Номусулмон терроризм
Қандай қилиб Осиёдаги буддавийлар ва насронийлар ўзга эътиқодни йўқ қилишмоқчи?
Ислом террорчилиги кейинги 10 йилликда дунё миқёсидаги таҳдидга айланди.
Яқин Шарқдаги исломчи ақидапарастлар, яъни Сурия, Ироқ ва Афғонистондагилар уларга нисбатан фаолдирлар. Лекин турли хилдаги ташкилотлар Ямандан то Шинжонга қадар мавжуд. “Ислом Давлати” ва “Ал-Қоида” кабилар бутун дунё халифалигини тузишга даъвогар бўлишса, “Толибон” ёки “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” кабилар террорчилик ишларида исломий шиорларни дастак қилиб олишяпти.
Лекин минтақада ўзгача талқиндаги диний терроризм ҳам ривожланмоқда. Ҳиндистон тоғларидаги насронийлар, Бирма ва Шри-Ланкадаги буддавийлар ўзга эътиқоддагиларни йўқ қилиш орқали ўз динлари йўлида уруш олиб боришмоқда.
“Бирмалик Бин Лодин” “қутурган итлар”га қарши
Кўпчилик буддавийлик динини энг сокин динлардан деб ҳисоблайди, унга эътиқод қилувчиларни зўравонликка қарши деб билишади. Бу фикрга Мьянма ва Шри-Ланка мусулмонлари қўшилишмаса керак.
2013 йилда рохинжа элатига мансуб 50 дан ортиқ мусулмонлар Мьянмада бўлган тартибсизлик, мусулмонларга қарши уюштирилган қўпорувчиликда ҳалок бўлишди. Бу қотилликларда ҳатто буддавий монахлар ҳам қатнашди. Ҳатто иш шу даражага бориб етдики, бир неча минг мусулмонлар будда монастирларида жон сақлашга мажбур бўлдилар.
47 ёшли Ашин Виратху Мьянмадаги будда террорчилигининг рамзига айланди. У “969” исломофоб ташкилотининг раҳбари бўлиб, ўзининг бу каби қарашлари сабаб 7 йил турмада ўтириб, амнистия билан озод этилган. Ашин Виратху ўзга эътиқоддагиларни қириб ташлашга тайёрлиги учун “Бирмалик Бин Лодин” лақабини олди. “Сиз яхшилик ва муҳаббат намунаси бўлишингиз мумкин, лекин қутурган ит ёнида ётишингиз мумкин эмас. Агар биз кучсиз бўлсак, мусулмонлар бизнинг ҳамма ерларимизни босиб олишади”, дейди Виратху.
2014 йил сентябрида Ашин Виратху Коломбодаги конференцияда қатнашди ҳамда бошқа бир террорчи ташкилот “Бода Бала Сена” – ББС (Буддавийлик кучи)ни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Бутун ҳокимият буддавийларга
ББС террорчилик ташкилоти 2012 йилда монахлар Кирама Вималажати ва Глагода Атте Гнанасаралар томонидан тузилди. Уларнинг асосий мақсадларидан бири АҚШда ишловчи ва ибодат қилишга тўсқинликка учраган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Лекин тез орада ББС фаолларининг талаблари қуюшқондан чиқиб кетди: ёшларнинг олий ўқув юртларига кирмоқчи бўлиб, буддавийлик курсларига қатнашган абитуриентларга енгиллик бўлишини ҳамда мактабдаги ўқитувчиларни монахларга алмаштиришни, зиёратгоҳ ерлардаги археологик қазилма ишлари тўхтатилишини талаб қилишди.
ББС нинг илк шов-шувга сабаб бўлган қилмишлари насроний пастори Динешнинг уйига 2012 йилдаги ҳужумларидан бошланди: уларнинг таъкидлашича, Динеш махфий равишда прозелитизм, яъни буддавийларни насронийликка даъват қилган. Орадан 3 ой ўтиб, монахлар бошчилигидаги оломон Коломбодаги юридик коллежлардан бирини эгаллашди, у ердаги профессорлар гўёки мусулмон абитуриентларга юқорироқ баҳо қўйишар экан. Бир неча кундан кейин эса “Будда бар” деб номланувчи барни шак келтиришда айблаб, хонавайрон қилишди.
