Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳалол нарса

Турмуш қурган ва турмуш қуриш арафасида бўлган ҳар бир мусулмон фарзанд никоҳ-талоқ масалаларидан хабардор бўлиши шартдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деганлар. Зеро, шариатимиздаги никоҳ-талоқ масалалари ҳам алоҳида бир илмларнинг мажмуасидир.
«ТАЛОҚ» сўзи луғатда бўшатиш, қўйиш деган маъноларни, шаръий истилоҳда эса эр-хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади.

Ислом шариати таълимотида гарчи баъзи ҳолатларда талоқ қилишга ижозат берилган бўлса-да, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам талоқ беришни Аллоҳ ёқтирмаслиги айтилган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга ёқимсизи талоқдир», деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари).
Демак, Аллоҳ таоло талоқ лафзининг ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб, пароканда бўлишини хоҳламайди. Шунинг учун Қуръони каримда ҳар қандай ҳолатда ҳам никоҳни сақлаб қолишга, оилани бузмасликка буюриб:
«Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки), балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин», деган (Нисо сураси, 19-оят).
«Талоқ» сўзи тилга олинган вақтда Аллоҳнинг Арши ларзага келиши ҳақида ҳам ҳадиси шарифда айтилган.
«Талоқ» сўзининг маъносини тушунмай, ҳуда-беҳудага айтавериш гуноҳ саналиши билан бирга, бундай талоқ шариатда эътиборга олинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий; талоқ, никоҳ ва итоқ (яъни қул озод қилиш)», деганлар. Мазкур ҳадиснинг мазмунига қараганда, талоқ масаласида ҳазил қилиш ярамайди. Айниқса ёшларимиз шуни яхши билсинларки, ҳазиллашиб айтилган талоқ ҳам шариатда эътиборга олинади.
Маълумки, эркак киши аёл кишига қараганда табиатан босиқ, мулоҳазали, жаҳли чиққанда ўзини тута оладиган бўлгани боис, талоқ бериш ҳуқуқи эрга берилган. Қуръони каримда бунга: «...Никоҳ ўз ихтиёрида бўлган киши...» деб ишора қилинган (Бақара сураси, 237-оят). Албатта, оила бошлиғи бўлиш, ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаш, оиланинг шаънини сақлаш эркаклар учун ҳам шарафли ва ҳам масъулиятли бурчдир. Шундай экан, эркаклар ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилмасликлари, ажралиш ниятлари бўлмаган тақдирда ҳам «талоқ» сўзини айтмасликлари лозим.
Тилга эрк бериб, талоқ сўзини айтиш номақул ишлардан бўлиб, уни айтган киши Раҳмоннинг ғазабини келтирган, шайтонни хурсанд қилган бўлади. Ривоятларда айтилишича, ҳар тонгда шайтон ўз малайларини одамлар орасига юбориб, куннинг охирида уларнинг кун бўйи нима иш қилганлари бўйича ҳисобот олар экан. Шундай кунларнинг бирида малайлардан бири: «Мен бугун икки дўст орасида низо чиқариб, уларни бир-бирига қайраб, душманга айлантирдим», дебди. Бошқаси: «Мен ака-укани юзкўрмас қилиб юбордим», дебди. Учинчиси: «Мен эса икки кишини уруштирдим, оқибатда бири иккинчисини ўлдирди», дебди. Шу тариқа ҳаммалари ўз қилмишларини айтиб беришибди. Шунда шайтон уларга: «Сенлар мақтанишга арзигулик ҳеч қанақа иш қилмабсанлар», дебди. Шу вақт малайлардан бири: «Мен бугун тинч-тотув яшаётган бир оиладаги эр-хотиннинг орасига тушиб, эрни хотинга қайраб, унга «талоқ» сўзини айттирдим», дебди. Шунда шайтон: «Ҳаммасидан ҳам сенинг ишинг мақтовга лойиқ бўлибди», деб уни ёнига ўтирғизиб, иззат-икром кўрсатган экан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинч-тотув ва фаровонликда ҳаёт кечиришимизни бардовом қилсин.


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби