Ғийбат ёмон иллат

«Ғийбат» нинг  луғатий маъноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир. Аллоҳ таолло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбат   қилишликдан қайтарган ва бу тўғрисида Қуръони каримнинг бир неча ояти карималар баён этилган.

Шу ояти карималаридан бирида Аллоҳ таолло:
« Баъзиларингиз  баъзиларингизни  ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми ? Ҳа , ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ Таввобдир. Раҳиймдир », деб келтирган (« Ҳужурот » сураси, 12-оят ).
Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини  Пайғамбаримиз Расулуллоҳ ҳам кўплаб ҳадисларда таъкидлаб ўтганлар. Аллоҳ таолло  юқорида келтириб ўтган ояти карималарида бировни ғийбат қилишни ўша ғийбат қилинган шахсни ўлганидан сўнг унинг гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида:
«Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусилмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда бўлган ҳолатда чиқаради»,деганлар.
Аллоҳ таоло ғийбатчиларни бу дунёда хам, оҳиратда хам жазосиз қўймайди.
Шундай экан мўмин-мусулмонлар ғийбатдан сақланибгина қолмай балки бошқа ғийбатчиларни инсофга чақириб ғийбатга йўл қўймасликлари жудаям яхши бўлар эди. Имом Аҳмад ривоят қилган гўзал ҳадислардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом:
Кимки бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради », деганлар. Ғийбатчилик шунчалар ёмон нарса эканки, агар у денгизга аралаштирилса, денгизнинг суви қорайиб сасиб кетар экан.
Бир одам ҳақида ғийбатдан сақланиш эса бу дунёдаги жудаям кўп бойликларига етишганидан кўра яхшироқ экан.
Яна бир қанча ҳадисларда келтиришича:
«Ким бир мусулмон киши (ни ғийбат қилиш) туфайли бирор нарса еса, албатта, Аллоҳ уни жаҳаннамдан ўшанча едиради.
«Ким бир мусулмон киши (ни ғийбат қилиш) туфайли бирор нарса кийса, албатта, Аллоҳ унга жаҳаннамдан ўшанча нарса кийдиради.
«Ким бир киши учун сумъа ва риё қилса, албатта, Аллоҳ уни қиёмат куни сумъаси ва риёси учун шарманда қилади »
.дейилган.

Келинг азизлар бизлар хам бу иллатдан  йироқроқ бўлайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни бундай иллатлардан ўзи асрасин.

Хўжаобод туман “Еттичинор”ва “Мустахкам” масжиди имом хатиблари: М. Қосимов, С. Арипов