Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир
Аллоҳ таоло барча инсонларни турли хил қилиб яратганидек, уларнинг ризқини ҳам ҳар хил тақсимлаган (Наҳл сураси,71-оят). Бу эса инсонлар учун бир имтиҳон бўлиб, улар ана шу ризққа қаноат қилиб яшашлари лозимлигига ишорадир.
Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра олмаслик каби иллатлардан холи бўлади. Дунёда хотиржам ҳаёт кечиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:
«Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки ҳақиқий бойлик кўнгилнинг тўқлигидадир», деганлар (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, қаноатли киши тақдирда ёзилган ризқига рози бўлади, чунки ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам, Аллоҳ белгилаб қўйган ризққагина эга бўлиши мумкинлигини англаб етган бўлади. Натижада ортиқча мол-дунёга хирс қўймай, борига қаноат қилиб яшайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дунёга сўнгги набий, сўнгги расул этиб юборилишлари, яъни рисолатларидан кўзлаган мақсад – ғофил қалбларнинг кўзини очишдир. Хўш, қандай қалбни кўзи очилмаган, ғофил қалб деймиз? Ғофил қалб – бу дунёда кафолати бериб қўйилган ризққа интилиб, охиратда ҳисоб-китоб қилинадиган амалларга эътиборсиз қалбдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло яратган ҳар бир бандасининг, ҳар бир махлуқотининг ризқини кафолатлаб қўйиб, уларни фақат тоат-ибодатга буюрган. Демак, банда тақдири азалда битиб қўйилган ризқига қаноат қилиб, тоат учун саъй-ҳаракат қилмоғи зарур. Ризқига қаноат қилган инсонгина дунёга алданмай, охират диёрини обод қилиш учун ҳаракат қила олади.
Қаноат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари барчамиз учун катта ибратдир. Маълумки, у зот алайҳиссалом ўзлари ва оила аҳллари учун оддий ва камтарона ҳаёт тарзини ихтиёр этган эдилар. Ваҳоланки, бу тўкин ҳаёт кечириш имкониятлари йўқлигидан ёки ноилож қолганларидан эмас, балки фақирона кун кўришни афзал билганларидандир. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак сўзларининг бирида «Фақирлик мен учун фахрдир», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ёстиққа бош қўйган азвожи мутаҳҳаралари, гўё қаноатсизлик қилиб, у зотдан тоқатларидан ортиқ нарсани талаб қилганларида Аллоҳ таоло «тахйир» (ихтиёр, танлаш) оятини нозил қилди: «Эй Набий, жуфти ҳалолларингга айт: «Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини истасангиз, сизларни баҳраманд қилай ва чиройли тарзда бўшатиб қўяй. Агар Аллоҳни ва Унинг Расулини ва охират диёрини истасангиз, албатта, Аллоҳ сизлардан яхши амал қилувчилар учун буюк ажр тайёрлаб қўйган» (Аҳзоб сураси, 28-29-оятлар). Шунда улар Аллоҳнинг ризосини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшашни афзал билиб, охиратни ихтиёр этганлар ва борига қаноат қилиб, барча муслима аёлларга ўрнак бўлиб ҳаёт кечирганлар.
Демак, аёллар ўз эрларидан, фарзандлар эса ота-оналаридан уларнинг тоқатлари етмайдиган нарсани талаб қилмасликлари, балки борига қаноат қилиб, шукр ва сабр билан ҳаёт кечиришлари даркор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа эга бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ нажот топибди» (Имом Муслим ривояти).
Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга ва бу улуғ неъматнинг шукрини доимий тарзда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга, мусулмонларни охиратни деб дунёни тарк қилмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради (Қасос сураси, 77-оят). Лекин дунё топиш учун ҳаром йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, қаноатли бўлиш даркор.
Салафларимизнинг солиҳа аёллари ва қаноатли фарзандлари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётган оталарини: «Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун уйга ҳаром ризқ олиб келманг!» деб кузатар эканлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Кимки муҳтож бўлиб қолиб, эҳтиёжининг қондирилишини одамлардан умид қилса, унинг эҳтиёжи ҳеч қачон қонмайди. Кимки эҳтиёжини Аллоҳдан сўраса, Аллоҳ унинг эҳтиёжини эртами-кечми, албатта қондиради», деган мазмунда ҳадис ворид бўлган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни сабрли, қаноатли бандаларидан қилсин.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби