Кимки Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса...
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.
Ҳозирги кунимизда «Ёмғирдан кейинги қўзиқориндай» кўпайиб кетаётган турли фирқалар, тоифалар, ҳизблар ва бемазҳаблар Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларнинг бирига, хоссатан Ҳанафий мазҳабига амал қилган ҳолда ибодатларини адо этаётган мусулмонларни фитнага солиш ва тўғри йўлдан адаштириб, ўзларининг нотўғри ғаразли ғояларининг қурбонига айлантириш учун турли услублардан фойдаланадилар.
Энг жирканчлиси, ўз ғояларини хаспўшлаш (исботлаш) йўлида Қуръони карим оятларидан ҳам усталик билан фойдаланадилар. Одатда мусулмонлар ичида хоссатан янги ибодатга кираётганлар ёки қизиқаётганлар жуда ҳам ишонувчан, талабчан ва эшитганини қаттиқ ушлаб оладиган бўлади. Бу ҳолат эса бемазҳабларга жуда қўл келади. Фурсатни қўлдан бой бермаслик учун хориждан туриб таълим бераётган устозлари ўргатган 3-4 оят ва ҳадиси шарифларни тезда ўзлаштириб олиб, қолганларга ҳам шуни етказади. Аслида, улар бошқа нарсаларни билмайдилар ҳам. Ўша оят ва ҳадиси шарифларни ҳам устозлари ўзларининг ғаразли йўлларида фойдаланиш учун қандай маъноларни бериб тушунтирган бўлсалар, булар ҳам худди шундай тушунтирадилар.
Зотан, уларнинг ўша ояту ҳадиси шарифлар маъноларини бошқа аҳли илмлардан сўрашга ёки устозларимиз тарафидан чиқарилаётган тафсир ва ҳадис китобларидан фойдаланиб ўқиб олишликка фаросатлари ҳам етмайди. Ғишт қолипдан қўчгандан кейин эса ҳар қанча ҳаракат бўлса ҳам кўпинча бесамара бўлади. Лекин ноумид бўлмаслик керак, зотан бизнинг бурчимиз етказиб қўйишлик, ҳидоят эса Аллоҳдандир!
Келинглар, сўзимиз қуруқ бўлмаслигиги учун ҳозирги кундаги фитначи гуруҳлар ўзларининг ғояларини тарқатиш ва ёшларни ўзлари тарафга оғдириш ва ниҳоят ўз ғояларининг қурбонига айлантириб, мусулмонларга умумий зарар етказишлик, хоссатан, уламоларга қарши қўзғаш, уларга нисбатан ишончсизлик руҳида тарбиялаш учун фойдаланиб келаётган бир неча ояти карималардан бирини мисол қилиб олайлик.
Аллоҳ таоло айтади:
وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْكَافِرُونَ
«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар кофирлардир» (Моида сураси, 44-оят).
Эмишки, ҳозирги замон уламолари, имомлари (албатта бу даъволарни қилаётган тоифадан ташқари) мазкур оятга амал қилишмаяпти. Агар амал қилганларида «Ўғрининг қўли кесилиб, зинокор тошбўрон қилиниши керак эди» дейишади.
Мазкур ояти кариманинг тафсирини яхшилаб ўрганиб чиқайлик-чи, ким ҳақ эканлигини балки билиб олармиз:
وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
«Ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, ўшалар золимлардир» (Моида сураси, 44-оят).
Буларнинг барчаси кофирлар ҳақида нозил бўлган. Бу Имом Муслимнинг саҳиҳларида Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис билан собит бўлган. Аммо мусулмон гуноҳи кабира қилишлиги билан кофир бўлмайди. Қолаверса, мазкур ояти карима тахтида қуйидагича маъно бор: «Кимки, Қуръонни рад этган ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини инкор этган ҳолда «Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса» ана ўша кофирдир».
Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ҳасан розияллоҳу анҳумолар айтадилар: «Мазкур ҳукм мусулмонларга, яҳудийларга ва кофирларга ҳам умумийдир – агар улар эътиқод қилган ва уни ҳалол санаган ҳолларида Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмасалар. Аммо кимдир уни ҳаром эканлигини билган ҳолда қилса, у фосиқдир. Унинг иши Аллоҳга ҳавола, хоҳласа азоблайди, хоҳласа мағфират қилади».
Шаъбий роҳматуллоҳи алайҳи оятдаги ҳукм яҳудийларга хос, деганлар. Демак, мазкур оятнинг маъноси тақдиран қуйидагича: «Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаган яҳудийлар, ана ўшалар кофирдирлар» (“Жомиъу аҳкомил Қуръон”).
Ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирларида мазкур оятларнинг сабаби нузулини қуйидагича келтирадилар: «Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар: «Ибни Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Аллоҳ таоло (Аллоҳ таоло нозил қилган нарса билан ҳукм қилмаса, ўшалар кофирдир) ва (ўшалар золимдир) ва (ўшалар фосиқдир) оятларини яҳудийларнинг икки тоифаси ҳақида нозил қилгандир», деганлар.
