Сабр билан боғлиқ қонун-қоидалар

Аллоҳ таоло мўмин бандаларини ҳар қандай ўрин­да ҳам Ўзининг яхшиликлари билан сийлаб қўй­ган. Мўминлар доимо Раббиларининг неъмати ичидадирлар. Аллоҳ уларга яхши кўрган ёки ёқтир­маган нарсаларини ҳам бериб туради. Уларнинг қазо ва қадарларини фойдаланиб қолишлари ва Аллоҳга олиб борадиган йўлга тушиб олишлар учун кечиктириб туради. Саҳиҳ ҳадисларда ҳам булар зикр қилинган.

Жумладан, Қиёмат кунида барча инсонлар ўз бошлиқлари билан чақириладиган кунда биз мўминларга имом бўладиган Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Мўминнинг ишига лол қо­ламан! Унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу фақат мўмингагина хос. Агар унга хурсандлик етса, шукр қилади, бу эса у учун яхшилик бўлади. Агар зарар етса, сабр қилади, бу ҳам у учун яхшилик бўлади» (Муслим ривояти). Бу ҳадис мўминнинг тақдири бутунлай яхшиликлар билан тўлиб-тошганидан дарак, беради, агар қийинчиликка сабр қилиб, яхшиликка шукр қилса, албатта. Ҳатто сабр ва шукр иймоннинг бир бўлаги ҳамдир. Зеро, баъзи салафлар қуйидаги:

«...Ал­батта, бунда ҳар бир сабрли ва шукр қи­лувчи киши учун аломатлар бордир» (Иброҳим, 5) оятдан келиб чиққан ҳолда шундай дейишган: «Иймон икки бўлакдир. Ярми сабр ва ярми шукр». Агар ҳар бир банда дин хусусида яхшилаб мулоҳза юритса, ислом дини умумий ҳолатда сабр ва шукрдан иборатлигини кўради. Бунинг сабаби шундаки, сабр уч турли бўлади:

Биринчиси тоат-ибодатларни бажаришга сабр
қилиш.
Чунки банда сабрсиз ва ботиний ҳамда зоҳи­рий душмани билан қаттиқ курашмай туриб буюрилган ишни бажаришга ўзида куч топа олмайди. Шу боис банда буюрилган ишларни бажариб, яхши-мустаҳаб амалларни қилиши даркор.

Иккинчиси қайтарилган нарсларни қилмаслик учун сабр қилиш. Чунки нафс ва уни қўзғатувчи ҳолатлар, шайтон зийнат-ҳийлалари ҳамда ёмон дўстлар бандани маъсиятга ундаб, гуноҳга рағбатини ошириб туради. Банданинг бу маъсиятларни тарк қилиши сабрининг қувватига қараб бўлади. Салафлардан бири шундай деган: «Яхши амалларни яхши одам ҳам, фожир кимса ҳам қилади. Лекин маъсиятни тарк қилишга фақат сиддиқларгина қодирдирлар». Бу нарса банданинг Аллоҳга бўлган муҳаббатининг қувватига қараб қувватли ёки заиф бўлади. Бундай ҳолатга ҳаётда ҳам кўп гувоҳ бўламиз. Жумладан, маҳбубасидан озор чеккан бир шоир шундай ёзади: «Гарчи сендан менга бирор ёмонлик етган бўлса-да, мен жуда хурсанд бўламан. Чунки сени шу йўл билан бўлса-да ёдга оламан».

Учинчиси, кутилмаганда келган мусибатларга сабр қилиш. Бу икки хил бўлади:

  1. Банданинг ихтиёрида бўлмаган мусибатлар, масалан, касаллик, самовий мусибатлар ва бошқа шу каби балолар. Буларга сабр қилиш осон. Чунки булар Аллоҳнинг қазо ва қадари эканини ва ҳеч ким ҳар қандай ҳолатда ҳам бу мусибатларнинг олдини олишга қодир эмаслигини банда сезиб туради. Агар Аллоҳ таоло банданинг қалбига тафаккур эшигини очиб, тафаккурнинг барча фойдаларини жойласа, мусибатларга сабр қилишдан шукр қилиш ва рози бўлишга ўтади. Қалбининг тўрида ва тилида «Эй Раббим, Сени зикр қилишга, Сенга шукр қилиш ва Сенга чиройли ибодат қилишим учун менга мадад бер» дуоси доимий янграб туради.
  2. Бошқалар томонидан моли, обрўси ёки ўзига етадиган мусибат бўлиб, бу каби мусибатларга сабр қилиш банда учун жуда қийин саналади. Чунки нафс сабрсиздир, у ўзига озор берганларни унутмайди, у енгилишни ёқтирмайди. Шу сабабли доим интиқомни талаб қилади. Бу каби мусибатларга фақат пайғамбарлар ва сиддиқларгина сабр қила оладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) агар озор топсалар: «Аллоҳ Мусо (а.с.)ни раҳматига олсин! У бундан ҳам кўп озор чеккан ва сабр қилган», дер эдилар.

