Йўлнинг ҳам ҳаққи бор
Турмушимизда одоб-ахлоқ, маданиятга эътибор бериш лозим бўлган кўз илғамас жабҳалар бисёр. Хусусан, Ислом динида буюрилган муҳим масалалардан бири йўл ҳақини адо этиш ва унинг одобларига риоя қилишдир.
Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўлларда ўтиришдан сақланинглар!” дедилар. Шунда “Бизнинг йўлда ўтиришдан бошқа иложимиз йўқ, чунки гаплашадиган мажлисларимиз йўлларда бўлади”, дейишди. У зот: “Агар йўлда ўтиришдан бошқага кўнмасангиз, у ҳолда йўлнинг ҳақини адо этинглар”, дедилар. Улар: “Йўлнинг ҳақи нима?” деб сўрашди. У зот: “Йўлнинг ҳақи кўзни тийиш, озор етказишдан тийилиш, саломга алик олиш, маъруф ишларга буюриш ва мункар ишлардан қайтариш”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳаммамиз кўча-кўйда юрамиз. Демак, йўлнинг ҳақини адо этишга ҳар биримиз бурчлимиз. Бир қарашда арзимасдек туюлган, йўлда ётган шох-шаббани олиб ташлашдан тортиб, рўпара келган инсонга салом бериш, яхши муомала қилиш ҳам вазифамиздир. Катта шаҳарда яшайдими ё чекка қишлоқдами, хизмат вазифасию амалидан қатъи назар, мўмин инсон бировга зарари тегадиган, ҳаракатга ҳалал берадиган нарсаларни бартараф этиб, кўчаларни озода сақлашга ҳисса қўшиши даркор. Адашиб қолганларга манзилни кўрсатиши, оғир юк кўтарган ё бошқа бирор кўмакка муҳтож кишига дуч келганда ёрдамини аямаслиги муҳим. Кўча-кўйда суҳбатдош бўлганларни дунё ва охират учун фойдали ишларга чақириши лозимдир. Йўл юрганда, кўчада турганда атрофга, ўтган-кетганларга олазарак бўлиб боқиш, бегона хонадонлар эшигидан мўралаш хунук одатлардан ҳисобланади. Авто уловларда, кўпчилик йиғиладиган жамоат транспортларида юрганда хушмуомала бўлиш, ўзаро ҳурматни сақлашга айниқса катта аҳамият бермоқ керак. Йўлкира тўлаш, ҳаракат қоидаларига амал қилиш ҳам йўл ҳақини адо этишнинг бир кўринишидир.
Айрим ҳолатларда йўл четига ўтириб олган бир гуруҳ эркаклар, йигитларга кўзимиз тушади. Бу йиғилишлар зарурат юзасидан бўлса, унда яхшиликка ундовчи мавзулар кўтарилса, жоиздир. Аммо бекорчи гурунглар кони зарар. Бир томондан вақт бесамар кетади, иккинчидан бундай суҳбатлар ғийбат, сафсатага айланиши эҳтимоли катта. Яна бир нозик жиҳати, бундай ҳолат шу йўлдан ўтадиган қиз-аёлларга ноқулайлик туғдириши табиий.
Ислом дини инсонни дунё ва охират, яшаб турган жамияти учун зарарли барча хатти-ҳаракатлардан қайтаради. Мўмин Аллоҳнинг каломи, суннати мутоҳҳара ва улуғлар ўгитларига холислик билан амал қилса, ўзи ва атрофидагиларга фойда келтирган бўлади. Аллоҳ барчамизнинг гўзал хулққа эга бўлишимизни насиб этсин.
Андижон вилояти Мархамат тумани
“Ўқчи” жомеъ масжиди имом-хатиби Қ. Минхожиддинов