Ватанпарварлик-улуғ фазилат

Юрагида Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар.  Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

“Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касб эканлигини яҳши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ҳам маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар. Ана шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туруш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар аввало ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму-қариндошлари, бир сўз билан айтганда Муқаддас Она Ватанни қўриқламоқдалар.

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди.
Шу мақсадда 1992 йил 14 январь кун мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди.  1993 йилдан эътиборан 14 январь кун юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”- деб эълон қилинди. Ватан муҳаббати, чин имон ва ихлос билан лиммо-лим тўлишида муҳим аҳамият касб этади. Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишончи, Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишонади.

Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
“Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.
   Дарҳақиқат, шонли Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчини адо этиш ҳозирги вақтимизда энг шарафли ва энг масъулиятли бурчга айланди. Армия қўмондонлиги муомаласи ҳам тубдан ўзгарди, энди ёш аскар билан улар ўртасидаги муносабат ўзаро тушуниш, кичикдан итоат, каттадан адолат қилиш тартиб-қоидасига ўтди.
    Бу қоида бизларга Ҳазрати Расул акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг:
яъни: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”,- деган ҳадиси шарифларини эсга солади.
    Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
      Аллоҳ таоло мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган фарзандларимизни, Ватанимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган барча фарзандларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, тинчлигимизни барқарор ва мустақиллигимизни боқий қилсин.
Омин.

Марҳамат туман бош имом-хатиби  М. Шарофуддинов