Шри-Ланка ҳукумати экстремистларни тинчлантиришга ҳаракат қилди. Президент ва бош вазирнинг ББС билан январь ойида бўлган музокаралардаги арзнома эълон қилинди. Унда ташкилот тарафдорлари бошқа дин вакиллари билан низолардан тийилишга чақирилди. Тўғри, арзнома инглиз тилида чоп этилди ва сингал тилидан бошқасини билмайдиган кўпчилик ББС тарафдорлари уни тушуниб етмади.
Орадан бир ой ўтиб, ББС томонидан уюштирилган митингга 1300 монахдан иборат 16.000 буддавий йиғилди. ББС асосчиларидан бири Глагода Атте Гнанасара минбардан туриб: “Бу мамлакат буддавий сингаллар томонидан ташкил этилган ва буддавий сингаллар мамлакати бўлиб қолиши керак! Сингал мамлакатига сингал ҳукумати бўлсин! Демократия ва плюрализм сингал халқини йўқ қилади”, деб таъкидлади. Гнанасара ва унинг тарафдорлари ўзларининг ҳаммаслакларини насроний ва мусулмон экстремизмига қарши бирлашишга чақиришди.
“Ўзича демократия”га қарши курашиш, шу билан бирга Гнанасара ва унинг ишончли вакилларига 2013 йил апрелида АҚШга дўстона ташриф халал бермади – бу билан буддавий радикаллар америкалик сиёсатчилар олдида ўзлари тўғриларидаги қарашларни яхшилашга интилишди. Ҳукуматнинг Гнанасара ва унинг тарафдорлари фаолиятларини чеклашга бўлган салгина уринишлари ББС фаолларининг қаттиқ қаршилигига учради. Амалдорлар ортга чекинишди.
Буларнинг ҳаммаси 2014 йил июнида оммавий бузғунчиликлар билан тугади. Буддавий руҳонийлар бошчилигидаги оломон мусулмонларнинг дўконларини талон-тарож қилишди, машиналарини ёқишди. Ҳайқираётган бузғунчиларга қарата Гнанасара шундай деди: “Биз тарафда сингаллардан иборат полиция ҳамда сингаллардан ташкил топган армия ҳам борлигини унутманг. Агар бирор-бир мусулмон ёки ёт киши бирорта сингални ҳатто чертиб қўйса ҳам, биз уни ўлдирамиз”.
Ҳозирги вақтда ББС сингаллар ичида ҳамон катта машҳурликка эга. Гнанасара Рим папаси Францискни “Жанубий Осиё насроний мустамлакачиларининг ваҳшийликлари” учун кечирим сўрашга мажбур қилди. Ўпкасини босолмаган монахга нисбатан суд ва ҳибсга олиш қарори чиққунича у Шри-Ланка ҳамда Мьянма буддавийларини мусулмон ва насронийларга қарши ҳаракатлардан тўхтатишга бўлган чақириғи учун Далай Ламани ҳам айблаб улгурди.
Ҳайрон қоларли жойи шундаки, бошқа давлатлардагидан фарқли ўлароқ, Мьянма ва Шри-Ланкадаги мусулмонлар тинч ҳамда оз сонлидирлар.
“Ҳақиқатки, буддавийлик террори – бу афсусланарли воқеълик, – дейди Бутун Жаҳон Буддавийлари жамоаси бош котиби Фаллоп Тайиари “Лента.ру”га берган интервьюсида. – Афсуски, ҳар қайси динда ўзининг экстремистлари бор ва буддавийлик ҳам бундан мустасно эмас. Лекин Бирма ва Шри-Ланкадаги бу каби ҳодисалар биринчи навбатда қабилавий хилма-хиллик ҳамда бу давлатлардаги мураккаб сиёсий аҳволдан дарак беради. Таиландда, масалан, буддавийлик терроризми муаммоси умуман йўқ”.
