Фатво беришга ким ҳақли?!
Фатво ва унинг мазмун-моҳияти. Бу сўз араб тилида «саволга жавоб бериш» маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида ҳукм чиқаришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда.
Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Фатво – якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи муфтий ёки халқаро марказлар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Чунончи, Қуръони каримнинг ўзига хос мўъжизакорлиги, ундаги балоғат ва фасоҳатнинг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларнинг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган.
Шундай экан, исломнинг ҳар икки манбаси (яъни, Қуръон ва Сунна)га асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина ҳукм чиқариш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи-назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Шахрихон туман “Сарой” жоме масжиди
имом-хатиби : Жабарали Умаров