Соф эътиқодда яшаш бахти
Аллоҳ таолога у зотнинг жалолига яраша хамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз ва шафоатчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом ва мукаммал саловоту саломлар бўлсин.
Истиқлол шарофати билан серқуёш юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди.
Диёримиз мусулмонларининг азалий орзу- умидлари рўёбга чиқа бошлади. Хусусан муборак хаж ва умра сафарини ихтиёр этганлар учун кенг имкониятлар яратилди ва масжид ва мадрасалар очилди. Исломдаги ақидавий ва мазхабларнинг энг асосий ва машхурлари суннийликдир, бизнинг Мовороуннахр мусулмонлари Ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб имоми Аъзам (Ҳанафий) мазхаби кўрсатмаларига мувофиқ ибодатларини қилиб келганлар. Албатта биз ханафий мазхаби ва унинг сохиби хақида билишлигимиз зарур. Ҳанафий мазхабининг сохиби Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибни Зутий, яъни Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) Ироқнинг Кўфа шахрида 80/699 йилда таваллуд топганлар. У киши ахли сунна фиқхи мазхаб бошлиқларидан энг аввал туғилгани хисобланади. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) оталари Собит ибн Зутий Темиз, Қобул, Наса ва Анбор шахарларида яшаб, охири Кўфада қарор топган хамда Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) шу шахарда дунёга келган. Ривоят қилишларича, имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида бобоси хазрати Али розияллоҳу анҳу хузурига олиб келиб, унинг хаққига дуо қилишларини сўрайди. Хазрати Али розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига барокот берсин, деб дуо қиладилар. Ушбу дуони шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзам машхурлик насб этди ва бу зотнинг мазхаблари оламга ёйилиб, шогирд ва эргашувчилари сон-саноқсиз бўлди. Оталари Собит ибн Зутий Кўфада ипак ва жун мато тижорати билан шуғулланган. Нўъмон ибн Собит кичик ёшида Қуръони Каримни ёдлаган. етти қоридан бири сифатида танилган Имоми Осимдан қироатни ўрганганлиги ривоят қилинади. Абу Ҳанифа хазратлари тобеинлардан саналиб, табааъ тобеинларнинг улуғлари сафида зикр этилади. Ёшлик даврларида ўз даврининг барча фикрий оқимларни кузатиб, ихтилофларни холис ўрганганлиги зикр қилинади. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) виқор ва салобат эгаси эди. Кўп фикрлаб, кам сўзлар эди. Тақво сохиби, дунё ахлига кам аралашар, фойдасиз ва бекорчи гап – сўзларни ёқтирмас, саволларга қисқа ва лўнда жавоб берадиган зукко мужтахид эдилар. Фиқхни тартибли усул холига келтириб, барча дунёвий масалаларнинг фойда ва зарарли холатларини баён этиш натижасида ўз дунё қарашини соғлом ақида асосида шакллантирган киши эдилар. Абу Ҳанифа хазратларининг илмий меросида бир неча васиятнома, “Муснад” хадис тўпламлари “Фиқхул-Акбар” номли ақоидга доир бир қанча асарлари мавжуд. Булардан ташқари “Ал- Фиқхул-Абсат,“ “Китобул-Олим вал –мутааъллим”, “Китобур-Рисола, “Ал Қасидатун-Нўъмония”, “Маърифатул-Мазохид”, номли асарлари бизгача етиб келган. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) хазратлари 150/767 йили Кўфа шахрида вафот этди ва бағдод шахрининг “Аскар Махдий” номли мавзейидаги Хайзурон номли қабристоннинг шарқий томонида дафн этилди. Масхабимиз сохибини яратганнинг ўзи рахмат ва мағфироти ила эъзоз этсин. Биз ислом умматига Росулуллохдан қолган бу муқаддас динимизда ва соф эътиқодда яшаб ўтиш бахтидан ўзимиз ва авлодимизни насиб этсин.
“Шахидиаъло” жоме масжид имом хатиби: А. Тожибоев
“Бештол” жоме масжид имом хатиби: М. Қорабоев