Сабр хотиржам хаёт зиёсидур
Сабр-тоқатли бўлиш, ҳаёт ва унинг азалий низомига мувофиқ келувчи хислатдир. Инсон учун бу дунё турли ҳил синовидан ўтиш осон эмас, у ҳаёт қийинчиликлари ва машаққатларига сабр-тоқат қилиши лозимки, бу билан у Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саламдан сўралди: "Қандай кишилар оғир синовларга дуч келади?" У зот: " Пайғамбарлар, сўнг энг яқинлари, сўнгра яқинлари ва ҳоказо ва ҳоказо... ", Шундан билиш мумкинки, ҳар бир инсон имон ва диёнати даражасига қараб синалади. Кимнинг диёнати кучли бўлса, синови ҳам шунга яраша оғирроқ бўлади, Кимнинг дини заиф бўлса, синови ҳам шунга яраша заиф бўлади. Ер юзида ризқ-насибасини териб юрган банда борки, бундай синовга дуч бўлиши муқаррар. Баъзан у гуноҳ ва хатоликка йўл қўйиб, кейин ўзини ислоҳ қилиш йўлини тутади.
Ундаги ҳар бир саъй-ҳаракат, муваффақият, муаммо-ю, ташвишларнинг катта-кичиклиги сабр-бардош ва тоқатига қараб амалга ошади.
Ҳар қандай ҳолатга олдиндан тайёр туришни ўзига одат қилиб олган бир америкалик машҳур саркарда "Худодан юкингни енгил қилишни эмас, кучингга куч қўшишини сўра", деган экан.
Бинобарин, масъулиятни ҳис этмаслик ва ўзини ундан холи деб билиш кўпинча ёш болаларга хос хусусият, десак муболаға бўлмайди. Аксинча, турмушнинг ғам-ташвишини ҳис этиш, масъулиятни сезиш, курашувчан, доимий саъй-ҳаракатда бўлиш ҳаётда яратувчи ва интилувчи кишиларга хос одатдир.
Уйида жим ўтирган одам йўлнинг машаққат-азоби, чанг-тўзонларини ҳис этмайди. Жангдан қочиб қолган аскарни ўқ орқасидан тақиб этмаслиги аниқроқ ва у бостириб келаётган қўшин даҳшати нима эканлигини тушунмайди. Аммо ҳаёт майдонида жавлон уриб, унинг ташвиши билан яшаганлар, ҳаёт сўқмоғи чанг-ғуборига дуч келиши, қоқилиб тушиши, унинг машаққати ва чарчоқларига дучор бўлишлари мумкин.
Шунинг учун ислом ҳаёт синовларига учраганларни ҳурмат қилиш, уларнинг ғам-андуҳларини енгиллатиш, хотиржам бўлишлари учун тасалли ва таскин бериш йўлини тутишга буюради.
"Мўмин киши худди яшил майса каби то қуриб тамом бўлгунча шамол уни гох, у томон, гоҳ бу томонга букади, кофир то ажратиб олмагунча бошоқ ичида ёпишиб ётган курмак каби унга ҳеч нарса таъсир қилмайди" (Имом Муслим ривояти).
Ҳаёт машаққат ва синовида юрган мўмин киши ҳаётнинг ҳар хил ҳолат-кайфиятига нишон бўлиб, бироқ ундан ўзини четга олган киши тинчроқ яшаб ўтади. Бу бизга Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саламнинг қуйидаги ҳадисларини тушунишга ёрдам беради: "Аллоҳ кимга яҳшиликни раво кўрса, уни синайди". Яна бир сўзларида “Қачонки, Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни синайди. Ким рози бўлса, розилик кўрада, ким норози бўлса, норозилик топади" (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло "Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллоҳ сизнинг азобланишингизни нима қилади?" — деб марҳамат этади («Нисо», 147).
