Ватан химояси
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ :« أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِلَيْلَةٍ أَفْضَلَ مِنْ لَيْلَةِ الْقَدْرِ حَارِسٌ حَرَسَ فِى أَرْضِ خَوْفٍ لَعَلَّهُ أَنْ لاَ يَرْجِعَ إِلَى أَهْلِهِ ».
“Лайлатул Қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?!
У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси”
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.
Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади, дейилади, қайсидир маънода бу сўз тўғри, аммо энг тўғрироғи Ватан бу энг аввало ота-боболарининг покиза хоклари ила шарафланган юртдир. Бўлмаса, хорижда туғилган ўзбеклар “Ватан!” дея Ўзбекистонга интилмас эдилар. Ота-онага, Ватанга бўлган муҳаббат фазилати фақатгина Одам болаларига берилган. Шундай экан, Ватан қадрига етмаслик, уни ардоқламаслик, энг аввало Худои таоло берган неъматларига ношукрлик, беписандлик ва одамий фазилатларидан чиқишликдир. Чунки чумолидан тортиб, филгача ўзи туғилган, емиш ейдиган жойини авайлайди, лозим бўлганида жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Қани, чўп олиб арининг уясини бузишга уриниб кўринг-чи? Ҳатто жонзотларда ҳам “Ватан” деган тушунча мавжуд. Бу тушунча эса улар ўз уяларини ҳимоя қилаётганларида гавдаланади.
Бобур Мирзонинг вафотлари яқин қолганда. Шундай васият қилдилар. “Мен вафот этганимдан кейин мени қабримни Ватанимга яқин бўлган бирор тоққа кўмиинглар, чунки Она юртимнинг шамоли ҳеч бўлмаганда қабримнинг устидан эсиб турсин ва яна иложи борича Андижондан бир сиқим тупроқ олиб келинг-да, қабрим узра сепинг, тоинки Ватаним тупроғи кўзимга тўтиё бўлсин”. Мана шу васиятга кўра у кишининг навераларидан бири Агра шаҳридан Қобул адирларининг бирига олиб келиб кўмади.
Ватан тараққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳаракатдир, бу ҳаракатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Яъни ҳар бир инсон ўзининг юртидан чиққан маҳсулотни сотиб олишлиги, мамлакат ривожи учун бир заррадек кўринсада, бироқ ана ўша зарралардан тараққиёт бошланади. “Ватанни севиш иймондандир” деган ҳикматли сўз нақадар тўғри эканлигини бу воқеа бизларга яққол намоён қилди. Ватанга меҳр иймондан, иймонсиз одам Ватанини сева олмайди.