Бош қомусимиз ва динимиз равнақи
Мустақиллик ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёнини, туб ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Динга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди: собиқ совет тизимининг динга атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди.
Динга эътиқод қилувчи фуқаролар ҳам жамиятнинг таркибий қисми ва шу сабабли дин фуқаролик жамиятида ўз мавқеига эга.
Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи яна бир тамойил шундан иборатки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Шундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлисининг ўн тўртинчи сессиясида сўзлаган нутқида бу тамойил ўзининг ёрқин ифодасини топган: “Мамлакатимизни демократик тамойиллар, илм-фан ютуқлари, юксак технологиялар асосида модернизация қилиш билан бирга, муқаддас динимизни, миллий ўзлигимизни асраб-авайлаб яшашни мақсад қилиб қўйганмиз”.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида бу масалалар ўз ечимини топган ва у дунёдаги ривожланган мамлакатлардаги ҳуқуқий-меъёрий талабларга тўла жавоб беради. Ҳар қандай динга эътиқод қилувчи ва ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган кишилар учун бир хилдаги шартлар қўйилишини таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида, жумладан, шундай дейилади:
“Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”.
Давлатнинг динга муносабатидаги асосий хусусияти – бу диннинг сиёсатга аралашмаслиги. Зеро, ҳар қандай дин, биринчи ўринда маънавий-ахлоқий жиҳатни ўз ичига олади.
Ўзбекистон давлатининг дунёвийлик, диний бағрикенглик, барча динларга бир хилда муносабат, жамият тараққиётида дин билан ҳамкорлик қилиш хусусиятлари ушбу тамойил асосида амалга оширилади..
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун. Ушбу қонун 1991 йилда қабул қилинган бўлиб, 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлиб келди.
Давр талаблари асосида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунни тубдан ўзгартириш зарурати туғилди ва 1998 йил 1 майда у янги таҳрирда қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти таъкидлаганларидек: “Биз дин бундан буён ҳам аҳолини энг олий руҳий, ахлоқий ва маданий меросдан баҳраманд қилиши тарафдоримиз. Лекин биз ҳеч қачон диний даъватлар ҳокимият учун курашга, сиёсат, иқтисодиёт ва қонунчиликка аралашиш учун байроқ бўлишига йўл қўймаймиз. Чунки бу ҳолни давлатимиз хавфсизлиги, барқарорлиги учун жиддий хавф-хатар деб ҳисоблаймиз”.
Бироқ бугунги кунда сиёсий хокимиятга интилаётган, диний шиорларни ниқоб қилиб олган баъзи гуруҳлар Марказий Осиё мамлакатлари, айнан Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий холатга салбий таъсир ўтказишга харакат қилишмоқда. Диний экстремизм ва тероризмга қарши кураш нафақат бир давлатни балки дунё ҳамжамиятини глобал долзарб муаммосига айланган. Мамлакатимизда ҳам юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сақлаш ва бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилишини, ахоли ўртасида ваҳима-парокандалик келиб чиқишини, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштирмоқчи бўлганларга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Зайнилобиддинхон Қудратов,
Тошкент вилояти Пискент тумани
бош имом-хатиби в.в.б