Ваҳоланки, ислом бало аҳли ва ташвиш соҳибларини босиқ ва вазмин бўлишликларини мақтайди. Ислом уларга чекаётган дардлари, дуч келаётган қийинчиликларини зикр қилар экан, бу имтиҳонга тааллуқли эканлигини таъкидлайди.
Бу имтиҳондан дод-фарёд, норозилик билан эмас, тан беришлик ва тоқат-чидам билан ўтиш лозимлигини уқтириш учун мазкур азоб-уқибатларни билдиради. "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саламдан ворид бўладики, у зот бир касал аёлни кўриш учун олдига кирдилар ва упк касалликни лаънатлаётган ва иситмани қарғаётган ҳолда кўрдилар. Унинг бу амали у зот саллоллоҳу алайҳи ва саламга ёқмади ва унга тасалли мақсадида дедилар: "У, яъни иситма, одам боласининг хатоларини олов темирнинг зангини кеткизгани каби кеткизади", дедилар (Имом Муслим ривояти).
Бундай касаллик иллатини кўпайтириб, яхши кўрган кишиларимизга юқтиришимиз керак, деган маъно чиқадими? Баъзи одамлар гапни шунақа тушунишни хохлайди. Аҳмоқнинг бир қилиғи ортиқча дегани шу бўлса керак.
Инсон учун бу дунё синовидан ўтиш осон эмас, у ҳаёт қийинчиликлари ва машаққатларига сабр-тоқат қилиши лозимки, бу билан у Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилади.
Мусулмон киши мусибат ва азиятлар кетма-кет дучор бўлишлигини унга нисбатан Аллоҳнинг ғазаби ёки унутганлиги ифодаси деб қараш ғирт аҳмоқликдир.
Афсуски, бундай тушунчада булиш, тушкунлик кайфияти ва ўзлигини унутиш кўпгина мусулмонларни ҳақиқий йўлдан адаштириб, имон-эътиқодга путур етказади. Имон-эътиқод соҳиби яхшилик ва ёмонлик ҳар доим алмашиб туради ва бир-бири билан ёнма-ён юради, деган ақидада бўлиши керак.
Аллох, таоло бизларга оламни олти кун ичида халқ қилганини хабар беради. Кўз очиб юмгунча ёки бундан ҳам тезроқ вақтда яратишга у ожиз эмас. Бирин-кетик ўтаётган соат ва кеча-кундузнинг алмашиниб туриши аслида инсонлар умрини ташкил этади. Бу умр ичида уларнинг ҳол ва амаллари намоён бўлади, Бу вақт давомида уларнинг феъл-атвор ва табиатлари пишиб етилади. Сўнг улар яхши амаллари билан Яратувчилари ҳузурига равона бўлишади.
"(Яна) айтинг: "Раббим адолатли бўлишга буюрган. Ҳар бир масжид (намоз) олдидан юзларингиз (дилларингиз)ни тўғри қилинг! Унга (Аллоҳга) динни холис қилган ҳолларингизда дуо қилингиз. Сизларни (аввалбошда ярата) бошлаганидек, (Қиёматда мангу ҳаётга) қайтурсизлар. Бир гуруҳни ҳидоятга йўллади, (бошқа) бир гуруҳи, эса залолат (битилгани) ҳақ бўлиб чиқди. Зеро, улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни дўст қилиб олиб, уларни тўғри йўл топганлар деб ўйлайдилар" (Аъроф, 29 —30).
Борлиқ ҳаракат ва тинчликдан таркиб топган. Агар унинг маромига қараб, баробар ҳаракат қилмасак, шошқалоқлик оловида куямиз. Пайғамбаримиз шошқалоқлик шайтондандир, дея бежиз айтмаганлар. Шу билан бирга, ўлчов-тартиб асосида ҳаракатланувчи дунё табиатидан ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз.
Мухаммадсоли ИМИНОВ
Марҳамат тумани фаолиятидаги
“Полвонтош” жоме масжиди имом-хатиби