Эр қадрини билган хотин

Фақир бир одам ўз қишлоғида ҳамма хонадонларнинг сигирларини тўплаб яйловда боқиб берарди. Унинг оғирлиги бировга тушмасди, оиласини шу меҳнати билан боқарди. Бу чўпоннинг аҳволини тушунадиган, эрининг қадрини биладиган, оқила хотини бор эди. Шунинг учун у энг бахтиёр одам ҳисобланарди.

Қишлоқда кимни ҳотинидан жаҳли чиқса, “Бор чўпоннинг хотинидан ибрат олиб кел”, дер эди. Кунлардан бир кун қишлоқ оғаси хотинидан хафа бўлди. Оға хотини
–    Эй гапга тушунмайдиган, бераҳм хотин, бориб қишлоғимиз чўпонининг хотинидан озгина бўлса ҳам ақл ўрган, у фақир хотиндан ибрат ол, эр қадрини ўрган, –деди. Унинг хотини:
–    Чўпоннинг хотинидан нимани ўрганаман, Эри чўпон бўлса, ўзида на ҳунар на фазилат бор, – деб қаршилик кўрсатди.
Оға жаҳл билан ишига кетди. Унинг хотини кейин безовта бўлиб қолди. Ўрнидан туриб, “чўпоннинг хотинини ҳамма тарифлайди, бир кўриб келай”, деб уларнинг уйига борди. Шу пайт чўпоннинг хотини ҳовлидаги, офтобда турган идишдан сув олиб ичар эди. Оғанинг хотини:
–    Шу сувдан менга ҳам озгина беринг,– деди. Чўпоннинг хотини:
–    Бу сув исиб қолган, сизга муздай сув олиб келаман, бир оз кутинг, – деди. Оғанинг хотини:
–    Майли, лекин сиз ўзингиз нега исиб қолган сув ичмоқдасиз? – деб сўради. Чўпон хотини:
–    Хоним, шу онларда эрим далада жазирамада юрибди. Қуёшда қизиган мешчасидаги сувдан ичаётгандир. Эрим у ерда исиган сувни ичса-ю, мен бу ерда совуқ сув ичсам, хотинлигим қаерда қолади!.. – деб жавоб берди.


Ҳикматлар хазинаси китобидан
Хўжаобод туман “Еттичинор” масжиди ноиб имоми:  С Юнусов.