Амаллар ниятга боғлиқдир
Ният – динимиздаги энг муҳим тушунчалардан биридир. Ният ибодат учун ҳам, муомалотлар учун ҳам энг муҳим дебоча ҳисобланади. «Ният» сўзининг луғавий маъноси ҳақида, ниятнинг моҳияти ҳақида уламоларимиз жуда чиройли, шомил ва комил таъриф берганлар. Луғавий жиҳатдан олганда ният – бир ишга қалбнинг азму қарор қилиши, шу ишни ирода қилишидир. Шаръий истилоҳда эса Имом Суютийнинг Байзовийдан нақл қилган ҳолда берган таърифига кўра, ният – қалбнинг ҳозир ёки келажакда муайян манфаатни жалб қилиш ёки бирор зарарни даф қилишдан иборат бўлган, инсон ўзига мувофиқ кўрган бир ишни амалга оширишга нисбатан йўналмоғидир. Имом Суютий буни «Ал-Ашбаҳул назоир» китобларида айтганлар.
Ниятнинг ўрни, макони қалбдир. Ният ҳақида гапирар эканмиз, динимизнинг асоси деб ном олган машҳур уч ҳадисдан бири – ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни эслаймиз. Бу ҳадиси шариф Ислом оламида деярли барча мўътабар ҳадис тўпламларининг аввалида келтирилган бўлиб, унда ҳазрати Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим» деб, қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар:
«Иннамал аъмаалу бин-нийя…»
«Амаллар ниятларга кўрадир».
Демак, амаллар ниятларга боғлиқ экан. Ҳар бир кишига қилган амалидан ният қилган нарсасигина насиб бўлади, ибодатда ҳам, бошқа амалларда ҳам худди шундай.
Ибодат қилмоқчи бўлсак, унинг учун ваъда қилинган ажру мукофотларни тўлиқ олмоқчи бўлсак, барча савобу ҳасанотларни қозониб, уларни охиратга олиб кетмоқчи бўлсак, аввало ниятимизни тўғриламоғимиз керак экан, ихлос билан, онгли равишда азму қарор қилишимиз керак экан.
Амаллар мақбул бўлиши учун икки нарса талаб қилинади:
Биринчиси – ихлос билан ният қилиш.
Иккинчиси – шу амалнинг шариатга мувофиқ бўлиши.
Агар бир иш шариатга номувофиқ бўлса, уни минг ихлос билан қилмайлик, ниятимиз ҳар қанча яхши бўлмасин, фойдаси бўлмайди, аксинча, зарари етади.
Демак, динимизда бир амални қилишнинг ўзи етарли бўлмайди.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби