Қанча кўп сўрасак шунча кўп хурсанд бўлгувчи зот ёлғиз Аллоҳдир
Қанча кўп сўрасак шунча кўп хурсанд бўлгувчи зот ёлғиз Аллоҳдир. Бандаси эса малол олади. Бунинг мисоли ушбу хикояда.
Шоир Абу Даллома билан Аббосий ҳукмдорлардан бири Маҳдий орасида қизиқ воқеа рўй берган экан. Абу Даллома Аббосийларни мадҳ қилиб ёзган қасидасини Маҳдийга ўқиб берибди. Қасида халифага жуда маъқул келиб: «Нима мукофот берай?» деб сўрабди.
– Ҳазрати олийлари, камина қулингизга ҳеч нарса керак эмас, фақат битта овчи ит берсангиз бўлди, – дея таъзим қилибди шоир.
– Шундай гўзал қасида учун бор-йўғи овчи ит сўрайсанми? – ҳайрон бўлди Маҳдий.
– Ҳа, зоти олийлари, камина қулингизнинг бирдан-бир ўтинчим шу.
Ҳукмдор таажжубланди, бироқ шоирни хафа қилгиси келмай буйруқ берди:
Майли, тилагинг шу бўлса, сенга битта овчи ит келтиришсин.
– Лекин, хожам, қулингиз овга нима билан бораман?
– Ҳақинг бор, битта от ҳам беришсин.
– Отга қандай минаман?
– Ҳа-я, чиройли эгар-жабдуқ ҳам керак.
– Яхшику-я, лекин отга ким қарайди?
– Тўғри айтасан, бир қул ҳам қўшиб беришсин.
– Султоним, бироқ отни қаерда сақлайман?
– Бўпти, бир оғил ҳам қуришга буюраман.
– Қул қаерда ётади?
– Битта уй ҳам тиклаб беришни амр қиламан.
–– Майли, тирикчилик учун минг олтин танга ҳам берилади.
– Хожам...
Ана шу жойда халифа Маҳдий шоирнинг гапини бўлди:
– Бўлди, етар, агар харажатларни назорат қиладиган бир бошқарувчи ва ҳисоб-китоб қиладиган битта ҳисобчи ҳам сўрайдиган бўлсанг, итни олиб қўяман-а!
Хўжаобод туман “Еттичинор” масжиди имом хатиби: М. Косимов