Ота - онани рози қилиш яхши фазилат
بسم الله الرحمن الرحيم
Бизларни дунёга келтириб, авайлаб ўстирган, нимани хоҳласак, муҳайё қилган, бизларга одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган, умрлари ниҳоясигача ардоқлаб ўтган ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш ҳар бир инсоннинг энг шарафли бурчи саналади.
Бу Аллоҳ томонидан барча инсонларга буюрилган, Унинг пайғамбари томонидан кўп бора тавсия қилинган гўзал инсоний фазилатдир. Қуръони каримнинг бир неча сураларида ота-онага яхшилик қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиш, эҳтиёжларини қондириш фарзанд зиммасидаги энг муҳим бурчлардан экани таъкидланган ҳамда бу нарса худди намоз каби ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ таоло бундай мараҳмат қилади:
“Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон), агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етишса, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим, мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қил!” (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Демак, ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини ҳоксор,уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.
Энг олдин ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Ота-онага яхшилик қилиш уларга чиройли муомала қилиш, улардан малолли гап ўтса, “уфф” демаслик, уларни хафа қиладиган сўз ёки иш қилмаслик, уларга ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, яхши сўзларни айтиш, уларга шафқат кўрсатиб, ўзини камтар тутиш, ҳожатлари бўлса, дарров адо этиш, муҳтож бўлишмаса ҳам ҳадялар бериб туриш, Аллоҳдан уларга раҳмат тилаб дуода бўлиш билан амалга оширилади.
Ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик қилишда охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом бутун умматга, барча инсониятга ибрат ва намуна бўлганлар. У зотнинг ота-оналари илоҳий ирода туфайли дунёдан эрта ўтиб кетишса-да, Пайғамбаримиз ўзларига сут берган оналари Ҳалимаи Саъдияга бир умр эҳтиром кўрсатганлар, қачон бу аёл Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳузурларига келсалар, устларидаги тўнларини ечиб, унга ўтқазганлар, ҳурматларини жойига қўйганлар, кейинчалик ҳам ҳолларидан хабар олиб, ҳадялар юбориб турганлар. Шунинг учун ҳам Расули акрам умматни ҳамиша ота-онага яхшилик қилишга чақириб, ота-онасининг ҳурматини жойига қўйиб эъзозламаган, уларни рози қилолмаган фарзандни жуда оғир оқибат кутиши ҳақида огоҳлантириб ўтганлар. Бу борада Фахри коинотдан жуда кўп кўрсатма ва тавсиялар борки, қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз:
«Ота-оналарининг кексалик вақтида ҳар иккисини, бирорталари вафот этишган бўлса ҳаётдагисини рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин».
«Яхшиликни аввал онангга, онангга ва яна онангга, сўнгра отангга ва яқин қариндошларингга қил». «Жаннат оналарнинг оёғи остидадир».
«Отага муҳаббатингни сақла, агар сен отага бўлган муҳаббатингни йўқотсанг, Аллоҳ сени турли файзлардан маҳрум қилади».
«Отага итоат қилмоқ Аллоҳга итоат қилмоқдир».
«Ота-онага осий (оқ) бўлиш гуноҳларнинг ширкдан кейинги энг улканидир».
«Ота-онани ҳақорат қилиш одам қиладиган қабоҳат ишларнинг энг ёмонидир».
«Бир одам касалманд онасини ўзи овқатлантирса, сув ичирса, таҳоратига қараса, орқасида опичлаб кўтариб юрса ҳам она ҳаққининг юздан биринигина адо этган бўлади».
Ўтган солиҳ аждодларимиз ҳам ота-онага эҳтиром кўрсатишда ўрнак бўлиб-гина қолмай, инсонларга ҳам буни васият қилиб кетишган.
Масалан, Фарқад ус-Санжий: «Баъзи китобларда ўқидимки, боланинг ота-она ҳузурида изнсиз гапириши, олдилари ва икки ёнларида юриши мақбул эмас», дейди.
Абдуллоҳ ибн Умар бундай деганлар: «Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганидан хабар беради ва бу энг катта гуноҳлардандир».
Ота-онани ҳурматлаш ва рози қилиш борасида исломий одобимиз тавсия этган жуда кўп кўрсатмалар мавжуд. Улардан айримларини эслатамиз: Ота-онанинг оғирини енгил қилиш, уларни турли ёмонлик ва нохушлик-лардан ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанднинг бурчидир.
Агар улар овқатга муҳтож бўлишса овқатлантирилади, кийимга муҳтож бўлишса, кийинтирилади, уларнинг иссиқ-совуғидан доим хабардор бўлинади, сўрамасалар ҳам пул ёки буюмлар бериб турилади. Ота-она билан ҳалимлик ва одоб билан гаплашилади, уларга овоз баланд-латилмайди, ёлғон гапирилмайди, сўзлари бўлиб ташланмайди, сўз қистириб, буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапирилмайди.
Ота-она розилигисиз ҳеч қаёққа, ҳатто сафарга ва илм олишга ҳам борманг. Агар ота ёки онангиз олдингизга кириб келишса, ўриндан туриб эҳтиром билан кутиб олмоқ керак, юқорига ўтқазмоқ жоиз. Улар олдида чўккалаб, тавозеъ билан ўтирилади, оёқ узатиб ёки ёнбошлаб олинмайди. Ота-онангиз хурсанд бўлишса, сиз ҳам хуш кайфиятда туринг, хафа бўлишса, ғам-ташвишларига шериклик қилинг. Сўзларини жим туриб тингланг, улар ҳузурида ака-ука, опа-сингиллардан бирортасини жеркимаслик ва сўкмаслик даркор.
Ҳамиша уларнинг розилигига эришишга ҳаракат қилмоқ керак, хотин, фарзандларни улардан ортиқ кўриш беодобликдур. Аллоҳ розилигини топаман деган киши, аввал ота-онасини рози қилмоғи керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлик бурчига содиқлик кўрсатиб, ота-оналаримизни ҳурматлайдиган, уларга ҳар соҳада яхшилик кўрсатадиган, шу йўл билан Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган солиҳ бандаларидан айласин!
Андижон вилояти Мархамт тумани масжидлари
Бош мухтасиби М. Шожалилов