Мазкур оятнинг нозил қилиниш сабабини ўрганишда давом этадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам яҳудийларнинг ичида зино содир этилиб, унинг иштирокчиларини жазолашликка келганда Тавротдаги Аллоҳнинг зинокорларга белгилаган ҳукмини тарк этиб, ўзлари ўйлаб топган ҳукм билан жазоламоқчи бўладилар ва бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни айбдор қилмоқлик учун гўёки жазолашлик ҳаққини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола қиладилар. Аммо уларнинг бу ҳийлалари иш бермайди. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тавротда зинокорларга белгиланган «тошбўрон қилиш» ҳукмини қўллайдилар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бемазҳабларнинг мазкур ояти карима маънолари тўғрисида қилаётган даъволари мутлақо нотўғридир. Биз юқорида қисқача келтириб ўтган маълумотларимиздан ҳам мазкур оятнинг маънолари ва ундан кўзланилган мақсад ва нима сабабдан нозил бўлганлиги ҳаммаси маълум бўлиб турибди.
Бемазҳабларнинг ояти карималарнинг маънолари билан чуқур танишмасликлари, балки кўр-кўрона кимлардандир эшитган маълумотларига ишониб кетаверишлиги энг ачинарлиси (кўр ушлаганини қўймас) деганларидек, бошқа маълумотларни қабул қилмасликлари, ажабланарлидир. Бу ҳолат эса мусулмонларнинг ўртасида кўплаб фитналарга, қон тўкилишларга сабаб бўлишини наҳот тушунмасалар?!
Мазкур тоифаларнинг уюштираётган фитналарининг бошланиши Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларидаги Хаворижлар бошлаган фитналарнинг давомидир. Шу ўринда Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Хаворижларга қарши жангга киришишларидан аввал Ибн Аббос розияллоҳу анҳуни улар билан илмий баҳс қилиб, ҳидоятга чақиришга юборганликлари тўғрисидаги ривоятни келтириб ўтайлик.
Ибни Аббос розияллоҳу анҳу қуйдагича ривоят қиладилар: «Мен уларни олдига етиб борганимда: “Эй ибни Аббос, нима учун келдинг?” дедилар. Мен: “Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари амакисининг ўғли ва куёвининг ҳузуридан келдим”, дедим. Шунда улардан бир гуруҳи менга яқинлашишди. Мен уларга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва амакисининг ўғлига қандай интиқом ва даъволаринг бор?» дедим. Улар: “Учта нарсада”, дейишди. Мен: «Улар қайсилар?» дедим. Улар: “Қуйидагилар:
Биринчидан: Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилдилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло:
إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ
«Ҳукм фақат Аллоҳнинг ўзига хосдир» (Анъом сураси, 57-оят), деган.
Ҳазрати Али эса ўзлари билан ҳазрати Муовиянинг ўртасидаги келишмовчиликларга Абу Мусо Ашъарийни ҳакам қилган;
Иккинчидан: Ҳазрати Али ўзига қарши тоифалар билан жанг қилди. Лекин улардан ғолиб келган ҳолатида уларни асирликка ҳам олмади ва молу дунёларини ўлжа ҳам қилмади. Ваҳоланки, рақиблар кофир бўлганларида биз учун уларнинг қонлари ва моллари ҳалол эди. Агар улар мусулмон бўлсалар, уларнинг қонлари биз учун ҳаром қилинган;
Учинчидан: Али ўз номини Амирал мўъмининликдан ўчирди. Агар у Амирал мўъминин бўлмаса, Амирул Кофирийн бўлади-ку”, дедилар.
Мен уларнинг даъволарига қуйидагича жавоб бердим:
«Сизлар пайғамбарнинг суннатларидан айтган гапларингга Аллоҳнинг китоби билан раддия берсам, айтган гапларингдан қайтасизларми?» Улар: «Албатта қайтамиз», дейишди.
Шунда уларга: “Аллоҳ таоло Қуръони каримда дирҳамнинг тўртдан бир қийматига тўғри келадиган қуённинг баҳосини чиқармоқлик ҳукмини кишиларга ҳавола қилган.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْتُلُوا الصَّيْدَ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ وَمَنْ قَتَلَهُ مِنْكُمْ مُتَعَمِّدًا فَجَزَاءٌ مِثْلُ مَا قَتَلَ مِنَ النَّعَمِ يَحْكُمُ بِهِ ذَوَا عَدْلٍ
«Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ» (Моида сураси, 95-оят).
Ва бошқа бир ояти каримасида аёллар ҳақида қуйидагича марҳамат қилади:
وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا
«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг» (Нисо сураси, 35-оят).
Аллоҳнинг номи билан сизлардан сўрайман – кишиларнинг ҳукми уларнинг қонлари ва моллари ҳақида ва ўзаро ўрталарини ислоҳ қилишлик борасида ҳақлими ёки қуённинг тўғрисидаги ҳукм ҳақлими? Улар: «Кишиларнинг қонлари тўғрисидаги ҳақлироқдир», дедилар. Мен: «Бу даъволаринга жавоб бердимми?» дедим.
