Тенгсиз неъмат
“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз. Албатта Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида, 2 оят)
Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик, тинчлик ва осойишталик йўлида бир бўлишга буюрар экан, албатта бу кўрсатмага амал қилиб яшаган бандаларини доимо тинчлик ва осойишталик билан сийлаган.
Тинчлик халқларнинг энг эзгу орзуи. Яратгандан сўраган энг керакли тилагидир. Лекин бир нарсани унутмаслик керак: кўриб турибмиз, дунёнинг ҳамма ерига ҳам бу улуғ неъмат бирдек насиб этмаган. Демак, бу неъматнинг шукрини қилишимиз, қадрига етишимиз зарур. Шу билан бирга, атрофимизда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш”, “Виждон эркинлигини таъминлаш”, “Оммавий маданият” каби сиртидан чиройли кўринган сўзлар билан халқимиз, ёшларимиз онгига тескари таъсир ўтказишга уринаётган кучлар ҳам бор. Улар бизларни миллий қадриятларимиздан узиб, ўзларининг бузуқ ўзанларига солиб олмоқчи бўлаётганларини бир зум эсдан чиқармаслигимиз керак.
Бугун замон воқеликка очиқ кўз ва теран мушоҳада билан қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда кузатилаётган маънавий таҳдид – хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Пайғамбаримиз ﷺ “Икки неъмат бор, у ҳақда кишиларнинг кўпи зиён топиб, бебаҳра қолишади: сиҳат-саломатлик ва бўш вақт”, деб марҳамат қилганлар.
Халқимиз “Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади”, дейди. Албатта, бу сўзларнинг исботини тартибсизликлар рўй бераётган давлатлар мисолида кўриб турибмиз. Уруш, жанжал, низолар одамлар тинчлигини бузиш билан бирга мамлакат иқтисодиётининг ўн йиллаб орқага кетишига сабаб бўлади. Уруш бой жойда тараққиёт, ривожланиш тўхтайди.
Динимиз бир-биримиз билан учрашганда олдин салом беришга тарғиб қилади. “Ассалому алайкум” – тинчлик ва яхшилик тилаш ифодасидир. Ҳар бир мўъмин-мусулмон бир-бири билан учрашганда қалбга меҳр-муҳаббат солувчи, тинчлик-омонлик тилаги бўлган шу сўзларни айтиб саломлашади. Қаерда бўлмасин дуо қилса, олдин, юртимиз тинч бўлсин, дейди. Демак, халқимизнинг тили ва дилидаги эзгу тилаги бўлган тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳа ходимларинигина вазифаси эмас, бу йўлда барчамиз, бутун хақимиз янада жипс бўлиб, ҳамжихатликда харакат қилсак яхши натижаларга эришамиз, иншааллоҳ.
Андижон шахар “Ғиштли” жомеъ масжиди имом хатиби: Раҳмонберди Собиров
Андижон шахар “Эски Гумбаз” жомеъ масжиди имом хатиби: Рахмиддин Хамдамов