Жаннатга ким биринчи киради?
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салам:
— Қиёмат куни бўлса тўрт нафар одам беҳисоб ва беазоб жаннатнинг эшигига етиб боради дедилар.
Биринчи — илмига амал қилган олимлар,
Иккинчи — молини ҳалол харажат қилиб ҳаж қилганлар,
Учинчи — худо йўлида дини исломни талашиб жон берган шаҳидлар,
Тўртинчи — ҳалол касбу-дин мол топиб, худонинг йўлида садақа берган сахийлар.
Бас, бу тўрт нафар одамлар жаннатга аввал кирмоқни талашадилар. Ундан сўнгра Аллоҳ субханаху ва таоло Жабраил алайҳиссаломга амр қилади:
"Эй Жабраил, бу тўрт нафар одамлар бориб, қайси бирлари аввал жаннатга кирмоқликка муносиб бўлсалар, шу кишига одиллик билан ҳукм қилгин", — деб. Ундан сўнгра Жабраил алайхиссалом келиб шаҳиддин сўрайдики:
"Эй шаҳид, сен дунёда нима амал қилган эдингки, жаннатга аввал кирмоқликни орзу қилурсан?"
Шаҳид айтурки: “Ё Жабраил, мен дунёда Аллоҳ таоло розилиги учун жон берганман”.
Жабраил алайҳиссалом айтадиларки: “Эй шаҳид, сен шаҳидликнинг савобини бу мартабадалигини қайдан билдинг?"
Шаҳид айтадики: “Олимлардан эшитдим”.
Бас, Жабраил алайҳиссалом айтадилар: “Ундай бўлса, олимларнинг ҳурматини бажо келтирки, улардан илгари жаннатга кирмоқ беодоблик бўлар”.
Ундан сўнгра ҳожилардан сўрайдики: “Эй ҳожи, сен дунёда нима амал қилган эдинг?”.
Ҳожи айтади: “Мен дунёда ҳалол мол харожат қилиб, сафарнинг азобини чекиб, Аллоҳнинг розилиги учун ҳаж қилганман”.
Жабраил алайҳиссалом айтадиларки: “Сен ҳажнинг савобини бу мартабадалигини кимдан эшитдинг?"
Ва у айтадики: “Олимлардин эшитдим”.
Жабраил алайҳиссалом айтадики: “Ҳаж ундай бўлса, олимларнинг ҳурматини бажо кетир, улардан илгари жаннатга кирмоқ беодоблик бўлур”.
Ундан сўнгра сахийдан сўрадилар. Сахий айтадики: “Мен меҳнатим билан касби ҳалолдан пул топиб, Аллоҳ таолонинг йўлида садақа берганман”.
Жабраил алайҳиссалом айтадики: “Саховатнинг савоби бу мартабадалигини кимдан эшитдинг?”
Сахий айтурки: "Олимлардан эшитдим".
Жабраил алайхиссалом айтдики: “Эй сахий, ундай бўлса, олимларнинг ҳурматини бажо келтирки, улардан илгари жаннатга кирмоқ беодоблик бўлар", - деб аввал жаннатга кирмоқни олимларга ҳукм қилади.
Ундин сўнгра олимлар инсоф қилиб айтадики: “Эй роббим, аввал бизларнинг жасадимизни яратганингда бизларнинг ҳеч илмимиз йўқ эди ва бу илмларни сахийлар, саховатлиларнинг сабабидин таҳсил қилиб эдимиз ва яна ўзинг каломингда:
“Инналлоҳа лаа йузиъу ажрал муҳсинина”, — деб айтгансан. Энди уларнинг ажрларини зойиъ қилмоғинг ва сахийлар жаннатга биздан илгари кирсин”.
Ундан сўнгра Аллоҳ таоло айтдики: “Эй ризвонлар, жаннатнинг эшигини очингларки, аввал сахийлар кирсинлар, ундан сўнгра олимлар ва улардан кейин бошқалар кирсин" – деб.
Дарвоқеа барчаларимизни Аллоҳ субханаху ва таоло Жаннат эшикларидан биринчи бўлиб кирадиган саҳий, Аллоҳнинг дини ислом йўлида шаҳид, Халол молидан харажат қилиб Хожилар ва айниқса ўз илмига амал қиладиган олим, инсонлар қаторида қилсин.
Марҳамат тумани фаолиятидаги “Олойчи” жомеъ масжиди имом-хатиби: А. Ашуров