Пайғамбарлардан бири ҳақида шундай ривоят бор. Пайғамбар ўз қавми томонидан калтакланганида: «Аллоҳим, қавмимни кечир, улар билмайдилар», деб дуо қилар экан. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ўз қавмидан озор чекканларидан мазкур дуони айтганлар ва дуода учта нарсани сўраганлар: уларни афв қилишни, уларни мағфират қилишни ва улар билмаганликлари боис узрли эканини айтиб дуо қилганлар. Сабрнинг бу тури Аллоҳ томонидан берилган қувват, омонлик, сурур, иззат ва ғалабанинг самараси ва Аллоҳга бўлган муҳаббат ҳамда илм зиёдалашувининг натижасидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ шундай деган: «Улар сабр қилишгач, Биз улардан ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик. Улар оятларимизга пухта ишонар эдилар». (Сажда, 24).

Сабр ва ишонч динда пешволикка олиб боради. Агар бу сабрга ишонч ва иймон қуввати қўшилса, банда Аллоҳнинг фазли билан саодат даражаларида яна-да юқори поғоналарга кўтарилади. Бу эса Аллоҳнинг фазлидир ва Аллоҳ буни хоҳлаганига беради. Аллоҳ буюк фазл эгасидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ бундай марҳамат қилган: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан дафъ этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат 34–35). Банда сабрнинг бу тури орқали бир нечта нарсаларни тушуниб етади. Биринчиси, банда Аллоҳ таолонинг бандаларнинг феъллари, ҳаракат ва сукунатларини ҳамда хоҳиш-иродаларини яратувчи Зот эканига гувоҳ бўлади. Аллоҳ хоҳлаган нарса сўзсиз рўй беради, хоҳламагани эса асло содир бўлмайди. Оламнинг осмон ва ердаги ҳар бир зарраси фақат Аллоҳнинг изни ва хоҳиши билан ҳаракатланади. Шундай экан, уларни сизга бўйсундириб қўйган Зотга, уларнинг сизга кўрсатаётган таъсирига эътибор қилинг, шунда ғам-ташвиш ва маҳзунликдан халос бўласиз.

Иккинчиси, банда сабр орқали ўз гуноҳларига шоҳид бўлади. «(Эй инсонлар) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди)» (Шўро, 30). Банда ўзига етаётган ёмонликларнинг сабаби гуноҳлари эканини билса, гуноҳларидан истиғфор айтиб, тавба қилишга ўтади, бу гуноҳларни қилганидан афсусланиб, ўзини койийди, бошқаларни айбламайди. Агар бирор банданинг инсонлар орасида юриб, улардан озор чекканини ва ўзини ко­йиб, истиғфор айтмаётганини кўрсангиз, билингки, унинг мусибати ҳақиқий мусибатдир. Агар тавба қилиб, истиғфор айтса ва «Бу менинг гуноҳим», деб тан олса, бу унинг учун неъмат ва савобга айланади. Али ибн Толб (р.а.) айтади: «Банда фақат Раббисидан умид қилсин ва фақат гуноҳидан қўрқсин!» Яна шу зотдан ва бошқалардан ривоят қилинади: «Ҳар қандай бало фақат гуноҳ сабабли тушади ва унинг кўтарилиши эса фақат тавба билан бўлади».

Учинчиси, банда кечиримли ва сабрлилар учун Аллоҳ ваъда қилган савобга гувоҳ бўлади. «(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас» (Шўро, 40)[1]. Инсонлар озор ва мусибатларга йўлиққанларида уларни ҳар хил қабул қилиб оладилар. Баъзилари зулм қилиб, ўз ҳаққидан ортиғини талаб қилади, айримлари ўртача йўл тутиб,
ўз ҳаққи миқдорича талаб қилса, бошқалари муҳ­синлик қилиб, золимни афв этади ва ўз ҳаққидан воз кечади. Шу боис юқоридаги оятда ҳам инсонлар­нинг мазкур уч тоифаси зикр қилинган. Оятнинг
бошида мўътадил йўл тутувчилар, ўртасида яхши –
муҳсинлар ва охирида эса золимлар келтирилган.
Қиёмат куни жарчи шундай нидо қилади: «Огоҳ бў­линг, ажр-савоб бериш Аллоҳга вожиб бўлган бан­­да­лар турсин!». Шунда кечиримли ва сабрлилардан бошқа ҳеч ким ўрнидан тура олмайди. Банда интиқом ва ўз ҳаққини тўлиқ талаб қи­­лиш билан Охиратдаги ажри камайишини ўйласа, унга сабр қилиш ва бировларни кечириш янада осонлашади.

Тўртинчиси, агар банда кечирса ва яхшилик қилса, бу унинг қалбининг дўстларга нисбатан очиқ, гина-кудурат, интиқом, ёмонликдан холи бўлишига сабаб бўлади. Шунингдек, кечиримли бўлиш ҳаловатини туяди. Бу ҳаловат, лаззат ва манфаат интиқомнинг лаззати ва манфаатидан кўра тезроқ ҳосил бўлади ва бир неча чандон ортиқ бўлади. Бундай банда қуйидаги оятда зикр қилинган кимсалар қаторига киради: «Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134). Бундай банда Аллоҳни севувчи бандага айланади. Бу банданинг ҳолати бировга дирҳам (кумуш) қарз бериб, қарзини динор (олтин) билан қайтариб олган кимсанинг ҳолатига ўхшайди. Буни ҳис қилган банда Аллоҳ берган бу неъматлардан жуда ҳам хурсанд бўлади.

Бешинчиси, банда биронтасидан ўзи учун инти­қом олса, бу унга хорликни келтиради. Агар кечирса, Аллоҳ уни азиз қилиб қўяди. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Аллоҳ қайси банданинг кечиримлилигини зиёда қилган бўлса, албатта, уни азиз қилади» (Муслим ривояти). Кечириш билан ҳосил бўлган азизлик интиқом билан ҳосил бўлган азизлик­лар яхшироқ ва манфаатлироқдир. Чунки интиқом зоҳирий азизлик бўлиб, ботинда хорликни келтириб чиқаради. Кечиримлилик эса зоҳирда хорлик бўлиб кўринса-да, аслида ҳам зоҳиран, ҳам ботинан азизликка сабаб бўлади.

Олтинчиси, банда амал қандай бўлса, мукофот ҳам шунга яраша бўлишини англайди. Ким инсонларни кечирса, Аллоҳ ҳам уни кечиради, ким инсонларни афв қилса, Аллоҳ ҳам уни афв қилади. Банда бировларни кечириш, улар ёмонлик қилса-да, уларга яхшилик билан жавоб қайтариш Аллоҳнинг ҳам шундай муносабатда бўлишини билса, инсонларга нисбатан кечиримли бўлади, ўзига ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик улашади ва бировларни кечириш ва сабр қилиши янада осонлашади. Бу биз санаётган фойдаларнинг энг каттасидир. Оқилга шу фойданинг ўзи кифоя қилади.

Еттинчиси, агар банда интиқом ва ўч олиш билан машғул бўлса, вақтини зое қилади, қалби сиқилади ва қайтариб бўлмайдиган имкониятларни бой беради. Бу бандага етадиган мусибатларнинг энг каттаси десак, муболаға бўлмайди. Агар кечирса ва афв қилса, қалби таскин топади ва интиқомдан ҳам муҳимроқ бўлган бошқа ишлари учун вақти ҳам етарли бўлади.

Саккизинчиси, интиқом, ҳаққиқни тўлиқ ундириш ва бировга зулм қилиш нафсни қондириш демакдир. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) нафси учун сира ҳам интиқом олмаганлар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонларнинг энг яхшиси ва мукаррами эдилар. У зотнинг нафслари энг шарафли, энг пок, энг афзал ва ҳар қандай ёмон хулқлардан пок, барча гўзал хулқларга лойиқ нафс бўлган. Шундай бўлса-да, нафси учун ҳеч кимдан ўч олмаганлар. Биз ўз нафсимизнинг айб-нуқсонларини сезиб турган ҳолда қандай қилиб интиқом ҳақида ўйлашимиз мумкин?! Ҳақиқий ориф киши ўз нафси учун бировдан интиқом олмайди, бошқаларга зулм қилмайди.

