Тинчлик – энг олий неъмат

Унинг қадрига шукроналик билан етилади. Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб авайлаш ҳар бир Мусулмон кишининг зиммасидаги бурч бўлиш билан бирга, пайғамбарларнинг суннатидир.

Манбааларда “икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, дейилган.
Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?”  У  “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг хаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.
Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди.
Кўнгил хотиржамлигининг энг асосий шарти Яратганга имон келтиришдир.
Тарихда тинчликни бузилишига аксар холларда жамиятни диёнатдан узоқлашгани, Маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, бугун, барчаларимиз жипслашиб,ёш авлодни юксак манавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз зарур.
Шу маънода халқимиз динимиз ақидасига сидқидилдан амал қилиб келаётгани туфайли, Аллоҳ таолони неъмати бўлмиш юртимизда хукм сураётган хотиржамлик, осойишталикни кўрамиз. Ана шу туфайлигина жиноятларнинг олди олинади, осудалик хукм суради. 
Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур. Зеро, тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди. Одамлар орасида фаҳш, ёмон иллатлар, бегона ёт ғоялар тарқалишини олдини олади.
Хотиржамликнинг давомийлигини таъминлайдиган омиллардан яна бири – шукр. Зеро, қуръон каримда ҳам шукр қилганларга неъматларини янаҳам кўпайтириб бериши тўғрисида оятлар мавжуд. Акс ҳолда ношукрлик нотинчликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳам оятларда ўз аксини топган. Инсонларнинг бирлиги, маърифат ҳосил қилиши, ҳаёт фаровонлиги, ризқнинг мўл – кўл бўлиши, жамиятда бирдамликни мустаҳкамланиши, қўни-қўшни ва қавм-қариндошларнинг ҳолидан ҳабар олиб туриш, силаи раҳм қилиш, хотиржам ибодатда бўлиш, ер юзида Аллоҳ Таолони рози қиладиган ҳаёт кечира олиш учун ҳам тинчлик лозим.
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида хадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида  бир кунлик таоми бор ҳолда тогн оттирса унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор қилинг, пайғамбаримз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз кўпинча эътибор бермайдиган, аслида ўта муҳим бўлган уч нарсани эслатяптилар: тинчлик, саломатлик ва моддий таминот. Аллоҳ Таолога хамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўзбек халқининг “бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятлари, бағрикенглиги, меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шавқат каби фазилатлар билан йўғирилган дин-диёнати, маънавияти юксак даражада экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ”. ИншаАллоҳ...

 

 

Хўжаобод тумани “Еттичинор” жомеъ масжиди имом ноиби: С. Юнусов