Фарзандларимиз тарбиясидаги мухим омил
Одатим бўйича 10 яшар ўғлим Муҳаммадмусога Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хадис шарифларидан ўқиб бера бошладим.
Эшит ўғлим, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: - “Кимки умрим узоқ бўлсин ва ризқу-рўзим мўл бўлсин деса туғишган ака-ука, опа- сингилларини бориб кўрсин, қариндошлик ришталарини узиб қўймасин.
Бориб –келиб турган қариндош билан бориб келиш қилмоғи яхши, аммо келмаган қариндоши билан бориш-келишни тиклаган қариндош ҳақиқий силаи раҳм қилган бўлади”.
Олимларимиз - “Ака ўз синглисини кўриш учун кетаётган бўлса, олдидан буғдойзор чиқиб қолса, йўлни қисқартириш ва тезда етиб бориш ниятида буғдойзорни тўғри юриб пайхон қилиб ўтса ҳам гуноҳкор бўлмайди” деганлар.
Ўғлимнинг хўрсинганини эшитиб, ўгрилиб юзига боқдим ва ажойиб хавас, ёқимли нурни кўзларида кўрдим. Нозик лабларидан эса қуйидаги сўзлар учиб чиқди: - Эҳ, менинг синглим йўқда!,...
Беғубор қалбни меҳрибон бўлишга ўргатмоқ, унда меҳр ва мурувват кўчатларини экмоқ ҳар биримизнинг вазифамиз эканлигини хис этдим. Гўдак қалби ҳар бир яхши ва ёмон нарсани қабул қилиш қобилиятига салоҳиятли этиб яратилган.
Меҳр маълум даражада мурғак хис туйғу, уни ҳам болалар қалбида ўйғотмоқ ва тарбия этиб, вояга етказмоқ хар бир ақли расо инсоннинг одамийлик вазифасидур.
Меҳр туйғуси кўрсатилади, ўргатилади, даъват қилинади, малака хосил қилиш учун сабр ҳам қилинади.
Айтиш мумкинки, меҳр ўйғотиладиган ва ўргатиладиган хис туйғудир, уни ўйғотган одамга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин!...
“Қўшчинор” масжиди имом-хатиби: Абдумутал Отабоев