Насроний теократия ва социализм
Ҳиндистоннинг шимоли-шарқида, Трипура ва Нагаленд штатларида XIX асрдаёқ инглизлар томонидан насронийлаштирилган тоғли қабила яшайди. Тоғликларнинг кўп сонли айирмачилик ҳаракатлари Ҳиндистондан ажралиб чиқиш учун анчадан буён кескин кураш олиб боришмоқда. Бу гуруҳлардан кўпчилиги диний ғоялардан иборат мустақил давлатлар тузишни олға суряпти. Мисол учун Трипура штатида Трипура Миллий Озодлик Фронти (ТМОФ) мавжуд бўлиб, Ҳиндистондаги террорчилик ҳаракати ҳисобланади. Уларнинг мақсадлари трипурлик ҳамма қабила вакилларини насронийликка ўтказиш, минтақадаги қўшни Бангладеш иммигрантларини қувғин қилиш ва Трипурани “Масих ери”га айлантиришдир. Ҳиндистон махсус хизматларининг таъкидлашича, жангариларни ўз уйларида беркитиб турувчи маҳаллий протестант-баптистлар билан биргаликда ҳаракат қилишади. Улар жангариларга қурол-яроқ ва пул ўзлаштиришда ёрдамлашмоқдалар.
ТМОФ насронийликка оммавий равишда мажбуран ундамоқда. Бу қуйидагича содир бўляпти: бир гуруҳ жангарилар қишлоққа кириб, кейин маҳаллий аҳолидан эркакларга милтиқ ўқталиб, аёлларни эса зўрлаш таҳдиди остида уларни чўқинишга мажбурлашмоқда. Полиция маълумотига кўра, йилига ўз динидан воз кечишни истамаган ўнлаб ҳиндлар ҳалок бўлмоқда.
Унча узоқ бўлмаган Нагалендда эса 1980 йиллардан буён Нагаленд Миллий Социалистик Иттифоқи (НМСИ) амалда бўлиб, ўз олдига мустақил Нагалим насроний давлати тузишни мақсад қилиб қўйган. Уларнинг фикрича, бу давлатга Ҳиндистон ва Бирманинг нага халқи яшайдиган барча вилоятлари кириши шарт. Ташкилотнинг шиори – “Масих учун Нагаленд”. Нагалимда ижтимоий-иқтисодга асосланган насроний теократик давлат тиклашни режалаштиришган. Бундан ташқари, диний тозалов билан бирга миллатга қараб тозалов ҳам кетмоқда – 1992-93 йилларда НМСИ Манипур штатидаги кику қабиласини ўз уйларидан қувиб чиқаришган. Ўшанда 900 атрофида кику ўлдирилган, 350 қишлоқ ҳувиллаб қолган, 100 мингга яқин кику қочқинларга айланган.
Ҳиндистон хизмати таъкидлашича, НМСИ ни молиялаштириш асосини Бирма билан яширин гиёҳванд моддалари савдоси ҳамда Пекин ва Исломободдан қурол-яроқни бошқа исёнчи гуруҳларга сотиш ташкил қилмоқда.
НМСИ етакчиси Муивах 2015 йил 3 августда Ҳиндистон бош вазири Моди иштирокида Ҳиндистон ҳукумати билан тинчлик шартномаси тузган бўлса-да, у қанча муддат амал қилиши мавҳумдир. Ҳинд ОАВларининг насроний терроризм тўғрисида дунё ҳамжамияти эътиборини тортиш йўлидаги ҳаракати ҳали самара берганича йўқ: социалистик теократия курашчилари дунё афкор оммаси олдида юзларини сақлаб қолишликлари муҳимлигини яхши билишади. Шунинг учун халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Иттифоқи билан ҳам фаол ҳамкорлик қилишмоқда. Ҳинд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларининг ҳинд журналистларидан кўра ҳаракатлари фаолроқ.