Тўққизинчиси, агар банда Аллоҳ учун қилган ишида, Аллоҳ буюрган тоатларни бажаришда ёки қайтарган маъсиятлардан тийилишда озор ва мусибатга йўлиқса, сабр қилиши вожиб бўлади. Бундай ҳолатларда интиқом ниятида бўлиши ножоиздир. Чунки у Аллоҳнинг йўлида озор чеккан. Бунинг ажри Аллоҳга вожибдир. Ким баҳосини бировлардан талаб қилса, у учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч қандай баҳо йўқдир. Чунки ким Аллоҳ йўлида сарфласа, унинг ўрнини Аллоҳнинг ўзи тўлдиради. Агар бирор маъсият юзасидан мусибатга йўлиқса, бундай ҳолатда банда ўз нафсини маломатлаши лозим. Ўзига озор берганларни маломатлагандан кўра шуниси яхшироқдир. Агар бирор насиба юзасидан мусибатга дучор бўлса, нафсини сабрга ўргатсин. Чунки ўз насибаси бировга ўтиб кетганини кўриш сабрдан ҳам оғирроқ ишдир. Ким куннинг иссиғига, ёмғир, қор, сафар машаққатларига сабр қила олмаган одамга тижорат билан шуғулланишнинг кераги йўқ. Бу ҳаммага маълум ҳақиқатдир. Ким бирор нарсани талаб қилиш учун садақа қилса, садақасининг миқдорича сабрини ҳам сарф қилган бўлади.

Ўнинчиси, банда сабр қилганида Аллоҳ у билан бирга эканига, Аллоҳ уни севишига ва ундан рози эканига гувоҳ бўлади. Аллоҳ ким билан бирга бўлса, уни ҳеч бир махлуқот тўхтата олмайдиган турли озорлар ва зарарли нарсалардан қўрийди.«Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва «шамоилингиз» (обрўйингиз) кетиб қолур. Сабр қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол, 46). «Қайси бир пайғамбар (ўтган бўлса), у билан бирга кўп жамоалар жанг қилганлар.
(Лекин) Аллоҳ йўлида уларга етган нарсалар сабабли сустлик, заифлик қилмаганлар, (ёвга) таслим ҳам бўлмаганлар. Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар» (Оли Имрон, 146).

Ўн биринчиси, банда сабр иймоннинг ярми эканига гувоҳ бўлади ва иймонининг ҳеч бир бўлагини нафсига ёрдам бериш учун ишлатмайди. Ким сабр қилса, иймонини қўриқлаган ва нуқсондан сақлаган бўлади. Аллоҳ иймон келтирганларни мудофаа қилади.

Ўн иккинчиси, банда сабрнинг нафс устидан ҳукм­рон экани ва нафсга қаҳр қилишга қодирлигига гувоҳ бўлади. Агар нафс мағлуб бўлса, қуллиги, асирлиги ва ҳалокатларга дучорлигини айтиб, бандани гуноҳга бошлай олмайди. Агар банда нафсга итоат қилса, унга қулоқ солса ва таслим бўлса, бандани ҳалокатга ёки Раббисининг раҳматидан маҳрум бўлишга чорлайди. Агар сабрда нафси ва шайтонни енгишдан бошқа мақсад бўлмаса, қалб султони юзага чиқади, аскарлари енгилмас бўлади ва шодон ва қувватли бўлади, душманлари ундан қочади.

Ўн учинчиси, банда Аллоҳ сабр қилгувчининг ёрдамчиси эканини тушуниб етади. Чунки Аллоҳ сабр қилган ва золимларни Ўзига топширганларнинг вакилидир. Ким нафси учун курашса, Аллоҳ уни ўз нафсига вакил қилиб қўяди ва у ўз нафсига ёрдам берувчига айланади. Аллоҳга ёрдам бергувчи – энг яхши ёрдам бергувчилар қаерда-ю, ўз нафсига ёрдам бергувчи – энг ожиз ва заиф ёрдам бергувчилар қаерда?!

