Исломда қўшничилик одоби
Инсоният ўзининг кундалик ҳаётида доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Исломда қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат қилади.
Барчамизга маълумки бизнинг халқларда қариндош-уруғчилик, маҳаллачилик, қўшничилик каби алоқалар қадимдан ривожланиб ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.
Аллоҳ таоло бизларга дин қилиб берган Ислом бу тўғрисида ҳам алоҳида кенг ва батафсил баён қилган. Ҳеч қайси дин бизниг динимизчалик инсон ва инсон ўртасидаги муомалаларга алохида эътибор қаратмаган.
Оиша розияллоху анхо онамиз Пайгамбаримиз саллаллоху алайхи ва салламдан «Жаброил а.с. менга қўшнилар тўғрисида шунча кўп тавсия қилдики, ҳатто мен «уни меросхўр қилармикан» деб ўйлаб қолдим», - деганларни эшитдим» деб ривоят қилганлар. Қуйда Ислом динида қўшничилик одоби ҳақида Исломий манбаъларда келтирилган маълумотларни бир қанчасини келтириб ўтамиз.
Нофеъ ибн Абдул Ҳорисдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кенг маскан, солиҳ қўшни ва ёқимли маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», - дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг саодатига сабаб бўлувчи нарсалардан учтасини зикр қилмоқдалар. Дарҳақийқат, дунё ҳаётида мана шу уч нарсага инсоннинг доимий эҳтиёжи тушиб туради. Солиҳ қўшни ҳам бахт саодат омилидир. Қўшни ҳар доим сиз билан бирга, эртаю-кеч Қўшни билан мулоқотда бўласиз. Аллоҳ асрасин қўшни ҳар куни жанжал қилиб турса, тинчлик, хотиржамлик йўқолади, турли фитналар кўпаяди.
Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзи тўқ бўлиб, қўшниси қорни оч ҳолида кунни кеч қилган бўлса, менга иймон келтирмаган бўлади», - дедилар».
Бир киши ўзига тўқ, шароити етарли, хотиржам бўлиб ўз уйида ётса, бироқ қўшнисининг ҳоли ночор бўлса, бу ҳол ўша кишининг иймони комил эмаслиги, иймонида нуқсони бор экани далилидир.
Ушбу ҳадисда ҳам Исломда қўшнининг ҳаққи нақадар улуғланиши, мўмин-мусулмонларнинг инсонларга бўлган меҳр-оқибати, муруввати, очларнинг қорнини тўйдиришга ҳаракат қилишлари, бир-бирларига ҳамиша ғамхўр бўлишлари кераклигини билиб оламиз.
Абу Заррдан розияллоху анху ривоят қилинади
«Уч нарса умуртқани синдирадиган нарсадир:
Ёмон бошлиқ, Унга яхшилик қилсанг, хурсанд бўлмайди. Ёмонлик қилсанг, кечирмайди.
Ёмон хотин. Уни эри яхши кўради. У эса, эрига ўз нафсида ва унинг молида хиёнат қилади. Эр уни талоқ қила олмайди.
Турар жойида ёмон қўшниси. Агар яхшилик кўрса, яширади. Агар ёмонлик кўрса, ошкор қилади».
Тирик жоннинг тик туришига асосан умуртқа сабаб бўлади. Умуртқаси синган инсон ўзини тик тута олмайдиган яримта одамга айланиб қолади. Бошқача қилиб айтганда, расмана одам бўлмай қолади.
Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг ўзаро алоқалари бобида уч тоифа одам ёмон бўлсалар, кишини умуртқа поғонаси сингандек ҳолатга солиб қўйиши, бошқача қилиб айтганда, одамгарчиликдан чиқариб қўйиши ҳақида сўз бормоқда.
«Қўшнисига яхшилик қилиш» деган тушунча кенг маънони ўз ичига олади. Бу энг авалло, комил мусулмон бўлишдан иборатдир. Қўшнилар билан ҳар кунги салом-аликни канда қилмаслик, кўришганда ҳам худди яқин қариндошлардай сўрашиш, ўзини салгина пастроқ тутиб муомила қилиш, иложи борича камтар бўлиш, яхши таомидан қўшнисига ҳам бериш, қўшнисига озор бериши мумкин бўлган гап-сўз ва иш-ҳаракатдан ўзини тийиш ҳам тушунилади. Зеро ҳалқимизда «узоқдаги қариндошдан ёнингдаги ёт яхши» ва яна «қўшнинг тинч – сен тинч» деган чиройли ибора ва мақоллар бор. Аллоҳ барчаларимизга қўшниларимиз билан яхши муомалада бўлмоқлигимизни насиб қилсин.
Хўжаобод тумани «Еттичинор» жоме масжиди имом хатиби М. Қосимов