Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи  васаллам пайғамбар сифатида юборилиши динлар тарихида янги ўзига хос саҳифанинг очилишидир

 

Муқаддас динимиз – ислом динидан олдинги самовий динлар ҳақида Қуръони Каримнинг бир неча оятларида ҳам зикир қилинган. Ислом дини таълимотлари ҳақидаги оятларни мазмунини, нозил бўлиш сабабини ва уларнинг маъноларини ўрганиш, англаб етишда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат ва ҳадислари энг муҳим манба бўлиб ҳизмат қилади.

Ушбу ўринда, шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, Аллоҳ таолонинг башарият учун жорий қилган барча динларида уларнинг ўртасида ўзаро алоқадор ва бағлиқликлар мавжуд. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги пайғамбар қилиб юборилишлари ҳақидаги хабар ислом динидан олдинги муқаддас китоблар орқали яҳудий ва насроний олимларига яхши маълум бўлган. Машҳур тарихчи олим Ибн Ҳишом келтирган маълумотига кўра, Шомлик (Сурия) роҳиб Буҳайро, Ҳадича бинти Ҳувайлид (розияллоҳу анҳо)нинг қариндошлари Варақа ибн Навфал, улуғ саҳобалардан ҳисобланган Салмон Форсийнинг устозлари ўзларига туширилган муқаддас китоблар орқали  пайғамбар келишининг хабарини билган кишилар бўлишган.

Бу эса мазкур шахсларнинг янги келадиган дин ҳақда олдинги китоблар воситасида муайян назарий билимларга эга бўлганларидан далолат беради. Шунингдек, у зотнинг келишлари ўзларидан олдинги самовий динларни  йўққа чиқариш, пайғамбарларини инкор этиш, уларга нозил бўлган китоблар ва шариъатларини рад этиш учун эмас, балким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳам ишониб, тасдиқлаш, уларга ҳам самимий муносабатда бўлишга чорловчи, улар ҳақида аниқ маълумотларни хабарини берувчи, илгари ўтган пайғамбарларнинг хатокор умматларини хатоларидан огоҳ этиб, ўзининг умматларини уларнинг хоталарни такрорламасликка, ношукур бўлмасликка, чорловчи, яхшиликни ҳуш хабарини берувчи бўлиб келгандирлар.

Қуръони Каримда келган оятлар, Суннат ва ҳадисларда ворид бўлган маълумотлар сўзимизга асосдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар сифатида юборилиши динлар тарихида янги ўзига хос саҳифанинг очилишига сабаб бўлганлигини доктор Муҳаммад Халифа Ҳасан зикр қилган[i]. Жумладан, “Чунки у пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, ундан кейин набий ҳам расул ҳам йўқ”. Ушбу маълумот ва шунга ўхшаш хабарларнинг ўзи динлар тарихини яна бир нодир ахборот билан бойитади ва тўлдиради. Чунки динларга оид билимларни ўрганишда яҳудийлар Одам алайхиссаломдан Мусо алайхиссаломгача, насронийлар эса Одам алайхиссаломдан Исо алайхиссаломгача бўлган даврдаги пайғамбарларни, уларнинг ҳаётлари, уларга нозил бўлган шариъатлари, тарихи, бошидан кечирган ҳодисалари ва шу кабиларни ўрганадилар.

Бизнинг муқаддас ислом динимизда эса аввал айтиб ўтганимиздек, инсоният тариҳидаги барча пайғамбарлар бирдай улуғ кўрилади. Кейингиси аввалгисидан ёки Аввалгиси кейингисидан устун тутилиб бир биридан ажратилмайди ва камситилмайди. Ислом динида бу эътиқод масаласи билан боғлиқ бўлиб, ислом вакилининг (мўмин-мусулмон) эътиқоди бусиз мукаммал бўлмайди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:   

آَمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آَمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ 

Яъни: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди.

Мазкур оятда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзига нозил қилдинган китоб – Қуръони Каримга имон келтириши билан бирга Аллоҳ таолога, фаришталарга, Аллоҳ таоло томонидан олдин ҳам самовий китоблар (Забур, Таврот, Инжил) нозил қилинганига, башариятга огоҳлантирувчи ва ҳушхабар берувчи пайғамбарлар юборилганига имон келтиргани ва бошқа мусулмонлар ҳам бу ишда унга эргашганлари маълум бўлади. Пайғамбарларнинг биридан бошқасини (бошқаларини камситиш эвазига) устун қўймаслик, (Аллоҳ томонидан айрим пайғамбарларга берилган баъзи фазилатларни эътироф этган ҳолда) ҳаммасини бирдай Аллоҳнинг элчиси пайғамбарлари сифатида кўриш ислом манбаларида тавсия қилинган энг мўътадил ва энг маҳбуб йўлдир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охиригача, инсонларни ана шу мавқе (эътиқодда)да бўлиб, бошқаларни ҳам шунга ундаганлари борасида суннат ва ҳадисларда кўплаб мисоллар учрайди. Хусусан, муқаддас динимизнинг мўътабар манбаси Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида Мусо алайхиссалом илм олиш учун ҳамроҳ бўлган солиҳ кишининг қиссаси келтирилганлиги ислом умматига маълум ва машҳурдир. Ушбу қисса нозил бўлганда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биродарим Мусога Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, сабр қилганида Аллоҳ бизга уларнинг қиссаларини айтиб берар эди. У (Мусо) ўз шериги билан турганида, ажойиботларни кўрар эди” – деб марҳамат қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анходан ривоят қилинади: “Икки киши: яҳудийлардан бир киши ва мусулмонлардан бир киши сўкишиб қолди. Шунда мусулмон: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлаб олган зот ила қасам!” – деди. Яҳудий эса: “Мусо алайхиссаломни оламлар устидан танлаб олган зот ила қасам” – деди. Ана шу пайтда мусулмон қўлини кўтариб, яҳудийнинг юзига шапалоқ туширди.

Шунда яҳудий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, ўзи билан мусулмон орасида бўлиб ўтган иш ҳақида хабар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мени Мусодан яхши қилманглар. Одамлар ҳушларидан кетганда биринчи бўлиб ўзига келган мен бўламан. Қарасам, Мусо Аршнинг бир томонини ушлаб турган бўлади. Билмайман, у ҳам ҳушудан кетиб мендан олдин ўзига келганми ёки истисног қилинганлардан бўлганми” – дедилар”.  

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган ҳадиси шарифларига умматларининг нечоғлиқ амал қилиб, ҳаётимизда амалга тадбиқ этилаётганлигидан даракдир. Яратган Роббимиз умрларимизни охиригача шариъатга ва суннатга, давримиз талабларига амал қилиб бориш бахтига муваффақ қилсин.

 

Қамариддин ҳожи МИНҲОЖИДДИНОВ

Марҳамат тумани фаолиятидаги

“Ўқчи” жоме масжиди имом-хатиби