Фарзанднинг ота-она олдидаги вазифаси
“Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Тағин, Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин.” (Хадиси шарифдан.) Ислом таълимотларида ота-онага яхшилик қилиш фақат уларнинг хаётлик чоғлари ила чегараланиб қолган эмас, балки фарзанд учун ота-онага уларнинг вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш эшиклари очиб қўйилган.
“Бир куни йўлдан бир аъробий (сахролик) ўтди. У аъробий ҳазрати Умар р.а.нинг яқин дўстлари эди. Аъробий Умар р.а.нинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умарга: “Сен Умарнинг ўғлимасмисан?”, деди. Абдуллоҳ: “Ҳа”, деб жавоб бериб, ўша аъробий оталарининг дўсти эканлиги эсларига келди. Шунда уловларини ва бошларидаги саллаларини унга бердилар. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. олдиларидаги киши: “Унга икки дирҳам берсангиз бўлмасмиди?” деди. Ибн Умар унга: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Отангнинг дўстлигини муҳофаза қил. Уни кесма. Тағин, Аллоҳ нурингни сўндириб қўймасин.” деганларни эшитганман деди.
Яна бошқа бир ривоятда: «Бир аъробий Макканинг йўлида у кишига учраб қолди. Ибн Умар унга салом берди ва уни ўз уловига миндириб олди. Кейин унга бошидаги салласини берди. Шунда Ибн Дийнор унга: «Аллоҳ сенинг ишингни ўнгласин. Булар аъробийлар. Улар оз нарсага ҳам рози бўлаверадилар», деди.
Абдуллоҳ ибн Умар бунга жавобан: «Бунинг отаси Умар ибн Хаттобнинг оғайниси эди. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг «Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига сийла қилишидир» деганларини эшитган эдим», деди».
Ўта илмли саҳобалардан бўлган машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар р.а. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишда ҳаммага ўрнак бўладиган даражада эдилар. У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амалларнинг ҳар бир катта-кичигига ўта аникдик билан эргашар эдилар.
Ана ўша зот Набий с.а.в.нинг «Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига сийла қилишидир» деган сўзларига амал қилиб оталари Умар ибн Хаттоб р.а.нинг аъробий дўсти ўғлига ҳурмат-эҳтиром кўрсатган эканлар.
Эътибор берайлик-а, дўстнинг ўзига эмас, дўстнинг ўғлига, эътибор берилганда ҳам бирга кетаётган ҳамроҳлар ажабланадиган ва сабри чидамай танбеҳ берадиган нарсага эътибор берилган. Бундан нафақат отанинг ўзига яқин қариндошларига, балки унинг оғайниларига ҳам яхшилик қилиш фарзанднинг бурчи эканлиги чиқади.
Фарзанд шу йўл билан ҳам ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савобларни етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
Бундан тушуниб оламизки, ота-она дунёдан ўтиб кетса ҳам уларга яхшилик қилиш эшиклари очиқдир. Мазкур ривоятда келганидек, ота-она вафот этгандан кейин фарзанднинг зиммасида ота-онанинг тўртта хаққи бор. Уларни қилиб туриш фарзанднинг зиммсидаги ота-онанинг хаққидир.
1. Ота-онанинг ҳаққига дуо қилмоғи.
2. Ота-онага истиғфор айтмоғи.
3. Ота-оналаридан кейин уларнинг ваъдаларини бажармоғи.
4. Ота-оналари томонидан қариндош бўлганларга сийлаи раҳм қилмоғи.
“Мустаҳкам” масжиди имом хатиби: С. Арипов.