Ҳалимлик зийнатдир
Кечиримли, камтарин, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда, мўминнинг айбини беркитиш, обрўсини сақлаш, ҳатто жониворларга раҳм – шафқат қилиш мақталган хислатлардан. Ҳадисда: “Обрўли кишиларингизнинг камчиликларини кечиринглар” дейилган. Албатта, айбсиз Парвардигорнинг Ўзидир.
Банда ҳар қанча етук, улуғ бўлмасин, баъзида хато ҳам қилади. Айрим ғарб мамлакатларида урф бўлганидек, минглаб яхши ишлар қилган одам бир марта адашса, шу айбини элга ёйиб, жар солиш ярамас одатдир.
Анас ибн Моликдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин): “Ҳарқ (йиртиқ, тешик, эски) ҳар бир нарсада бўлса, албатта уни айбли қилади. Албатта, Аллоҳ ҳалимдир, ҳалимликни яхши кўради”, дейдилар”.
Ҳалимлик дейилганида асосан хушмуомалалик ҳар бир ишни гўзал ва осон йўл биланамалга ошириш тушинилади. Яъни, қўполлик хам қилмайди, ўта зиф ҳолга ҳам тушмайди. Имом Шофиъий (Аллоҳнинг рахмати бўлсин): “Баъзи пайтда ўзини билмасликка олиш ҳам оқил инсоннинг иши”, деганлар.
Ойша онамиз (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) бундай дейдилар: “Эй Ойша, мулойим бўл. Шубҳасиз, мулойимлик хар нарсада бўлса, уни зийнатлайди ва у нимадан суғуруб олинса, айбли қилади” (Абу Довуд, Имом Муслим).
Баъзида мискин, бечораларни менсимайдиган димоғдор кимсаларнинг қўрс муомаласидан кўнглимиз ранжиди. Аммо содда, камтарин, қўлидан келса. Яхшилик қиладиган, қурби етмаса, бошқаларга зарари тегмайдиган инсонлар ҳам орамизда кўп. Ҳазрат Алишер Навоий байтларидан бирида: “Кимки, кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, деб ёзади. Шоир бу ўринда бир бечорани хурсанд қилишнинг савоби нечоғли улуғ эканини баён этмоқда.
Ибн Убайддан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: Отам менга гапириб берди: “Мен Ойша (Аллоҳ ундан рози бўлсин) олдига кирмоқчи эдим, онамиз: Тўхтаб тур! Мен кўйлагимни ямаб олай”, дедилар. Кутиб турдим. Кейин: Эй мўминларнинг онаси! Агар мен ташқарига чиқиб, бу воқеа ҳақида одамларга айтсам, улар сизни баҳил деб ўйлашади”, дедим. У зот: “Билиб қўй, ким эскини киймас экан, янгисини ҳам кия олмайди”, дедилар”.
Инсоннинг мулойим, камтар бўлиши гўзал фазилат, қўполлик, дағаллик, манманлик эса катта айбдир. Демак, яхши ишларга шошилганимиз каби гўзал хулқли, чиройли муомалали, камтар ва ҳалим инсон бўлишга ҳаракат қилишимиз керак.
Шахрихон туманидаги “Яккатут” масжиди имом - хатиби: Мухаммаджон Умаров