмин банда – Аллоҳ берган неъматларни қалбида тасаввур қилиб, аъзоларида уни зоҳир қилиб унутмаслиги лозим бўлади. Роббимизнинг гўзал исмларидан бири “аш-Шакур” яъни кўп шукр қилувчи бўлиб, У Зот қилинган битта яхшиликка ўнтадан етти юз баробаргача, ҳаттоки ундан кўпроқ ҳам савоб беради. Демак, биринчи шукрга ҳақли бўлган зот Роббимиздир.  

             «Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!» Бақара сураси 172 - оят.

Сўнгра бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ва ўзларини хайрли дуолари билан бизларни шу мақомларга эришишимизга ҳаракат қилган ота-оналаримиздир.

 Шундай экан Аллоҳ таоло шундай «Биз инсонга ота онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир» -дейди. Луқмон сураси 14 - оят.

              Кейин атрофимиздаги инсонларга шукр қилишимиздир. Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга шукр қила олмайди. Агар бизларга кимдир яхшилик қилса, унга шукр қилиб уни муқобилида бирор ҳадя, дуо ёки мақтов айтишимиз керак. Шунингдек инсонларга яхшиликни раво кўриб, неъмат аҳлларига ҳасад қилмаслигимиз бизда яхшиликни бардавом бўлишига сабаб бўлади. Берилган неъматларни гапириш тилнинг шукридир. Бу борада Роббимиз марҳамат қилади. «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» Зуҳо сураси 11 – оят.

Нўъмон ибн Башир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким озга шукр қилмаса, кўпга шукр қила олмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳга шукр қила олмайди. Неъматларни гапириш шукрдир.” Аъзоларимиздаги шукр эса, амал қилишимиздир.

Улар (Сулаймонга мисдан у) хоҳлаган нарсаларни меҳроблар (ибодатхоналар), тимсоллар (ҳайкаллар, суратлар), ҳовузлар каби (катта)лаганлар ва (ўчоқларга) ўрнашувчи қозонларни ясаб берурлар. «(Эй) Довуд оиласи! (бу неъматларнинг) шукронаси учун амал (ибодат) қилингиз! Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир». Сабаъ сураси 13 – оят.

             Шунинг учун Расулимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадамлари ёрилиб кетгунча ибодат қилганларида “Эй Росулуллоҳ, барча гуноҳларингиз кечирилган бўлса ҳам шундай қиласизми?” дейилганда “шукр қилувчи банда бўлмайинми?”, деб жавоб бердилар.

Абу Ҳарун дедилар: Абу Ҳозим олдиларига кириб у кишига: Аллоҳ сизни ўз рахматига олсин, икки кўзнинг шукри нима?, дедим. У киши: “У иккиси билан яхшиликни кўрсанг ёдга оласан, агар ёмонликни кўрсанг беркитасан”, дедилар. “Икки қулоқнинг шукри нима?”, дедим. У киши: “У иккиси билан яхшиликни эшитсанг ёдлаб оласан, ёмонликни эшитсанг унутасан” дедилар. “Икки қўлнинг шукри нима?”, дедим. У киши: “Иккисига таъаллуқли бўлмаган нарсани олмайсан  ва уларга таъаллуқли бўлган нарсаларни беришдан ман қилмайсан”, дедилар. Қориннинг шукри нима?, дедим. У киши: “Аллоҳ айтади:

           «Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар.»   Мўминун сураси 5 – 7 – оятлар. дедилар.

(Собирлар ваъдаси китобидан.)

Довуд (алайҳи салом) дедилар: “Эй Роббим, сенга қандай шукр қиламан? Сенга бўлган шукрим сендан берилган неъматдир.” Шунда Аллоҳ унга ваҳий қилди: “Энди менга шукр қилдинг”, шунинг учун “шукр қилишдан ожиз қолишни билишлик – шукрдир”, дейилган.

Берилган неъматларга шукр қилувчиларга ўз неъматини зиёда қилишни Аллоҳ ваъда бериб айтади:

Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир. Иброҳим сураси 7 – оят.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) га бирор хурсандчилик иш бўлса ёки хабар беришса Аллоҳга шукр қилиб сажда қилар эдилар.

Ҳикматли зотлардан бири дедилар: “Ким тўрт нарсани қилса, тўрт нарсадан ман қилинмайди: ким шукр қилса, зиёда бўлишдан тўсилмайди, ким тавба қилса, қабул бўлишдан тўсилмайди, ким истихора намозини ўқиса, танлашдан тўсилмайди, ким машварат яъни маслаҳат қилса, савобдан тўсилмайди”. Усмон (розияллоҳу анҳу) бир қавмни жазолаш учун чақирдилар. Усмон (розияллоҳу анҳу) келмасдан олдин улар тарқаб кетдилар. Шунда қўлларида бирорта мусулмонни айбини очиш содир бўлмагани учун Аллоҳга шукр қилиб, бир қулни озод қилдилар.

Айтиладики: Агар қўлинг мукофот беришдан калталик қилса, тилингни шукр айтиш билан узун қил.

Ҳаким (роҳматуллоҳи алайҳи) дедилар: Шукр қилиш уч босқич:

Биринчиси – қалбнинг  яшириши,

Иккинчиси– тилни ёйиши,

Учинчиси – қўлни  мукофатлаши яъни қалб билан неъмат эътироф этилади, тил билан неъмат ошкора қилинади. Қўл билан неъматга жавоб қилинади.

Ибн Саммак (роҳматуллоҳи алайҳи) дедилар:  Неъмат Аллоҳдан бандасига берилган номаълум нарса бўлиб, уни йўқотиш билан билинади.

Эй Аллоҳим, сени ёд олишимизга, неъматларингга шукр қилишимизга ва ибодатларингни гўзал суратда адо этишимизга ёрдам бер. 

     

 

Хайруллоҳ  СУЛАЙМОНОВ

 Андижон шахар

«Пистамозор» жоме масжиди имом хатиби