Кексаларни қадрлаш ва аждодлар хотираси хурмат

  Ўтганларни ёд этмоқ, борларни қадрига етмоқ биз фарзандларнинг бурчимиздир. Истиқлол туфайли миллий тикланиш даврида қария нуронийни қадрлаш ишлари олиб борилди. 2002 йил “Қарияларни қадрлаш йили” деб эълон қилинганлиги, 2015 йилни мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганлигини  ҳам савобли ва хайрли ишлардан бири деб қайд этиш ўринлидир.

Дарҳақиқат, ёши улуғ отахон-у онахонларни қадр этиш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, анъаналаримиз, яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган. биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтиришга қаратилгандир.

   Динимизда доимо инсонларни бир-бирига яхшилик қилишга буюради. Хусусан, гўдаклар, аёллар ва кексаларга янада кўпроқ эътибор қаратишга чақиради. Кексаларнинг борлиги улкан бахтдир. Уларнинг дуолари туфайли Аллоҳ бизларни турли офатлардан сақлайди. Пайғамбаримиз САВ шундай деганлар: “Агар ораларингизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганда эди, бошингизга балолар оқиб келарди.”

  Шундай экан бизлар фахрийлар ёшларга тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, бефарқ эмас – ҳамдард деб билишимиз ва бу миллий ғояларимизда яна ўз ифодасини топди.

  Улуғлик умримиз безагига айланади. Ёшингиз бир жойга борганда қилган меҳнатингиз қадр топиши катта бахт. Яратганга шукрки, имон-эътиқодли халқимиз. Меҳр-муҳаббат, оқибат ғурур ифтихор қалбимиздан жой олган энг эзгу туйғулар. Улар бизга маънавий рағбат, куч-қавват, руҳий камолот бахш этади. Аммо шу эзгу туйғуларимизни юзага чиқаролмай, эътиқодимизни, миллий-диний қадриятларимизни ва ўзлигимизни йўқотиб қўйган  даврларимиз ҳам кўп бўлган, фақат истиқлолгина эътиқод меҳварига йўл очди, эзгу-туйғуларимизга қанот бағишлайди.

  Доно халқимиз инсон ғанимат дейди. Дарҳақиқат биз учун ота-боболаримиз, фахрийларимизнинг ҳаёти ҳам ғанимат. Қариялар қадр топган юртда меҳр-оқибат, қут-барака, тинчлик-хотиржамлик бўлади.

   Маълумки, II-жаҳон уруши йилларида мамлакат бошига келган офатдан хеч бир ўлка, хеч шахар, вилоят хеч бир туман ва қишлоқ четда қолгани йўқ. Тўғри жанглар бевосита бизнинг ўлкада бўлгани йўқ. Аммо унинг жарохати етмаган хонадонлар бўлмаган. Ўша суронли йилларда биргина Тошкент вилоятининг ўзидан 200 мингдан зиёд мард  ўғлонлар қўлларига қурол олиб жангга кирган эдилар. Миллатимиз истиқлоли учун тарихда жонларини фидо қилган аждодларимиз, II-жаҳон уруши йилларида ва мустақиллимизни мустаҳкамлаш йўлида шахид кетганлар Аллоҳ рахматига олсин, уларнинг ёди халқимиз ёдидан ўчмайди.

 Пайғамбаримиз САВ: "Кимда-ким ўтган ота-боболарини, аждодларини эсламай, ҳақ­­­­ларига дуолар қилмай қўйса, Оллоҳ таоло унинг ҳаётини зиқлантириб қўяди", дейдилар. Яъни, ҳаётини, амалга ошираётган ишларини бе­ба­­­рака қилиб қўяди. Инсон боғ яратиш, қаб­рис­тон­лар ва тарихий қадамжоларни  обод этиш ор­қали ҳаётининг саранжом-саришта ўтишини таъ­минлайди ва  фарзандларини ҳам шундай савобли ишлар қилишга ўргатади. Бу каби эзгу амаллар фа­қатгина моддий эмас, балки улкан маънавий эҳтиёж ҳам бўлиб, унда эзгулик улуғланади, қад­рият ва анъаналар давом эттирилади.   

Халқимизда "Юртнинг ободлигини кўрмоқчи бўлсанг, бозорини, халқининг маънавиятини, диёнатини ҳақида билмоқчи бўлсанг, мозорини кўр” деган гап бор.

Аждодлари хотирасини ардоқлаб, уларнинг хоки қўйилган тупроқни азиз билган ва обод сақлаган эл - маънавияти юксак элдир. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз мозорларни ораста сақлашни ўтганларга ҳурмат ва виждон бурчи деб ҳисоблашган. Нафақат ўз яқинлари қўйилган қабристонларга, балки бошқа қабристонларга ҳам алоҳида ҳурмат билан эътибор қаратишган.

Амур Темур ҳақидаги  А.Навоийнинг "Насойим ул-муҳаббат"ида айтилишича, Соҳибқирон бирон-бир юртга юриш қилишдан аввал ўша манзилдаги қабристонлар, шайху авлиёларнинг мозорларини аниқлаб, лашкарга бу жойларни оёқ ости қилдирмаган. Фатҳ қилинган юртларда азиз-авлиёларга ҳурмати ва эътиқоди рамзи сифатида уларнинг қабрларига қайтадан муҳташам мақбаралар қурдириб, вақфлар ажратган.

  Барчаларимиз худудларимиздаги қабристонларга эътибор қаратиб, ўтганларимизнинг руҳониятларини шод этиш учун ҳашарлар уюштириб, ҳалқимизни маънавияти юксак эканлигини ёшларимизга ибрат тариқасида кўрсатадиган вақт келди. Ҳаммамизга мана шундай савобли ишларни амалга ошириш насиб этсин.

  Мустақил Ватанимизнинг кўрки ва баракаси бўлган барча соҳадаги табаррук ёшдаги фахрийларимизни 9-май “Хотира ва Қадрлаш” куни билан чин дилдан табриклаб, уларга мустахкам соғлиқ, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилаймиз.

 

Пискент туман бош имом-хатиб  Зайнилобиддинхон Қудратов