Чўғнинг устида ўтирса ҳам Аллоҳдан рози бўлиш
Бани Абас қабиласидан Аллоҳ таоло мол, туя, сигир, қўй, ўғил ва қизлардан ҳоҳлаганича берган бир бой киши, йўқолган туясини қидириб, уч кун излаб топа олмади. Бу кишининг моллари ва оиласи Бани Абас диёрининг Роҳб деган сел ўтадиган жойида кенгчилик, тинчлик, ва омонликда яшар эди. Улардан ҳеч бири мусибат етишлиги ҳақида ўйламаганди,
лекин Аллоҳ таоло уларга тупроқни кўтарганидек катта тошларни ҳам кўтариб ҳеч нарсага қарамасдан оққизиб кетадиган селни юборди. Туннинг охирида ҳаммалари ухлаётганда устиларига келган сел уйларини қўпориб, ўзларига қўшиб молларини ҳам оқизиб кетди. Ҳаммалари сув оқимида, худди аввал бўлмагандек ҳалок бўлди, изсиз йўқолди ва тилларга достон бўлди.
Оталари уч кундан кейин водийга қайтиб келди ва ҳеч бир кишини топа олмади ва ҳеч бир овозни эшитмади. На тирик ва на гапирадиган ҳеч ким йўқ, теп-текис эди. Ё Аллоҳ! Бу қандай катта кулфат! Хотин ҳам йўқ, ўғил, қиз, туя, қўй, сигир, дирҳам, динор, кийим-кечак, хуллас ҳеч вақо қолмаганди.
Албатта бу оғир мусибат. Бундан ҳам ёмони кейин рўй берди, унинг туяси қочиб кетди, тутишга муваффақ бўлиб, думидан ушлаганида туя оёғи билан унинг юзига тепди ва кўзларини кўр қилиб қўйди. У бирор бир киши уни бирор бошпанага етаклаб олиб бориб қўйишини сўраб саҳрода бир ўзи қичқирар эди. Бир муддат ўтгандан кейин унинг овозини бир аъробий эшитиб, олдига келди ва уни Дамашқ ҳалифаси Валид ибн Абдулмалик олдига олиб бориб, унга бўлган воқеани айтиб берди. Шунда Валид ибн Абдулмалик: энди қай аҳволдасан?, деб сўради. У киши: Аллоҳдан розиман, деб жавоб қилди.
Бу ибратлангувчига ибрат, насиҳатлангувчига насиҳат, сўрагувчига далил ва қалбида Аллоҳнинг бирлиги бўлган мусулмон айтадиган улуғ калима!.
Аллоҳнинг тақдирига таслим бўлмаган ва рози бўлмаган кимса агар қодир бўлса ер юзидан ўз нафақасини қидирсин ёки осмонга нарвон қўйиб чиқсин. Лекин бу ишлари унинг қайғусини кетгазмайди ва фойда ҳам бермайди.
Жиззах туман Яккақайрағоч масжиди имом хатиби
Оралов Усмонали таржимаси