Aллоҳнинг синовларига сабр қилган Юсуф алайҳиссалом қиссаси

Имон-эътиқод соҳиби яхшилик ва ёмонлик ҳар доим алмашиб туради ва бир-бири билан ёнма-ён юради, деган ақидада бўлиши керак.
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салам Юсуф (а.с.) хусусида “Солиҳ зотнинг  ўғли, солиҳ зотнинг набираси, солиҳ зотнинг эвараси, Иброҳимнинг ўғли Исҳоқ, Исҳоқнинг ўғли Яъқуб, Яъқубнинг ўғли Юсуфдир”, дедилар.

Ҳа, ўша пайғамбарлар хонадонида тарбия топган, кўҳна шажара-зурриёти, Аллоҳ томонидан танлаб олинган ва рисолат берилган Юсуф.
Юсуф алайҳиссаломнинг бошидан кечирган ҳаётига бир назар ташлайлик. Болалик чоғларида оналаридан айрилди. Оға-инилари фитна уюштириб, оталари бағридан саҳродаги бир қудуққа ташладилар. Қудуқ ёнидан ўтган карвон олиб кетиб, қул бозорида арзимаган пулга сотилди. Миср азизи қасридан энди бошпана топган Юсуф (а.с.) янги синовлар кутиб турганини қаердан билсин? Ўзлари иффатли, покдомон бўла туриб, бузғунчилик ва ношукрликда айбландилар, Бегуноҳ ва маъсум экани маълум бўлганидан кейин ҳам айрим нокасларнинг истак-хоҳишига кўра, бир неча йиллар зиндонга ташланадилар. Юсуф (а.с,) дан бошқа киши бўлганида ўз ўтмиши ва такдирига назар солиб, алам-уқубатлар гирдобида кечаётган ҳаётини кўрганда, балки унинг кўзига замин тор, ёрур дунё қоронғи бўлиб кўринар эди. Ростгўй Юсуф (а.с.) эса, зиндонда ётган бўлишларига қарамай, ёнларидаги ҳамроҳларига Аллоҳнинг фазлини эслатиб, албатта адолат қарор топиши ва Аллоҳ бунга қодирлигига ишонтиради.
“Эй, икки ҳамзиндорларим! Турли-туман “илоҳлар” яхшими ёки ягона ва ғолиб Аллоҳми? Сизлар Уни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар (бут-санамлар) гагина сиғиняпсиз. Уларга Аллоҳ бирор ҳужжат туширмаган бўлса?! (Ибодат ва дин тўғрисидаги) хукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир. (У) Ўзидан бошқага сиғинмасликка буюрган. Тўғри дин мана шу! Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар” ("Юсуф", 39 - 40).
    Мана бу ҳақиқий ва чинакам инсон тилидан айтилган сўздир. Улар молу-дунёларини йўқотсалар ҳам, дину-диёнат, ишонч-эътиқодини сақлаб қолишни ўйлайдилар, бошларига кулфат тушса, ўзларини йўқотиб, довдираб қолмайдилар
Бу дунё мартаба ва даражасига интилиб, лекин уни қўлга кирита олмаган бир шоир ўзини оқлаб ва мақтаб шундай деди;
фозил инсонлар бу замон учун нишондирлар,
Беташвиш дарди йўқлар фатонатдан холидирлар,
Анбиё, сиддиқ ва шаҳидларнинг ҳаётлари улар елкасига олган масъулият ва юкнинг оғирлиги ва улуғлиги билан боғлиқ.
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саламдан ворид бўладики, “Бир бандага Аллоҳ томонидан бир мақом-мартаба ирода қилинса-ю, банда унга амали билан етиша олмаса, Аллоҳ, унга соғлиги, моли ёки фарзандига синов беради. Банда бу синовга сабр қилса, Аллоҳ таоло илгари ирода қилган ўша мартабага уни етказади” (Имом Аҳмад ривояти).
Инсон ҳаётида қийинчилик ва машаққатнинг кўпайиши у қўлга киритиши мумкин бўлган солиҳ амал ва яхшиликларга йўл очиб беради. Лекин инсон буни англамайди. Кўпинча чекилган ғам-андуҳлар тақдир томонидан мўминлар учун юборилган покловчи омил вазифасини ўтайди. Бу нарса уларнинг бу дунё матоларига алданиб ёки унга суяниб қолмасликлари учун ақл-шуурига етган хабар ва огоҳлантиришга ҳам ўхшайди, Қанча зарарнинг орқасида фойда, қанча қийинчиликларнинг ортида мукофот ва раҳматлар турганлигини ўйлаб кўрмайди.
Сабр-тоқатли бўлиш, ҳаёт ва унинг азалий низомига мувофиқ келувчи хислатдир. Барчаларимизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзини синов имтиҳонларига сабри тоқат қилишга азму шижоат ато айласин.

Абубакир СУЛАЙМОНОВ
Марҳамат тумани фаолиятидаги
“Марҳамат” жомеъ масжиди имом-хатиби