Исроф - гунох амалдир

Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежам билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган. «Исроф» сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор.

Аллоҳ таоло айтади:

...كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ (سورة الآعراف/31

яъни: Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.

وَالَّذِينَ إِذَا أَنْفَقُوا لَمْ يُسْرِفُوا وَلَمْ يَقْتُرُوا وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَامًا (سورة الفرقان /67

яъни, “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) эҳсон қилганиларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилишмайди, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).
Қуръони каримнинг биргина Исро сурасида бугунги мавъизамиз мавзусига оид бир неча ояти карималар келган. Шулардан айримлари билан биргаликда танишиб чиқамиз. Аллоҳ таоло айтади:

وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/62

яъни: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг”! (26-оят).
Ислом дини инсонларни жамиятдаги барча қатламларга бирдай муносабатда бўлиш, қариндош-уруғлар, ҳаётда қийналиб қолган фақир ва мискинлар, ўзи юртида бой киши бўлса ҳам сафарда иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолга тушиб қолган йўлчиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни, эҳсон ва садақалар беришни буюради. Бу ҳақларни адо этиш эса Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ўзига У зот томонидан ато қилинган неъматларнинг шукрини адо этиш омили ҳамдир. Аммо бу ишларда исрофга бориш мутлақо ярамайди, чунки исрофгарчилик жамиятларда, хонадонларда тангчилик ва етишмовчиликларни келтириб чиқаради. Ислом таълимотига кўра, исрофгарчилик-ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг чегараси катта: маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, вақтни, умрни бефойда ўтказиш ҳам исроф, фойдасиз ишлар билан шуғулланиш ҳамда соғликнинг қадрига етмаслик ҳам исрофдир. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”, деганлар.
Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Қуръони каримда исрофнинг мазаммат қилинишига сабаб, Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроққа тортиламиз. Шунинг учун ушбу неъматларни ато этиб қўйган Аллоҳ азза ва жалла бандаларини уларни исроф қилмасликка чақиради.

وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا

(سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/29)

яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”.
Эй инсонлар, бахиллик билан қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг, яъни очиққўл бўлинг. Исрофгарчилик қилиб қўлингизни бирваракайига ёзиб ҳам юборманг. Шундай қилсангиз, одамларнинг маломатига қоласиз, бор нарсангиздан маҳрум бўлиб, афсус-надомат чекасиз. Дарҳақиқат, бахиллик қанчалик ёмон иллат бўлса, бор нарсасини исроф қилиш, уни беҳуда сарфлаш ҳам шунчалик ёмон хислатлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” (Термизий ривояти) деган муборак ҳадислари бор.
Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилади:

"كُلْ مَا شِئْتَ وَالْبَسْ مَا شِئْتَ مَا أخْطَأتْكَ اثْنَتَانِ سَرِفٌ أَوْ مَخِيلَةٌ" (رواه البخاري

яъни: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер» (Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек:

"كُلُوا وَتَصَدَّقُوا وَالْبَسُوا في غَيْرِ اِسْرافٍ ولا مَخِيلَةٌ" (رواه النسائي

яъни: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар».
Минг афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг ана шу кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга минади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар, ўзини тийиб-қантаришлар билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этяпти. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади. Бунинг ортида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Аксинча, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, исрофгар асло жаннатга кирмайди.


Мухаммаджон Умаров
Шахрихон туманидаги “Яккатут”
масжиди имом - хатиби