Ислом мутаассибликни қоралайди

Мутаассиблик – ўз фикр-мулоҳаза ва дунёқараши тўғрилигига ўта қаттиқ ишониб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш демакдир. Мутаассибликка йўлиққан шахс ёки гуруҳлар жамиятда беқарорликни вужудга келтиришга уринадилар.

У жамият, халқ, қолаверса, бир дин вакиллари орасида ҳурматсизлик, келишмовчилик, ўзаро адоват ва фирқачилик каби салбий омилларни келтириб чиқариши билан ҳам ўта хавфли хусусият касб этади. Зеро, мазкур иллатлар ҳар бир дин ва миллат келажагига тўсқинлик қилиш ва беқарорликни келтириб чиқариш учун етарли хавф-хатарга сабаб бўла олади.
Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради. Демак, бир фикрда қаттиқ туриб олиш ва уни бошқаларга мажбуран сингдириш шариат ман қилинган ишдир.
Баъзи мусулмонлар ислом ҳукмларини тушунишда мутаассибона қарашларни ёқлаб, диний қарашларни тушуниш ва уларга амал қилишда ихтилоф чиқариб, ўз фикрини диндаги энг тўғри ҳамда асл исломий кўриниш санаб, ўзгаларга нисбатан кескин муносабатда бўлмоқдалар. Аслида, ислом дини пойдевори бағрикенглик ва енгиллик асосига қурилганини эслашимиз ўринлидир. Шу маънода, Имом Бухорий раҳматуллоҳ алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Албатта, дин енгилликдир. Ким динда чуқур кетса, (дин) уни енгади. Бас, тўғри бўлинглар, яқин бўлинглар...». Шунингдек, Ибн Масъуддан ривоят қилган ҳадиси-шарифда: «Динда чуқур кетадиган (мутанаттиъийн)лар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганлар ҳалок бўлди. Динда чуқур кетадиганларлар ҳалок бўлди», – дейилади. (Имом Муслим ривояти).
Мутаассибликнинг салбий оқибатлари жуда ҳам кўп. Жумладан, ўзгаларга нисбатан таҳқир ва маломатларни ёғдириш, ўзганинг фикрини эшитмаслик ҳамда холисликнинг йўқолиши натижасида ҳақиқатдан юз ўгириш, кишиларни диндан бездириш, мусулмонлар орасида келишмовчиликни чиқариш ва ҳоказо хатарлари мавжуд.


Шахрихон туман “Сарой” жоме масжиди
имом-хатиби : Жабарали Умаров