Қабрларни зиёрат қилиш одоби ҳақида
Бугунги кунда фуқаролар тарафидан келаётган савол-истаклар айрим шахслар тарафидан қабрларни зиёрат қилишда йўл қўйилаётган камчиликларни инобатга олиб қабристонни зиёрат қилиш одоби ҳақида ушбу фатвонинг яна бир карра эслатмоқчимиз. Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим.
Аввало қабристонга кирилганда “Алайкумуссалам я аҳлал қубур” яъни “Сизга салом эй қабристон аҳиллари" деб салом берилади.
Қабрларни зиёрат қилиш суннат амалларидандир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга қабрлар зиёратини таъқиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверингиз, зеро у сизларга охиратни эслатади ” - деганлар. (Имом Ат-Термизий ривояти)
Демак қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ўгит ва ибрат олиши лозим. Зеро улар ҳам бизлардек бу дунёда яшаганлар, турли амалларни қилиб ўтганлар. Ҳозирда ўша қилмишларига яраша бир қадар Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига дохил бўлган ҳолда ётурлар. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди.
Қабристон зиёрат қилинган пайтда марҳумлар руҳига бағишлаб тиловати қуръон ҳамда дуои хайрлар қилинади. Маълумки, азиз авлиёларнинг мақбараларини, шунингдек, яқинларимизнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш ислом динида савобли ишлардан саналади.
Аммо бунинг ҳам ўзига яраша қонун қоидалари бор. Масалан, азиз авлиёларнинг мозорига борилганда Каъба атрофини тавоф қилгандек атрофини айланмасдан, одоб билан бориб тиловат ва дуо қилиб савобини шу қабр соҳибининг руҳига бағишлаб , биздан ва авлодларимиздан шу зотлар каби улуғ инсонлар чиқаргин , деб яратганга илтижо қилинади. Шуни унутмаслигимиз керакки , ҳар бир зиёрат этувчи киши қабрда ётган авлиё ёки бошқа зотлардан мадад сўраб, ундан ҳожатини раво қилинишини талаб қилмайди. Ҳар қандай ҳожатларни раво этишни бевосита фақат Парвардигорнинг ўзидан сўралади.
Шунингдек, имкони бўлса қабристоннинг қибла томонига ўтиб, орқани қиблага қилиб қабр аҳлига юзма- юз туриб тиловат ва дуо қилиш лозим бўлади.
Қабрларга шам ёқиш, қабр тошларинни ўпиш , унинг устида ўтириш босиб юриш, қабр рўпарасида намоз ўқиш солиҳ амаллардан эмас.
Қабр йўқолмаслиги учун бир белги сифатида унинг устига тош ёки тахта қўйиш, уларга номларини ёзиб қўйиш жоиз , аммо ҳозирги кунимиздагидек чиқими кўп ва дабдабали қилиб қабр тошлари ўрнатиш исроф саналади.
Маълумки, қабристон зиёрати учун белгиланган муайян бир вақт йўқ, исталган вақтда зиёрат қилиш мумкин.
Шариатимизда қабрларга гул ва шунга ўхшаш ўсимликлар экиш яхши амаллардан саналади. Лекин мевали дарахтлар экиш, уларнинг мевасини истеъмол қилиш, қабристонда чорва молларини ўтлатиш лозим эмас.
Майит руҳини шод этадиган амаллар : Қуръон ўқиб савобини унинг руҳига бағишлаш , дуои хайрлар қилиш, эҳсон ва садақалар улашиш кабилардир.
Шунингдек қабристонларни қаровсиз қолдирмаслик, балки уларни обод ва озода зиёратгоҳларга айлантириш айни савобли ва ибратли ишлардандир.
Аллоҳ таоло ўтганалиримизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айласин.
Андижон вилояти вакиллигининг Мархамат тумани бош имом-хатиби: М Шарофуддинов