Авлиёлар

Халқимизда  “Ободонлик  инсонлар   қалбининг  ободлигидан  бошланади” деган  деган  ажойиб  нақл  бор. Инсонлар қалби  эса озгина эътибор,  бир  оғиз  ширин  сўз, самимий табассум билан шодланади  ёки  аксинча вайрон  бўлади. Меҳрибон  бўлинг меҳр  топасиз,  яхши ният  қилинг яхшиликка   етишасиз, яъни   нимаики   қилсангиз  ўзингизга  қиласиз.

Абдулҳамид ака  юз кўзидан  меҳр  ва  табассум  ёғилиб  турадиган  инсон  эканлар. “Мен Аллоҳнинг  меҳрибонлигини  ва қудратини  доимо ҳис  этиб    юраман.   Шунинг   учун   ҳам   доимо  одамларнинг   хожатини  чиқаришда  ва  одамларга  яхшилик  қилишда  саодат  йўлларини  топдим”-  дейдилар:
Ўзим  институтда  дарс  бераман. Югур-югур  билан тушлик  булиб  қолганини  ҳам  билмай  қолибман.  Қорним  очиб чой  ичиб  келай  деб  уйга  келдим.  Келинингизга - Ҳой,  чой  дамла!    дейишга  ҳам  мадорим  йўқдай.  Ошхонага  кириб   қозонга  қарадим. Бир ярим  косадай мастава  билқиллаб  қайнаб  турибди.  Қуйиб  ичиб  қўя  қолай  десам,  ховлида  бир  мардикор  ер  ағдараяпти. На  мен   тўяман   бу  овқатга,  на у.  “Эҳ,  тўймаган  ожиз  нафсим “ - дея  оз   овқат   қилган  келинингизга  бўлган   ғазабимни  ўз нафсимга  йўналтирдим.  “Сен  нон билан чой  ичиб  қўя қол!  Ҳар  холда  мардикор  бўлса  ҳам у  меҳмон, - деб  ўз нафсимга  сабр тиладим.
- Ассалому  алейкум, хорманг! — дея  мардикор билан  омонлашиб, газга  чой  қўйдимда  дастурхон  ёзиб  нон  кавшай  бошладим. Ҳаял  ўтмасдан  дарвоза  тақиллади. Оч қорнимга  сабр  тилаб дарвозани очдим. Не  кўз  билан   кўрайки  қўшним   Муҳаммаджон   бир    тавоқ  қайноқ  чучвара  кўтариб:
- Ассалому алейкум,  қўшни, анчадан буён  кўринмайсиз, соғинтириб  қўйдингиз.  Бугун  келинингизга  “Овқатинг  мўлроқми?  Қўшним Абдулҳамид  акани кўриб  чиқай  десам,  - Вой  дадаси  овқатни  кўпроқ   қилувдим” -   дея  бир  тавоқ  сузиб  берса  бўладими, - деб жилмайиб турибдилар.
- Ва алейкум  ассалом,  қиёмат  куни  қўшнидан сўралади дейишадику, ичкарига  марҳамат, ўзим  ҳам  сизни  соғинган  эдим...”
Мен юзу  кўзларидан  меҳр  ёғилиб  турган  бу  инсоннинг  бахти унинг  иймон ва  муҳаббатга  тўла  қалбида  эканлигини,  одамларга  яхшилик  улашишида   давом  этишини  ва  хеч қачон  кам  бўлмаслигини    хис  этдим.
Бундай  қалб  фарзандларига меҳр муҳаббат  бобида   ўрнак бўлган,  мустахкам  оила   бағрида тарбия  топган,   қўни  қўшнилари  билан   меҳр оқибат қўрғонида  яшаётган  бағри  кенг, иймонли  инсондагина  бўлишини ақлимда   туйдим.  Ва  ушбу сўзларни  сизга  ҳам  айтгим келди.

“Қўшчинор” масжиди имом-хатиби: Абдумутал  Отабоев