Тил офатидан сақланинг
Мусулмон кишининг гўзал ахлоқларидан бири бу беҳуда-бекорчи сўзлардан тилни тийишдир. Буни ҳадиси шарифда Сарвари коинот Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مِنْ حُسْنِ إِسْلاَمِ الْمَرْءِ تَرْكُهُ مَا لاَ يَعْنِيهِ ».
“Ўзига кераксиз нарсани тарк қилиш, киши Исломининг гўзаллигидандир”
Яъни беҳуда нарсаларни, яъни у хоҳ сўз бўлсин, хоҳ у амал бўлсин мусулмон киши ўша нарсани қилмаслиги бу ахлоқининг гўзаллигидан далолат қилади. Ислом динини ҳақиқатини англаган бўлади.
Мусулмон киши оғзидан ортиқча бекорчи сўз чиқармасин. Динига фойдали гапларнигина гапириши, бирон фикр айтишдан аввал унинг оқибатини ўйлаши, фойда-зарарини мулоҳаза қилиши лозим. Агар бефойда бўлса, ундай сўздан ўзини тийиши, агарда фойдали бўлса ҳам мабодо шу сўзни айтса, ундан кўра фойдалироғи қолиб кетмасмикин, деб тафаккур қилиши ва у сўзни зое кетказмаслиги керак. Дилдаги нарсани тилнинг ҳаракатидан билиб олиш мумкин, чунки соҳиби хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам, тил қалбдаги асрорлардан хабар беради. Яҳё ибн Маоз айтадилар: “Қалблар ҳам қозон каби ичидаги бор нарса билан қайнаб туради, тиллар эса, унинг чўмичидир. Бирон киши гапираётганида унга назар солиб тургин, чунки унинг тили қалбида бор нарсани олиб чиқади. Хуллас, дилнинг таъмини баён қилади”. Яъни, тил чўмичи билан қозондаги таом мазаси билингани каби, инсоннинг қалбидаги нарсани гапидан билиб олиш мумкин.
Тилни бехуда гап сўзлардан тийиш ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бир неча ҳадислари бор:
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : مَنْ يَضْمَنْ لِي مَا بَيْنَ لَحْيَيْهِ وَمَا بَيْنَ رِجْلَيْهِ أَضْمَنْ لَهُ الْجَنَّةَ
“Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”
أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : مَنْ كَثُرَ كَلامُهُ كَثُرَ سَقَطُهُ ، وَمَنْ كَثُرَ سَقَطُهُ كَثُرَتْ ذُنُوبُهُ ، وَمَنْ كَثُرَتْ ذُنُوبُهُ كَانَتِ النَّارُ أَوْلَى بِهِ. مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ
“Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди. Кимни гуноҳи кўпайса, дўзахга тушиши бор. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни гапирсин ёки жим ўтирсин”.
Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: “Сизни бунчалик ҳикматга нима етказди?”, “Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман”, деб жавоб берган экан. Шундай экан тилимизни хар ҳил бекорчи гап сўзлардан асрайлик, токи, у дунёю - охиратда бизнинг зиёнимизга эмас балки фойдамизга ишласин.
Хўжаобод туман бош имом хатиби: М. Қосимов