Бир ҳовучгина дуоимиз
Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, жон фидо қилган, аммо даҳшатли зулмни енгиб, дунё аҳлини бу қора кучлардан халос қилган зотларнинг хизмати беқиёсдир. Бугун юртимизда истиқлол шамоли эсаётган экан, бунда Ватан озодлиги учун тер тўккан, қон тўккан аждодларимизнинг хизмати беқиёсдир. Бугун динимизнинг арконларини эмин-эркин адо этаётган эканмиз, уни қўлида чўғ ушлагандек асраб-авайлаб, бизга етказиб, қолдириб кетган устозларимиз, уламои киромларимиз, мўмин-мусулмонларимизнинг, мутасаддиларимизнинг хизмати беқиёсдир. Шунинг учун бугун уларни кўзда ёш билан, аммо қалбда сурур билан, фахр билан хотирлаймиз, улар қилган хизматларни фарзандларимизга сўзлаб берамиз, улардан ибрат олишга ундаймиз, Қуръон тиловат қилиб, ҳақларига мағфират сўраб, дуолар қиламиз.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики, қабрдаги маййит худди сувга чўкаётган, ёрдамга талпинаётган одамга ўхшар экан. Маййит дуонинг умидида бўлади. Бу дуо унга отасидан, онасидан, жигарларидан, дўст-ёрларидан боради. Маййит қабрда дуо илинжида ётар экан, кимдан бўлса ҳам, унга хайрли дуо етиб борса, бу дуо маййит учун дунё ва ундаги барча нарсалардан азиз, суюмли, яхши бўлади.
Эътибор берсак, ота-она, ака-укалар қаторида дўстлар ҳам санаб ўтиляпти. Нима учун дўстларга ҳам алоҳида эътибор берилган, чунки динимизда дўстлик, биродарлик риштаси ҳам қариндошлик риштаси каби муҳимдир. Баъзилар дўстликни ўйинчоқ билади, ҳазил билади. Дўст бўлса, моли учун, обрўси учун, яна бошқа нарсаси учун дўст бўлади. Лeкин ҳақиқий дўстлик моддий эмас, маънавий бўлади. Бундай ҳақиқий дўстлар бир-бирини фақат дунёда эмас, охиратда ҳам қўллаб-қувватлар экан. Вафот этиб кетган инсоннинг дўсти унинг ҳаққига дуо қилса, маййитга дунё ва ундаги ҳамма нарсадан азиз бўлади.
Дўстликнинг шарофати шу қадарки, ҳатто қиёмат куни, банданинг ҳисоби оғир бўлиб турган маҳалда дўст дўстни шафоат қилади, биродарлар. Бир одам кeчирилади, мағфират қилинади, жаннатга йўл олади. Шунда сўрайдилар: «Бу одам ким ўзи? Пайғамбарларданми?» Йўқ. Солиҳларданми? Шаҳидларданми? Йўқ. «Ундай бўлса уни ким шафоат қилди?» дeйишса, «Уни дўсти шафоат қилди», дейишар экан. Демак, агар дўст ҳақиқий, иймон йўлидаги дўст бўлса, ҳатто ана шу энг оғир кунда ҳам фойдаси, нафи тeгар экан.
Аллоҳ таоло тирикларнинг дуосини қабр аҳлига тоғлардек қилиб киритар экан. Биз ҳовучимизни очиб дуо қиляпмиз, лeкин шу бир ҳовучгина дуоимиз қабр аҳлига тоғлардек бўлиб кирар экан, руҳи шод бўлар экан.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби