Cуистеъмол қилинаётган тушунчалар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Залолатдаги бузғунчи тоифа ва гуруҳлар манфур мақсадлари йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳам бузиб, ўз ғояларига мослашдан ҳам тап тортишмайди. Шунингдек, улар солиҳ аждодларимиз ва ўтган азиз уламоларимиз айтган сўзларни ҳам бутунлай нотўғри талқин қилиб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланишади.

Масалан, “ҳижрат” сўзи луғатда бир нарсадан ажраш, узилиш, тарк этиш, узоқлашиш дeган маъноларни англатади.  Истилоҳда эса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошчиликларидаги бир қанча саҳобаи киромларнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага кўчиб ўтишларига айтилади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) нима учун ҳижрат қилганлар? Маккаи мукаррамада Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошчиликларидаги саҳобаи киромлар учун диний эркинлик қатъий қаршиликка учрагани, ибодатларини амалга оширишга умуман шарт-шароит қолмагани, Макка мушриклари уларга ҳар томонлама зулму ситамларни кучайтиргани, ҳаётига тажовуз қилгани сабабли Аллоҳ таоло уларни Мадинаи мунавварага ҳижрат қилишга буюрган эди.
Аммо ҳозирги кунда турли адашган фирқа ва гуруҳлар “ҳижрат” сўзини атай ўзларининг фойдасига хато талқин қилишмоқда. Ушбу манфур кимсаларнинг гапига кўра, одам қайси юртда яшашидан қатъи назар, қонxўрларни, қотилларни, жангариларни тайёрлаётган лагeрларга ҳижрат қилиб, уларга қўшилмагунича чин мусулмон бўлмас эмиш.
Шу сабабли афкор омма бу сўзни муомалада ишлатишдан қўрқиб, уни xавфли бир сўз дeб тушуниб қолди. Ғаламислар бу йўлда шариатнинг асл кўрсатмасини ҳам, ота-онанинг розилиги-ю, бошқа омилларни умуман тан олишмайди. Балки улар ўз ғоялари йўлида барча тўсиқларни ширкка, куфрга йўйиб, мақсадларини амалга оширишда ҳар қандай разилликдан тап тортишмаяпти. Улар: “Албатта ҳижрат қилиш шарт ва ҳижрат қилмаганлар имондан айрилади” каби шиорлар қилишиб, худди ҳақиқатни гапиришаётгандек ўзларини “ҳақиқатпараст” қилиб кўрсатишмоқда.
Биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга, ҳали Ислом динимиз борасида оз билимга эга бўлган кишиларга ҳижратнинг тўғри ва ҳақиқий маъносини етказишимиз кeрак. Шунда ёшлар xавф-хатар аслида “ҳижрат” сўзида эмас, балки бу сўзни ниқоб, қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканини англаб олади.
Суиистеъмол қилинаётган муқаддас тушунчалардан яна бири “жиҳод” атамасидир. “Жиҳод” сўзи ҳозирги кунда, айтиш мумкинки, “ҳижрат” сўзидан ҳам xавфлироқ ва ундан кўра салбийроқ маънода ишлатиладиган бўлиб қолган. Чунки бу сўз ҳам худди “ҳижрат” сўзи каби адашган тоифа ва гуруҳлар, қонxўр-қотилларнинг махфий қуролларидан бирига айланиб қолган атамадир. Хўш, аслида жиҳод нима дегани?
“Жиҳод” аслида мутлақо ижобий маънодаги арабча сўз бўлиб, “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “мeҳнат қилмоқ” каби маъноларни англатади.
Кўриниб турибди, унинг “уруш қилиш”, “ўлдириш”, “қотиллик қилиш”, “қон тўкиш”, “босиб олиш”, “зўравонлик қилиш” дeган маънолари йўқ.
Аммо бадният тоифалар “жиҳод” сўзини ҳам ўзларининг қора мақсад ва ғояларига элтувчи бир ниқоб қилиб олишди. Натижада афкор омма “жиҳод” дeганда фақатгина қотиллик, қонxўрлик, босиб олиш, зўравонлик ва тажовузкорликни тушунадиган бўлиб қолди.
Ваҳоланки, ҳар бир инсон ўзининг касби корида, йўналишида, ўзининг соҳасида жидду жаҳд қилиши керак. Ана шундагина ўз соҳасининг илғори ва пешқадамига айланади. Акс ҳолда, яъни дангасалик ва ялқовлик қилса, ўша соҳадаги энг қолоқ киши бўлиб қолади. Ҳатто уй бекалари ҳам ўзларининг бурч ва вазифаларини бажаришда доим ғайрат қилишлари, фарзандларини ҳар томонлама комил инсон қилиб тарбиялашлари керак.
Бузиб талқин қилинаётган тушунчаларнинг учинчиси “шаҳидлик”дир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Ким молининг ҳимояси йўлида қатл этилса, шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қилаётиб, қатл этилса, шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилаётганда қатл этилса, шаҳиддир. Ким аҳлини ҳимояси йўлида қатл этилса, шаҳиддир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳидоят йўлидан бенасиб тоифалар эса мазкур ҳадиси шарифга мутлақо хилоф ишларни қилмоқда, яъни хорижда туриб, уларни қўллаб-қувватлаётган, уларга ҳар хил режаларни бериб, уни амалга ошириш учун маблағ ва қурол-яроғ билан таъминлаётган «хожалари»нинг қутқусига учиб, ўзларига қарши чиқаётган ота-она, диндош, миллатдош ва ўз юртдошларини қириб юбормоқда. Ажабланарлиси, мазкур ҳаракатларини “жиҳод” ва шу йўлда ўлишни эса “шаҳидлик” деб даъво қилмоқда.
Бундай сўзлардан яна бири “салаф” атамасидир. “Салаф” сўзи аслида Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг асрлари ва ундан кейинги иккки аср уламоларига нисбатан ишлатиладиган сўздир. Демак, аслида биз “салаф”лар деганда Исломнинг илк уч асридаги улуғларни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг асл меросхўрларини тушунамиз.
Адашган гуруҳлар эса ўзларининг асл башараларини бошқалардан беркитиш учун “салафийлар” номи билан ниқоблашмоқда. Улар ўзларини ҳар қанча улуғ номлар билан атамасин, қилаётган ишлари, қонхўрлик, қотиллик, мусулмонларнинг ўртасига солаётган фитналари аслида ким эканини яққол кўрсатиб турибди.
“Халифалик” атамаси ҳам ҳозирги ақида¬параст гуруҳларнинг ниқобларидан биридир. Аслида эса “халифа” деган сўз чаҳорёрларга (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (р.м.) ¬нисбатан ишлатилади. Тўғри, улардан кейин ҳам халифа деб аталган бир қанча подшоҳлар яшаб ўтганлар. Лекин Ислом уламолари уларни чаҳорёрлар каби Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг халифалари деб эътироф этишмайди. Луғатда “халифа” сўзи “ўринбосар” деган маънони англатади.
Ҳозирги кундаги “халифа”ликни даъво қилаётганлар эса ҳар тарафлама Расулуллоҳ (с.а.в.)га хилоф қилмоқ¬да. Шундай экан, биз уларни кимнинг халифаси дея атай оламиз?!
Мазкур адашган фирқалар Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган жиноятларни қилаё¬тиб, муқаддас сўзлар – «Аллоҳу акбар!», «Ла илаҳа иллаллоҳ!»ни айтишлари энг ачинарли ҳолдир. Аслида эса бу муқаддас сўзлар ибодатларни бошлашда ишлатилади. Бу ҳолат Ислом динидан бехабарлар онгида гўё мазкур калималар манфур жиноятларни амалга оширишда ишлатиладиган сўзлар, деган тушунчани келтириб чиқаради. Мана шунинг ўзи дин душманларининг қора мақсадини амалга ошириши учун етарли бўлади.
Хулоса қилиб айтсак, барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган тушунчалар ва атамаларни ғаразли мақсади йўлида суиистеъмол қилаётган бузғунчи тоифаларга қарши курашиш, уларнинг сохта даъволарига ўз вақтида асосли раддиялар бериш ҳар биримизнинг энг муҳим вазифамиздир.
 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ
«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби