Қариндошлик ришталари
Бирор инсон кишилар жамиятидан айрилиб, ўзича яшай олмайди. Инсон зоти борки, бошқа одамлар билан ўзаро муносабат ўрнатишга, бошқалар билан аҳил, тотув яшашга мажбур. Бу эса, кишилик жамиятининг ажралмас қонунидир. Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп ва турличадир.
Буларнинг ичида энг муҳими, энг кучлиси қон ва насаб қариндошлигидир. Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги алоқа ҳам мана шу ришталардан ҳисобланади. Инсон бу риштага суянади, ундан куч ва қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади ва шу нарса орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади.
Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг, яъни силаи раҳмнинг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир Аллоҳ таоло бу борада бундай марҳамат этади:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ(سورة النحل/ 90
яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур”.
Аллоҳ таборака ва таоло қариндошчилик ришталарини маҳкам боғлашга чақирар экан, бунда қариндошларга ва қариндош қўшниларга алоҳида эътибор қаратишга буюради, ҳатто буни ибодат даражасига кўтаради ва ота-онага яхшилик қилиш билан тенглайди:
وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً (سورة النساء / 36
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”).
Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш Исломда “силаи раҳм” дейилади ва динимиз мусулмонларни доимий равишда силаи раҳмга буюрган. Аллоҳ таоло қариндошчилик ришталарига риоя қилиш ҳақ-ҳуқуқини оқил, донишманд кишиларнинг улуғ сифатларидан деб баҳолайди:
الَّذِينَ يُوفُونَ بِعَهْدِ اللّهِ وَلاَ يَنقُضُونَ الْمِيثَاقَ وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الحِسَابِ (سورة الرعد /20-21
яъни: “Улар Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва “ал-Мийсоқ”ни (ваъдани) бузмайдиганлардир. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар”.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам умматларини силаи раҳмга чақирганлар ва қариндошлик алоқаларини узганларни охиратда оғир азоб-қийноқлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди-келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсоннинг ризқи ва умрига барака бериши ҳақида ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, бундай деганлар:
"مَنْ سَرَّهُ أنْ يٌعَظِّمَ اللهُ رِزْقَه وأن يَمُدُّ في اَجَلِه فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ" (متفق عليه
яъни: “Кимни ризқу рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин” (Имом Бухорий ва Муслим). Бирон-бир киши: “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам, менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам, буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришдан қайтарганлар. Уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан ва ёмон ишлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб билинади. Бундай кимсадан бирон бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, одам ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишлардан қатъий огоҳ этади. Чунки бунинг оқибати лаънат ва гумроҳликдир. Аллоҳ таоло айтади:
فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِن تَوَلَّيْتُمْ أَن تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ (سورة محمد / 22-23
яъни: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) “кар”, кўзларини “кўр” қилиб қўйгандир”.
Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашни Ўзи буюргани, аммо шунга қарамай айримлар бу алоқаларни кесиб, ер юзида бузғунчилик қилишларини қоралаб, бундай дейди:
الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُولَـئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ (سورة البقرة /27
яъни: “Бундайлар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган қариндошлик ришталарини кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир”.
Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюргани ҳолда гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади. Оқибатда улар жаннат юзини кўришмайди.
Мухаммаджон Умаров
Шахрихон туманидаги “Яккатут”
масжиди имом - хатиби