Ўн тўртинчиси, золимнинг озорига сабр қилиш золимнинг зулмдан тийилиши, надомат чекиши ва узр сўраши ҳамда инсонларнинг маломатига қолишига сабаб бўлади. Шулар сабаб золим ўз озор берган кимсадан уяла бошлайди, қилган ишидан пушаймон бўлиб, мазлумнинг дўстига айланади. Қуйидаги оятда ҳам шулар назарда тутилган: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! (Шунда) баногоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур. Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур». (Фуссилат, 34–35).

Ўн бешинчиси, баъзан интиқом олиш хусуматнинг кучайишига, нафсининг қувватланишига ҳамда бировга зарар бериш йўлларини излайдиган фикрининг ривожланишига сабаб бўлади. Воқеликда бунга кўп мисол бор. Агар банда сабр қилса ва кечирса, бу зарарлардан омонда бўлади. Оқил одам зарарларнинг кичигини бартараф қилиш учун уларнинг каттасини танламайди. Эгаси ҳам бартараф эта олмайдиган ёмонликларга сабаб бўлган қанчадан-қанча интиқомлар бор!? Интиқом сабабли қанчадан-қанча жонлар, мол-мулклар, бошқарув ва давлатлар йўқ бўлиб кетган!? Агар мазлум афв этганида, бу каби кўнгилсизликларнинг олди олинган бўларди.

Ўн олтинчиси, ким интиқом олиш ва сабрсизликка одатланган бўлса, зулмга йўл қўйиши турган гап. Чунки нафс вожиб бўлган адолат миқдори билан кифояланиб қолмайди. Нафс амалда ҳам, иродада ҳам бунга рози бўлмайди. Гоҳида нафс ўз ҳаққини ундириш миқдори билан кифояланишдан ожиз бўлади. Чунки ғазаб инсонни ақлига сиғмайдиган нарсаларни гапиришга ва қилишгача олиб боради. Инсон мазлум ҳолатда бўлганида ёрдам ва азизликни хоҳлайди, золимга айланганч эса, ғазаб ва уқубат ҳақида ўйлайди.

Ўн еттинчиси, бандага етган зулм ва мусибат гуноҳининг каффорати бўлиши ёки даражасининг кўтарилишига сабабдир. Агар интиқом олса ва сабр­сиз бўлса, гуноҳи кечирилмайди ва даражаси ҳам кўтарилмайди.

Ўн саккизинчиси, банданинг кечиримли ва сабрли бўлиши хусуматчисига қарши энг кучли қуролидир. Чунки ким сабр ва афв қилса, унинг сабри ва афви душманининг хорланишига, мазлумдан ва инсонлардан қўрқишига сабаб бўлади. Чунки инсонлар гарчи мазлум жим турса-да, золим ҳақида ёмонликлари ҳақида сукут сақлай олмайдилар. Агар банда интиқом олса, юқоридаги фазилатларнинг барчаси йўқолади. Шунинг учун ҳам бировни сўкккан ёки унга озор берган одам унинг ҳам сўкишини ёки озор беришини хоҳлаб туради. Агар мазлум золимнинг таклифини қабул қилиб, ўз ҳаққини ундирса, золим роҳатланади ва елкасидан тоғ ағдарилгандек ҳис қилади ўзини.

Ўн тўққизинчиси, агар банда душманини афв этса, душмани унинг ўзидан кўра баландроқ мартабада эканини ва унинг ўзидан кўра кўпроқ манфаат олганини ҳис қилиб туради ва доим ўзини ундан бир поғона пастда деб билади. Шунинг ўзи афв қилишнинг нақадар фазилатли ва шарафли эканига кифоя қилади.

Йигирманчиси, агар банда кечирса ва афв қилса, бу у учун бир ҳасана – савоб бўлиб ёзилади. Бир савоб бошқасини пайдо қилади, у эса бошқасини ва ҳаказо. Банданинг савоблари доимий зиёдалашиб боради. Чунки яхшиликнинг савоби яхшиликдир, шунингдек, ёмонликнинг жазоси ёмонликдир. Баъзан бу ҳолат банданинг абадий нажот ва саодатда бўлишига сабаб бўлади. Агар интиқом олса ёки зулм қилса, булардан маҳрум бўлади.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби

 

[1] Рисоладаги Қуръони Каримдан олинган оятлар таржимаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансурнинг Қуръони Карим маънолар таржималаридан фойдаланилган.