Она Ватан, эл-юртга садоқат руҳида яшанг ўғлоним
Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг Она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.
Расули Акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, - деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.
Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Шавкатли Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган азиз фарзандларимизнинг машқ майдонидаги ҳолатларига бир назар ташлайлик. Улар махсус ҳарбий кийим-бош кийган, қўлида жанговар қурол, олисга сергаклик билан боқади. Шу кайфиятда соатлаб, сергак ҳолда машқларни адо этмоқда.
Шунда беихтиёр дилимиздан Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималари ўтади:
“Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз”!
Шунингдек, хотирамизга Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
яъни: “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”,- деган ҳадислари келади.
Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севувчи садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:
Ватан таркини бир нафас айлама,
Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.
Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берганлар: “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар”.
Шунинг учун ҳам фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Марҳамат тумани фаолиятидаги “Марҳамат” жомеъ масжиди имом-хамтиби: А. Сулаймонов