Улар: «Ҳа», деб тасдиқ этдилар.
Кейин иккинчи даъволарига жавоб беришликка ўтдим.
«Ҳазрати Али Куфада Оиша розияллоҳу анҳо ва у кишининг тарафдорлари билан жанг қилганлар, холос. Энди ўйлаб кўринглар, ўзларингни оналаринг бўлмиш Оиша розияллоҳу анҳони асир қилмоқчимисизлар ва бошқалардан ўлжа олганларинг каби улардан ҳам ўлжа олмоқчимисизлар?
Ваҳоланки Аллоҳ таоло:
النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ
«Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир» (Аҳзоб сураси, 6-оят), деб марҳамат қилган.
Ушбу оятга мувофиқ Оиша розияллоҳу анҳо сизларнинг оналарингиз-ку. Агар ўзларинг даъво қилганларингдек иш қилсаларинг, албатта, кофир бўласизлар. Бу даъволарингга ҳам жавоб бердимми?» дедим. Улар: «Ҳа» дедилар.
Энди учинчи даъволарингизга келадиган бўлсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Худайбия кунида қурайшликларни ўзлари билан уларнинг ўртасида сулҳ ёзмоқликка чақирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сулҳнинг котиби ҳазрати Алига қарата: «Муҳаммадур росулуллоҳдан деб ёз» дедилар. Шунда қурайшликлар: «Агар биз сени Расулуллоҳ деб эътироф этганимизда, Байтуллоҳни зиёратидан тўсмаган бўлур эдик. Шунинг учун «Муҳаммад ибн Абдуллоҳдан» деб ёз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам котибга: “У айтгандек ёз”, дедилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мактубда «Расулуллоҳ» эмас, балки Муҳаммад Ибн Абдуллоҳ деб ёзилишига рози бўлдилар. Лекин бу қилган ишлари билан ўзларидаги нубувватни кетказдирганлари йўқ», дедим. Сўнгра: «Бу саволларингизга ҳам жавоб бердимми?» дедим. Улар: «Ҳа» дедилар. Сўнгра улардан икки мингтаси қайтишди. Қолганлари эса залолатларида боқий қолдилар.
(Имом Насаий ўзларининг «Сунанул кубро» китобларининг ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг хусусиятлари бобларида келтирган).
Абдуллоҳ ибни Аббос розияллоҳу анҳу билан Хаворижлар ўртасида бўлиб ўтган баҳсдан қуйидаги хулосаларни олишимиз мумкин:
Қуръони карим оятларини ҳар бир гуруҳ ёки шахслар ўзларининг манфаатлари йўлидагина ёки ғояларини қувватлашлик учунгина фойдаланишлари мутлақо нотўғри. Қолаверса, бир ёки икки ояти карима билан бирданига бирор ҳукмни чиқариш ҳам хатарлидир. Балки бир мавзу ёки ҳукмга тегишли бўлган барча ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқишлик керак. Бунга эса ҳамманинг ҳам илми, маърифати етавермайди.
«Менинг илмим етарли» деб даъво қилаётганлар эса одатда илм денгизидан бир қултум ҳам сув ичмаган саводсизлар бўлиб чиқади. Демак, бу борада улуғларимиз, мужтаҳидларимиз, фақиҳларимиз тузиб тайёр қилиб кетган қоидаларга, ҳукмларга саркашлик қилмасдан амал қиладиган бўлсак, тарихда бўлиб ўтган кўпгина фитна-фасодлардан омонда бўламиз.
Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, бир ояти кариманинг тафсирини ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишликда фойдаланганликлари туфайли чиққан фитна қанчадан-қанча улуғларни шу фитнанинг қурбонига айланишларига сабаб бўлди. Мазкур қурбонларнинг рўйхатини бошларида албатта, Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу турадилар. Энг ачинарлиси, мазкур фитна алангаси ҳалигача сўнгани йўқ. Балки ҳар замон ва макон одатига мувофиқ Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга ўхшаб фитнани бостираман, деган улуғларнинг ҳаётини ёндиришликда давом этяпти.
Зотан ҳозирги кунимизда ҳам ичимизда тарихдаги Хаворижларнинг меросхўрлари бўлмиш турли-туман гуруҳлар, ояти карималардан ўзларининг қуроллари сифатида фойдаланяптилар. Аллоҳга ҳамду саноларимиз бўлсинки, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга меросхўр бўлиб, фитналарга қарши курашаётган устозларимиз, аҳли илмларимиз ҳам кам эмас.
Аллоҳ таолодан Мусулмонларнинг бирлиги, дин ривожи йўлида ҳар қандай машаққатларга қарамасдан фитна-фасодларга қарши курашаётган барча иштирокчиларга муваффақиятлар тилаб қоламиз. Омин!
Исҳоқжон БЕГМАТОВ,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби