Масжидда беш вақт намоздан кейин қўл бериб кўришиш ҳақида
Умуман олганда мусулмон кишиларнинг бир бирлари билан учрашганларида қўл бериб кўришишлари суннат ҳисобланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлгани ҳаммамизга маълумдир.
Аммо хусусан, намозлардан кейинги қўл бериб кўришиш борасида уламоларнинг қарашлари қуйидагича:
Бомдод ва аср намозларининг кетидан қўл бериб кўришиш Шофиъий мазҳабида мубоҳдир. Шофиъий олимларидан имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Қўл бериб кўришиш суннатдир. Ҳар сафар учрашганда қўл бериб кўришиш эса мустаҳабдир. Одамларнинг бомдод ва аср намозларидан кейин кўришишни одат қилиб олишларининг асли йўқ бўлса-да, лекин бунинг зарари ҳам йўқдир. Чунки аслини олганда қўл бериб кўришиш суннатдир. Одамларнинг бу суннатни баъзи ҳолларда қилиб, кўп ҳолларда унга бепарво бўлишлари эса уни (яъни, баъзида масжидда қўл бериб кўришишни) шариатда ворид бўлган суннат кўришишдан чиқариб юбормайди. У мубоҳ бидъатдир”. (Бу бидъатдан луғавий бидъат ирода қилинган).
Лекин бизнинг ҳанафий мазҳабимизда бомдод ва аср намозларидан кейин масжидда қўл бериб кўришишни одат қилиб олиш макруҳ, дейилган. Чунки бу амал доим қилинарверса, оддий намозхонлар намоздан кейин масжидда кўришиш ибодатнинг бир жузъи экан, бу суннат экан, деб ўйлаб қолиши мумкин. Бунда ибодат бўлмаган нарсани ибодатнинг ичига киритиб юбориш хавфи вужудга келади. Бу эса асли лозим бўлмаган нарсани лозим қилиб олишдир.
Суннатга мувофиқ қўл бериб кўришиш эса биринчи учрашган пайтда бўлади. Кўпинча одамлар намоздан олдин қўл бериб кўришмасдан, балки оғзаки сўз билан узундан-узоқ (ҳол-авҳол сўраб,) кўришишган бўлади. Сўнгра намоз ўқиб бўлишганидан кейин (масжидда жамланиб, қатор туриб олиб,) қўл бериб кўришадилар. Бу кўришиш суннатга мувофиқ кўришиш эмасдир. Лекин агар бир киши масжидга кирган пайтда одамлар намоз ўқиётган бўлишса ёки ўқишга киришаётган бўлишса, намоздан олдин улар билан кўриша олмаганлиги учун намоздан кейин улар билан қўл бериб кўришса бўлади. Аммо масжиддан чиққандан кейин ёки чиқаётиб қўл бериб кўришиш эса “мўмин кишиларнинг учрашганда қўл бериб кўришиши суннатдир” деган қавлга амал қилиш ҳисобланади. Қўл бериб кўришиш одоби аввал салом берилади, кейин қўл бериб кўришилади. Валлоҳу аълам.
Қудратуллоҳ Сидиқметов