Орзу ва ҳаёллар билан келажакка юзланиш

Келажакка умидсизлик ва тушкунлик билан боқиш қанчалик салбий ҳол бўлса, келажакка ҳеч қандай илм ё амалсиз – режасиз, ёлғиз орзулар-у бўшдан-бўш хаёллар билан боқиш ҳам шунчалик салбий хаётдир. Каъб ибн Зуҳайр айтганидек:

“Ёлғиз орзу ҳаёллар фақат адашишликдир!”... Бир одам аллома Ибн Сиринга келиб: «Мен тушимда сувсиз сузиб юрган ва ҳавода қанотсиз учаётган эмишман, бунинг таъбири нима?” деб сўради.

У киши: «Сен орзу ва хаёллари кўп одам экансан!» дедилар.

Али ибн Абу Толиб (р.а.) ўғлига: «Сен орзуларга таяниб (ишониб) қолишдан эҳтиёт бўлгин, чунки у ахмоқлик бўлакларидир», дедилар. Қуръони карим аҳли китоб бўлган яҳудий, насроний динидаги кишиларни жаннатга киришга тааллуқли бўлган, жаннатга киришга лозим қиладиган иймон ва амал сабабларисиз қилаётган орзуларини инкор этгани ҳеч ажабланарли эмас. Аллоҳ таоло: «Улар: “Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад,) Айтинг: «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжатларингизни келтирингиз! Йўқ, ким чиройли амаллар қилган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, унинг учун Парвардигори ҳузурида ажр бор ва улар учун хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин ҳам бўлмайдилар», (Бақара, 111-112) деган.

Қуръони карим аҳли китобларнинг фақат ўзларини инкор этиб қўймай, балки уларга тақлид қилиб, ўзларини Ислом дини билан номлаш ёки унга ўзларини нисбатлаш билан Аллоҳ ҳузуридаги азобдан бизларни қутқаради деб юрган мусулмон кимсаларни ҳам уларга шерик қилди: «(Эй мусулмонлар,) Сизларнинг хом хаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хом хаёллари ҳам “ ҳақ” эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на дўст ва на бир мададкор топар. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас» (Нисо, 123-124).

Қуръон хом хаёлларга таяниб қолишни инкор қилади, аммо умидни инкор қилмайди. Бу икки ишнинг ўртасидаги фарқ: амалга яқин бўлгани умид, амали бўлмаса, хаёлдир. Шунинг учун Пайғамбар саллоллоху алайҳи вассаллам ҳадислари ожизликдан, аҳмоқликдан киши ҳавою нафсига эргашиб, шаҳвоний истакларининг орқасидан кетишини Аллоҳнинг афвига, мағфиратига ва раҳматининг кенглигига таяниш деб эътибор қаратди. Аллоҳнинг каломига кўра: «Зеро, Аллоҳнинг раҳмати чиройли амал қилувчиларга яқиндир» (Аъроф, 56); «Ва раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Мен уни (раҳматимни) тақво қиладиган, закотни берадиган зотларга ва Бизнинг оятларимизга иймон келтиргувчи бўлган кишиларга ёзурман» (Аъроф, 156). Бу хусусда ҳадисда: «Чаққон киши нафсини жиловлаб, ўлимдан кейинги ҳаёт учун ишлаб қўйган, ожиз (киши) ҳавою нафсига эргашиб, орзу-хаёлларини Аллоҳга ташлаб қўйган кишидир», дейилган.

Аллоҳ таоло Қуръонда умидни ҳурматлаб, умидли кишини мақтайди. Буни биз Аллоҳнинг сўзи мисолида кўрамиз: «Албатта, иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар - ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфиратли, Раҳмлидир» (Бақара, 218). Бу мавзуда баъзи солиҳ кишилар айтадилар: “Амалсиз жаннатни талаб қилиш гуноҳлардан бир гуноҳ, суннатга эргашмай туриб шафоатдан умидвор бўлиш ғурурнинг бир кўриниши ва қилинган гуноҳлар билан Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш жаҳолат ва аҳмоқликдир”. Ҳасан ал-Басрий айтадилар: “Бир қавмни Аллоҳнинг мағфиратидаги орзу-хаёллари алдаб қўйиб, ҳатто бирор яхшилик қилмай дунёдан ўтиб кетдилар. Улардан бири: “Мен Роббимга чиройли гумонда бўламан!» дейди ва бу гапи билан ёлғон гапиради. Агар гумонини чиройли қилганида эди, амалини ҳам Аллоҳга чиройли қилур эди”. Шуни айтиб охирида Аллоҳнинг каломини ўқидилар: «... мана шу гумонларингиз сизларни ҳалок қилди. Бас, сизлар зиёнкор кимсаларга айланиб қолдинглар» (Фуссилат, 23).

У киши яна: «Эй инсонлар, хом хаёлллардан сақланинг, чунки у аҳмоқлик водийи бўлиб, сизлар унга тушиб кетасиз. Аллоҳнинг номига қасамки, Аллоҳ кимсага ҳаёл туфайли на бу дунёда ва на у дунёда бирор яхшилик бермаган”, дер эдилар. 3. Ҳозирни севувчилар Яна бир тоифа одамлар борки, улар на ўтмишга, на келажакка қарадилар. Улар яшаётган кунлари ичида ва шу кунлари учун яшайдилар. Ўтмиш йўқ бўлиб кетди, нима йўқ бўлган бўлса, у ўлган, ва нима ўлган бўлса, у билан машғул бўлиш ёки у ҳақида фикр юритишниг кераги йўқ. Келажак, уларга кўра ғайбдир, ғайб эса номаълум нарса. Мавжуд инсон ҳали мавжуд бўлмаган нарса билан алоқадар бўлиши керак эмас. Акс ҳолда қум устига бино қуриш ва ё ҳавога ёзишдек бемаъни ишдир. Уларнинг бугунги кунлари билан ўралашиб қолишлари кечаларидан фойдаланишдан алдаб қўйганидек эрталарига назар солишдан ҳам алдаб қўйди. Улар фақат ҳозирларининг ва бугунги кунларининггина фарзандларидирлар. Улар охират билан қизиқмайдилар, чунки охират келажакдир, ваҳоланки, улар нақдни насияга, тез келувчини сўнг келувчига сотмайдилар ва ўзларини маданий мерос ва тарих билан ҳам машғул этмайдилар, чунки тарих тугаб кетган ўтмишдир. “Бугунги кунларининг фарзандлари” деган сўзни маъноси — улар фақатгина ҳозирги келувчи лаҳзаларигагина қизиқиб, у ҳақда ўйлайдилар, уни сиқиб - симириб сўрадилар ва у билан роҳатланадилар. Эрта ҳақида ўйлаб ёки кечаларини эслаб ўзларининг кайфиятларини бузмайдилар. Бундай йўлда борувчиларини араб шоирининг сўзи билан мисол қилинади: “Нимаики кечмишса, у йўқ бўлди ва орзу қилинган нарса номаълумдир. Ва сен унинг ичида яшаб турган вақтгина сеникидир”. Бу сўзни тўғри йўлдаги мўминлар ҳам, анализчи моддапарастлар ҳам айтиши мумкин. Модам инсон учун фақат ўзи булиб турган вақт бор экан, унда нима учун уни зое кетказади? Нима учун Аллоҳ тоатида, ҳақ ишига ёрдам бериб, эзгу ишларни қилиб ва яхшиликларни ёйиш билан вақтини жиловлаб олмаяпти?


Мархамат тумани фаолиятидаги
«Бозор Боши» жомеъ масжиди имом-хатиби: О. Расулов