2009 йилда Ассам штатидан бўлган насроний Хмар элатилик 15 киши Бхуван Пагар қишлоғидаги ҳинд ибодатхонасига бостириб киришди. Улар Манмасий Миллий Насроний Армиясидан эканликларини эълон қилишди ва ҳинд коҳини билан ибодатхонадаги бир неча кишини милтиқ ўқталган ҳолатда мажбуран чўқинтиришди. Сўнгра жангарилар у ердаги деворларга ўзларининг қонлари билан хочларни чизиб қолдиришди.
Икки кун ўтгандан сўнг полициячилар ташкилот бошлиғи билан ҳужум уюштирган 12 жангарини ҳибсга олишди. Бу воқеадан кейин Манмасий Миллий Насроний Армияси тўғрисида ҳеч қандай маълумот эшитилмади, лекин Ассамдаги ҳинд ибодатхоналари деворларида хочлар ва Бхуван Пахардаги воқеа – 2009 йил 29 май санаси ёзувлари пайдо бўлиб турмоқда.
Ечимсиз муаммо
Ўз-ўзидан маълумки, Осиёда бу каби муаммолар юқоридаги воқеалар билан чегараланмайди. Ҳиндистонда экстремист-ҳиндлар мусулмонларни ўлдиряпти ва насронийларга ҳужум қиляпти, Кореа ва Японияда кўп сонли оқимлар фаолдир (Токио метросидаги “Аум Синрикё” ҳужумини эслаш кифоя). Кўплаб диний экстремистик оқимлар ўчоғи, масалан, Ҳиндистондаги сикхийлар ёки Ливандаги насроний-маронитлар – булар ҳаммаси мудроқ ҳолатда, лекин қулай шароитларда ҳаракатга келиши мумкин.
Диний терроризм билан қандай курашиш ҳозирча мавҳум. Армия ва полициядан фойдаланиш доим ҳам керакли натижа бермайди: чунки куч ишлатар тизимларда баъзан курашиш керак бўлган радикал оқимларнинг вакиллари ҳам бўлиб, баъзан уларга хайрихоҳ бўлмоқдалар.
Яқинда Қозоғистонда “Дин – терроризмга қарши” форуми бўлиб ўтди. Форумнинг кириш қисмида Қозоғистон сенати раиси Қосим Жомарт Тукаев, жумладан, шундай деди: “Биз террорчиларнинг фаолиятида услуб ва шаклларнинг кенгайганини кузатяпмиз. Радикал гуруҳлар молиялаштирилишга эга бўлдилар, замонавий технологиялардан самарали фойдаланмоқдалар ва давлат томонидан бошқарилувчи нодавлат тизим мақомига очиқчасига талабгор бўлишмоқда. Бунга жавобан тараққийлашган жипслашув янада кўпроқ муҳимдир. Бизнинг жамоатчилигимиз олдида биринчи навбатда ОАВ учун динлар ўртасида айирмачилик келтириб чиқармаслик йўлида ахлоқий меъёрни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш вазифаси турибди“. Тукаев чиқишидан сўнг дунё динлари вакиллари ҳеч қайси дин зўравонлик ва экстремизмни қўлламаслигини айтишди ҳамда террорчиларнинг қилмишларини қоралашга чақиришга даъват қилишди.
Лекин амалда террорчиларни диний етакчиларнинг уларнинг қилмишлари тўғрисида билдирган фикрлари қизиқтирмайди. ББС га алоқадор бўлган Шри-Ланка буддавийлари Далай Ламани ўзларининг раҳнамолари эмаслигини, Нагаленд тоғларидаги протестант-насронийлари ўзлари учун Исо Масихдан бошқа ҳеч қандай диний раҳнамо йўқлигини айтиб бўлишди. Тукаев сўзларига қараганда, универсал ечим – ўта қашшоқликни йўқотиш, очлик ва эпидемияларга барҳам бериш ҳамда ҳарбий тўқнашувларни ҳал қилишдан иборат. Лекин яқин келажакда бунга умид қилиш амри маҳол.
Алексей Куприянов