Мўминнинг даражасини кўтарувчи амал ёхуд мардлар иши

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Афв қилмоғингиз, кўнгилни кенг тутмоғингиз ва кечирмоғингиз яхшидур. Албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидур” (Тағобун, 14).

Яратган кўнгилни кенг тутиш, кечиримли бўлишга буюрмоқда. Зеро, Унинг ўзи кечиримли Зот. Банда ўз фитратидан келиб чиқиб, билиб-билмай хато қилиши, гуноҳ ишларга қўл уриши мумкин. Агар у тавба қилса, гуноҳи каффоратига савоб амалларини кўпайтирса, Парвардигор кечиради. “Яхши ахлоқларни мукаммал қилишга” юборилган Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар”, дея марҳамат қиладилар ва тинимсиз равишда инсонларни раҳмдил бўлишга, бир-бирига кенглик қилишга чақирадилар. Аразлашиб қолишган тақдирда эса, уч кундан ўтмаслигини қайта-қайта таъкидлаганлар.
“Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмондан алоқани уч кундан ортиқ узиб, аразлаб юриши ҳалол эмас. Агар шундай давом этса, иккиси ҳам Яратганнинг раҳматидан маҳрум бўлади, уларнинг қай бири ярашиш томон биринчи қадамни қўяр экан, аввало ўшанинг гуноҳи кечирилади”, дея марҳамат қилганлар.
Нақл қилишларича, Абдуллоҳ ибн Муборакка бир сафарда бадхулқ киши ҳамроҳ бўлибди. Ҳазрат йўл давомида унинг ярашмаган қилиқларига чидабди, баъзи ишларини кечириб, қаттиқ гапирмай, аксинча, унга таъсир ўтказишга интилибди. Йўллари айрилгач эса, йиғлабди. Сабабини сўрашса: “Унга раҳмим келяпти. Мен ундан ажралдим, аммо унинг ёмон хулқи ўзи билан кетди, ундан ажралмади”, деган экан. Аллома сафардоши азиятларидан шикоят қилмаяпти, кечиримли бўлиб ва уни йўлга сололмагани учун ўзини айблаяпти, изтироб чекяпти.
Маънавиятли инсон, албатта, тарбиячи ҳам бўлиши лозим. Чунки том маънодаги тарбияли одам нафақат ўзи ва оила аъзоларини ўйлайди, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй, ватандошлари учун ҳам қайғуради. Акс ҳолда, унинг барча фазилатларини биргина лоқайдлиги, атрофга бефарқлиги ювиб кетади.
Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари: “Яхшиларни ҳаммаям дўст тутади. Лекин ёмонларни дўст тутиш, уларни тўғри йўлга солиш, мардларнинг ишидир”, дейганлар.
Яратганнинг наздида энг номатлуб амал мўминларнинг бир-бирига ўзаро хусумат, гина-адоватда бўлиши саналса, силаи раҳм, бағрикенглик, аҳилликка, муросаи-мадорага интилиш гўзал фазилатлардан ҳисобланади.
Убода ибн Сомит (рз.) ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳис салом саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг” – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” – деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: “Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (ўч олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шўро, 43)
Яратган кечиримли Зот, Пайғамбаримиз алайҳис салом кечиримли зот, ўтмиш алломаларимизнинг қай бирларини олиб қараманг, ҳаммалари бағрикенг инсонлар бўлишган. Шундай экан, биз ўз ҳаётимизда бағрикенгликни шиор қилиб, оиламиздагилар ва ён-атрофимиздагилар билан силаи раҳмда бўлишимиз, ёшларимизни ҳам ана шундай олижаноблик, юксак маънавият эгалари қилиб тарбиялашга интилмоғимиз лозим.
Зеро, одам боласи Парвардигор яратган оламни янада обод қилишга, ер юзида ҳаёт бардавомлигини таъминлашга буюрилган. Асло, низою адоват, урушу бузғунчиликларга эмас...
 

Пискент туман бош имом-хатиби в.в.б:   Зайнилобиддихон Қудратов