Деҳқончиликнинг хусусияти
Деҳқончилик инсондан сабр-тоқат талаб қилади, чунки деҳқончилик ҳар йили бир хил бўлаверадиган касб эмас. Об-ҳаво ҳар хил келади, бир йил ундай, бир йил бундай. Баъзан қурғоқчилик бўлади, баъзида ёғин кўпайиб, тошқинлар бўлади, сел келади. Бир-икки йил ҳосил бўлмай, деҳқон зарарга кирса, учинчи йил баракали келиб, ўтган йилларнинг харажатлари ҳам қопланиб кетади. Кўриниб турибдики, бу касбда аввало инсоннинг таваккули, қолаверса, сабри синалади.
Деҳқончиликнинг яна бир алоҳида хусусияти шуки, бу ишда одамдан ўзига яраша билим ва тажрибадан ташқари жисмоний куч-қувват, хусусан, қўл меҳнати талаб қилинади. Деҳқончиликнинг ҳам ўзига яраша илми бор, бундай илм бўлмаса, деҳқончилик қилиб бўлмайди. Ерга кетмон уриб, уруғ ташлаган билан ҳосил пайдо бўлиб қолмайди. Ер танлашни, уруғ танлашни, суғоришни билиш керак, экинни парвариш қилиш, ишлов беришни билиш керак, ердан унумли фойдаланишни, алмашлаб экишни, бир экиндан бир йилда бир неча марта ҳосил олишни билиш керак – хуллас, ҳаммасининг ўз илми бор. Бироқ, анчагина қўл меҳнати ҳам талаб қилинади бу касбда. Афсуски, ерга, табиатга нотўғри муносабатда бўлиш оқибатида бугунги кунда ерларимиз жуда ориқлаб кетди. Айни пайтда ерга сунъий дори, ўғитлар бериш илми ривожланди.
Имом Ҳаким Термизий роҳимаҳуллоҳнинг машҳур асарлари бор. У зот бу асарда кўп йиллик кузатишлар, тажрибалар, илмий таҳлиллар асосида бу йил деҳқончилик яхши бўлади, бу йил ёмғир яхши бўлади, бу йил ёғингарчилик яхши бўлмайди деб кўпчиликка манфаатли кўрсатмалар берганлар. Ҳаким Термизий бу маълумотларни фол очиб топмаганлар, балки илм, тажриба эвазига аниқлаганлар. Инсоният бу билимларга йиллар давомида, асрлар давомида кузатиш, изланиш, тажриба тўплаш натижасида эга бўлган. Аждодларимиз қайси йили об-ҳаво қандай бўлган, шу йили ҳосил қандай бўлганига қараб, бошқа аломат ва белгиларга қараб, қайси йили иқлим шароити қандай бўлишини, йил қандай келса, об-ҳаво қандай бўлишини, қачон қаҳатчилик бўлишини, қачон қурғоқчилик бўлишини, қачон мўл-кўлчилик бўлишини тахмин қилганлар, шунга кўра фалон йили фалон мева экилса, ҳосили яхши бўлади деб айта олганлар.
Ҳаким Термизий каби уламоларимиз бундай билимларнинг барчасини китобларга жойлаб қўйишган, илмларни гуруҳ-гуруҳ қилиб, таснифлаб, тартиблаб беришган. Ҳозирги авлод фақат буни ўқиб-ўрганиши ва амалда татбиқ қилиши керак, холос. Бунинг она заминга, ватанга, ерга, тупроққа муҳаббат билан ёндашиш керак. Меҳнат билан, деҳқончилик билан ейилган нон ширин бўлади, самараси эгасига юқади, ҳисоб-китоби ҳам, жавобгарлиги ҳам осон бўлади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби