Замзам суви

Ҳожилар Маккадан ўз юртларига қайтишди. Бутун махаллада дув дув гап, “ҳожилар зиёратига борайлик, дуосини олайлик”. Маҳалла, ҳайит кунидай, кўчалари гавжум бўлди. Дўстим  Тохир икки кундан сўнг зиёратга келди. Шифохонада экан. Келди-кетди узилгач ёнбошлаб сухбат қурдик.

- Сизга замзам қуйиб берай, - 10 литрлик махсус сув идишдан бир ярим литрча қолганди, пиёлага қуйдим.
Ўрнидан туриб, қиблага юзланиб дуо қилиб ичган Тохиржон  идишнинг қолган сувига назар солди. 
- Қолгани сизга, болалар билан ичасиз, кўнглимдаги гапни сўзладим табассум билан, фақат идишни қайтарасиз-да?
- Албатта, албатта, рахмат сизга, Аллоҳим ҳажингизни қабул қилсин.
Уч кун ўтди, намоз асрда учрашиб қолдик.
- Тинчмисиз, омонмисиз, Нилуфар қизим (11 ёш)  замзам  идишини ҳар куни чайиб ичаяпти, дуо қиляпти, - деди табассум билан Тохиржон.
Очиқ чехрали дўстимнинг юзига боқиб, идиш хам сизга хадя дедим ва ўйга толдим. Уйда яна 10 литрлик лиммо лим захира сувим бор. Дўстимнинг қизи Нилуфар эса идишни чайиб қиблага қараб дуо қилиб ичяпти.
Агар унга яна бир литр  замзам бериб юборсаммикан. Аммо у беғубор қалби ихлосга тўлган қизча  замзам идишини чайиб ичганчалик рухий лаззат, рухий озуқага эга бўлармикан?!
Ёки “хожи бобомнинг сувлари кўп экан-у мен идишни чайиб ичяпман-а?”- деб ўзидан ёки мендан хафа бўлармикан. Руҳиятида ўзгариш содир бўлиб ноўрин хулосаларга бориб қолсая.
Аллоҳнинг неьматлари мўл. Ҳожилар олиб келадиган хадялар ичида энг азизи  замзам суви. Ичганида  дуо қабул бўладиган, ҳар бир дардга шифо бўлувчи мўъжизавий сув - замзам суви!!
Нилуфар қизалоқдаги беғуборлик, ихлос ва рухий ором, неьматга шукроналик мақомидан бир ажойиб дарс ўқидим.
Банда Аллоҳнинг неьматлари ҳар бирини ихлос билан, қувонч билан қабул қилса ва бу неьматдан кўпроқ неьмат борлигини эсдан чиқариб, мана шу бир қатра  замзам суви каби олдида турган неьматни кўп деб қабул этса, уни дунёга тенг дея қалби қувонса, банданинг Аллоҳга етишган мақоми мана шу мақом эмасми?!
“Сен неъматнинг  озлигига  назар солма, балки қайси зот  тарафидан ато этилаётганлигига  тафаккур  қил!”
Ожиз бандамиз. Шукроналик мақоми-беғуборлик, тўйинганлик, розилик, қувончли қалб, бойлик ва сахийлик мақоми эмасми?! Қаноатсизлик шайтоннинг макри хийлаларидан эмасми?
Озгина неьмат учун қалби беғубор қувончга тўлган инсон кўпроқ неьматга хам муносиб кишидур. “Агар шукр қилсанглар, албатта неьматимни кўпайтираман”- дейди Аллоҳ таоло Қурьон каримда.
Аллоҳ хар бир бандасига қанча неьмат беришини ўзи билади.
Аллоҳдан сўраймизки бизга берган неьматлари саноғи ёки миқдорини эмас, балким неьматларни шукрини қувонч ила топадиган умр лахзаларини кўплаб ато айласин.


“Қўшчинор” масжиди имом-хатиби: Абдумутал  Отабоев