Севги ва садоқат

Севги ва муҳаббат тушунчаси инсоният ҳаётидаги энг қадимги олийжаноб ҳиссиётлардан саналади. Зеро бизларнинг аввалги отамиз ва онамиз Одам ато ва момо Ҳаволар ҳам бир-бирларига муҳаббат қўйганлар. Муҳаббат тушунчаси ҳеч қачон эскирмайди ва уни янгилашга ҳам эҳтиёж йўқ.
Муҳаббат аввало бизларни йўқдан бор қилган Холиқ таолога бўлганда ҳақиқий маънога эга бўлади. Бироқ инсонлар ҳам ўзаро муҳаббатда бўлишга чорланади. Ўша инсоний муҳаббатлар ичида дўстлик муҳаббати ҳамда эркак ва аёлнинг ўзаро табиатларидан келиб чиқувчи севги муҳаббатидан иборат. Ана шу муҳаббат ҳам ҳозирги кунгача ўз қадрини йўқотмасдан давом этиб келмоқда.
Икки ёш оила қурар экан оила муҳаббат устига барпо бўлса янада гўзал бўлур. Лекин ёшлигидан севишиб, ота-оналарининг қаршилигига ҳам қарамасдан турмуш қураётган оилалар агарчи муҳаббат устига қурилса-да, негадир ҳаётда доим ҳам бахтли бўлавермайди.
Савол пайдо бўлади – нега энди оила муҳаббат устига барпо бўлса ҳам, неча йиллар бирга мактабда ўқиб, бир-бирларини билиб, синаб оила қурган бўлсалар ҳам уларнинг аксарияти узоққа бормаяпти? Нега энди шунча йилар бир-бирларини севган ёшлар орадан ҳеч қанча ўтмай кўнгиллари совимоқда? Нега энди ўзи яхши билган севгилиси ўйлаганидек чиқмаяпти?
Бунга бирдан-бир тўғри жавоб шуки – уларнинг муҳаббати фақат Аллоҳ учун эмас, балки ташқи гўзаллик ва ўткинчи ҳавасга йўғрилганлигидур. Чунки Аллоҳ учун қўйилган муҳаббат охиратга ҳам бирга боргусидур.
Айтибдиларки, бир йигит ва қиз бир-бирларига Аллоҳ учун муҳаббат қўйдилар. Йиллар давомида бир-бирларининг тақволарига ишонч ҳосил қилишди. Ниҳоят тўй яқинлашди. Йигит қизга совчи жўнатди.
Тақдирнинг тақозосини кўрингки, ўша кунлари кутилмаганда қизнинг юзларига яра тошиб, юзлари ниҳоятда хунук ҳолатга келиб қолган эди. Табибларнинг хулосаларига кўра қиз энди аввалги гўзаллигига қайтиши умуман мумкин эмас эди. Қиз совчиларни рад этди. Қанчалик оғир бўлмасин, шунча йиллик севгисидан воз кечди. “Мен энди йигит кўрган гўзалликда эмасман. Унинг интилган тимсолидан мосуво бўлдим. Шунинг учун у бошқа чиройли қизга уйлансин, чунки йигит шунга муносиб” деди.
Ноилож қолган совчилар ортларига қайтиб йигитга бўлган гапни айтишди. Йигит бу сўзларни эшитиб бетоқат бўлди ва:
- Мен унинг чиройи учун эмас, тақвоси учун севганман. Мен унинг жамолини эмас, қалбини севганман. Мен ўша севгимда собит қоламан, – деб совчиларни яни қайта юборди.
Аммо совчилар қанча уринмасин қиз таклифни сира қабул қилмади. Ожиз қолганлигидан ортларига қайтишди. Уларнинг ноумид қайтганини кўрган йигит кечаси билан нолаю фиғон қилиб, тонгга яқин кўриш неъматидан маҳрум бўлди.
Орадан бир неча кун ўтгач қиздан хабар келди. У энди йигитга турмушга чиқишга розилигини билдирган эди.
Шундай қилиб улар бирга бахтли ҳаёт кечира бошлашди. Лекин орадан бир неча йил ўтгач қиз оламдан ўтди. Йигит унинг фироғида кўзларидан қонли ёшларини тўкди. Бироқ Аллоҳ таолонинг тақдири олдида ожиз эканмиз, тақдирга тан беришдан бошқа чора топа олмади.
Аёлни дафн қилишди. Унинг ҳақига Қурон тиловатларининг савоблари бағишланиб, дуолар қилинди. Одамлар энди тарқамоқчи бўлиб турганларида йигит уларни тўхтатди. Улардан узр сўради ва шундай деди:
- Халойиқ! Мен сизлардан минг бор узр сўрайман. неча йиллардан бери кўзим кўрмай қолди деб сизларни алдаган эдим. Аслида менинг кўзларим ҳамон равшан. Фақатгина мен ёримни ҳижолатчиликдан чиқариш учун шундай қилган эдим.


Андижон вилояти бош имом хатиби: Нуриддин ҳожи Холиқназаров